Линклар

Сўғдда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши кўпайди

  • Гулнора Равшан

Жонига қасд қилган сўғдликларнинг ҳаммаси, маълумотларга кўра, ўзини дорга осиш йўли билан ҳаётдан кўз юмган.

Жонига қасд қилган сўғдликларнинг ҳаммаси, маълумотларга кўра, ўзини дорга осиш йўли билан ҳаётдан кўз юмган.

Биргина ўтган ҳафтада Тожикистон шимолидаги бу вилоятнинг турли туманларидан бўлган ўн нафар аёл ўз жонига қасд қилди.

Айни шом палласида, яъни ҳамма дастурхон атрофида тўпланаётган бир вақтда Қайроққум шаҳрининг Косонсой маҳалласида яшаб келган 19 ёшли қиз оғилхона ичкарисида олдиндан ҳозирланган дорга ўзини осди ва шу йўл билан ҳаётига нуқта қўйди.

Бундай мудҳиш воқеа ўтган ҳафтада Сўғд вилоятининг Шаҳристон, Истаравшан, Ашт, Мастчоҳ ва Зафаробод туманларида ҳам қайдга олинди.

Сўнгги бир ҳафта давомида жами ўн нафар сўғдлик ўз жонига қасд қилди. Худкушликка қўл урганлар 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган қиз ва жувонлардир. Бу борада оммавий ахборот воситаларига маълум қилган Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, жасадларда мажбурий ўлим аломатлари топилмаган. Уларнинг деярли ҳаммаси ўзини дорга осиш йўли билан ҳаётдан кўз юмгани айтилди.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари бундан ортиқ тафсилотлар берилмаслигини билдирди.

Айни пайтда вилоят ҳукуматининг тегишли идоралари расмийлари Сўғд ҳудудида аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпаяётганидан ташвиш билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йил давомида Сўғд вилояти бўйича 235 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати расман қайдга олинган. Вилоят ички ишлар бошқармаси расмийси Шариф Назаровнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари мутахасмислари ва шифокорлар олиб борган тадқиқотлар натижасида улардан 57 нафари руҳий хасталик туфайли ва яна етмишга яқини эса оилавий можаро ортидан ўз жонига қасд қилгани аниқланган. Қолган ҳолатлар эса ҳозирча аниқланмагани айтилди.

Мавзу юзасидан ўз жонига қасд қилган аёллар яқинлари билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Гарчи тожик жамиятида ўз жонига қасд қилиш сўнгги йиллар аёллар орасида оддий ҳол бўлиб қолаётган бўлса-да, худкушларнинг яқинлари буни ўз оиласига иснод деб билгани учун воқеа тафсилотлари юзасидан матбуотга гапиришни истамайди.

Мустақил таҳлилчилар ва жамиятшунослар аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига бир томондан мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий оғир аҳвол, бошқа томондан эса кўп оилаларда аёлга нисбатан зўровонлик ҳолатларининг тез-тез учраб туришини сабаб қилиб кўрсатади.

- Сўнгги пайтлар аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига биринчи галда мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий аҳволнинг тобора ёмонлашаётгани сабаб бўлмоқда. Ундан ташқари, бунга оилада аёлнинг етарлича ҳурмат-иззат қилинмаётгани ҳам таъсир этаяпти. Масаланинг бошқа томони айрилиқ ҳижрони. Яъни Россияга кетиб, ўша ёқда бошқа аёлга уйланиб қолиб кетганларнинг аёллари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез қайдга олинмоқда. Чунки учта-тўртта бола билан қолган аёл ишсизлик ва йўқчилик боис бу болаларни боқа олмайди. Эртанги кунга ишончи йўқолади, натижада ўзини ўлдириш билан муаммога ечим топмоқчи бўлади, - дейди жамиятшунос Баҳодир Аъзамов.

Жамиятшунос мулоҳазасича, жамиятда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига бутунлай чек қўйиш имконсиз иш, лекин жойларда аёлларга психологик ва вақтинчалик моддий ёрдамлар кўрсатиш билан бу иллатнинг камайишига таъсир қилиш мумкин.

Кузатувларга кўра, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Тожикистон шимолида яшовчилар орасида кўпроқ қайдга олинмоқда.

Тожикистонлик руҳонийлар бунинг сабабини бу ҳудуд аҳолисининг диний эътиқоди заифлигида, деб билади.

Ашт туманида яшовчи диндор Собит Мадалиев ўз кузатувлари билан ўртоқлашар экан, бу фикрларни қувватлашини айтади.

- Дарҳақиқат, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари жанубий тожикистонликларга қараганда шимолий тожикистонликлар орасида кўпроқ ва тез-тез қайдга олинаяпти. Хусусан, сўнгги икки йилда бу нарса аёллар орасида авж олди. Чунки Сўғд вилояти аҳолисида динга эътиқод суст. Ўз-ўзини ўлдириш Исломда катта гуноҳ экани ва бунинг учун ҳатто жаноза буюрилмаслигини аксарият билмайди. Шуни назарга олган ҳолда, Сўғд вилояти ва Ашт тумани ҳукуматларига бир неча марта ҳамкорлик қилиш, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришни таклиф қилдик. Бироқ, у тараф бу таклифларимизни тўғри қабул қила олмади, - дейди сўғдлик диндор Мадалиев.

Мавзу юзасидан биз билан ўзаро суҳбатлашган сўғдликлар эса: “Жамиятда худкушлик ҳолатларининг кўпайиб бораётганига одамлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, бир-бирига бўлган ишонч йўқолаётгани сабаб бўлаяпти”, деган фикрларни билдирдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG