Линклар

Ўзбекистонда Россия президенти сайлови бўлиб ўтди


Ўзбекистондаги Россия элчихонаси ўтказган сайловда 600 нафар Россия фуқароси иштирок этди.

Ўзбекистондаги Россия элчихонаси ўтказган сайловда 600 нафар Россия фуқароси иштирок этди.

Ўзбекистонда яшаётган россияликлар муддатдан олдин Россия президенти сайловларида иштирок этдилар. Сайловчилар орасида Путин ва Прохоров тарафдорлари кўплиги айтилмоқда.

19, 25 ва 26 феврал кунлари Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Олмалиқ, Андижон, Зарафшон, Навои, Самарқанд, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарларида муддатдан олдин президент сайловлари ўтказилди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси пресс-атташеси Сергей Ткаченко Ўзбекистонда ўтказилган дастлабки сайлов натижалари 4 март куни эълон қилинишини маълум қилди.

- Тошкентдаги элчихонада сайлов 4 март куни бўлиб ўтади. Олдин ўтказилган сайловлар урналари муҳрланган ҳолатда ёпиқ кабинетда сақланмоқда. Урналар 4 март куни соат 20:00 дан кейин очилади ва ўшанда натижалар кузатувчилар олдида эълон қилинади, деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий ходими Сергей Ткаченко.

Россия элчихонаси ходимининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқроқ россиялик истиқомат қилади ва ўтган якшанба куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган Россия Президенти сайловларида улардан 600 дан зиёдроғи овоз беришда иштирок этган.

26 феврал куни Андижон шаҳрида ҳам сайлов бўлиб ўтди. Уни ўтказишда бевосита иштирок этган Андижон вилояти рус маданий маркази раҳбари Алексей Петров Ўзбекистонда овозларнинг асосий қисми Владимир Путинга тегади, деган фикрда.

- Андижон вилоятимизда Россия фуқаролари истиқомат қилади. Ўтган якшанба, 26 феврал куни, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муддатдан олдин Президент сайловларини ташкил этди. Улар Андижон ва Фарғонага келишди. Бизга алоҳида хона ажратилди, барча керакли жиҳозлар билан таъминланди. Сайловчиларнинг кўпчилиги Путинга овоз берганини айтишаётган эди, яна билмадим, натижалар 4 март куни эълон қилинар экан, деди Андижондаги рус маданий маркази вакили Алексей Петров.

Ўзбекистондаги Россия фуқароларининг асосий қисми Тошкент шаҳри ва вилоятида яшайди.

Тошкент вилоятида яшаётган Россия фуқаролари Озодлик билан суҳбатда миллиардер олигарх Михаил Прохоровга овоз беришларини айтишмоқда.

Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати собиқ экскаваторчиси, ҳозирда Тошкентда яшаётган Миниборий Валиев Михаил Прохоровнинг ашаддий тарафдорларидан биридир. Олдинги сайловларда Владимир Путинга ва кейинчалик Дмитрий Медведевга овоз берган Валиев икки собиқ президент унинг ишончини оқламаганини айтади.

- Чунки ёшларга йўл бериш керак. Бу қариялар Совет давридан бери жонга тегди. Тўғри, Путин яхши дейлик, лекин биз учун бирор янгилик ёки ўзгариш қилингани йўқ. Биз унутилганмиз бу ерда. Русларга ҳеч қаерда ҳурмат қолмади. Бизни ҳама жойда турткилашади, ваҳоланки барча атрофимиздаги давлатлар бизнинг ҳисобимизга тирикчилиги ўтиб турибди. Бу ердаги россияликлар эса ўзи билан ўзи овора, тирикчилиги ўтиб турса бўлди. Масалан, мени мутлақо асоссиз ишдан бўшатиб юборишди ва мен кимга ўз ҳақларимни ҳимоя қилиш талаби билан мурожаат қилишни ҳам билмайман, дейди Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати собиқ экскаваторчиси, ҳозирда ногирон Миниборий Валиев.

Унинг сўзларига кўра, комбинатда умуртқасидан жароҳат олганидан кейин бирор моддий ёки тиббий ёрдамсиз у асоссиз ишдан бўшатиб юборилган. Валиев Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан тортиб маҳаллий суд инстанцияларигача қилган мурожаатлари жавобсиз қолганини қўшимча қилди.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Путин ҳокимияти даврида Россиядан ташқарида яшаётган руслар ва россияликлар мутлақо ҳуқуқсиз қатламга айланиб қолганини гапиради.

- У ерга кетиб азобда юрганлар қанча, ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти, уй-жойли бўлиб яшаётганлар деярли йўқ. Бу ерда россияликлар ташлаб кетилган, доимий таъқиб остида, у ерга кетса ҳам шу аҳвол. Россияда ҳатто фуқаролар ҳақлари ҳимояси масаласи мутлақо кўтарилаётгани йўқ. Медведев даврида ҳам биз ҳимоя остида эканимизни мутлақо ҳис этмадик. Путин ёзаётган мақолаларда мавҳум фикрлар беримоқда, қуруқ сафсата. Шу сабабли мен бу ерда учратган россияликларнинг асосий қисми Прохоровга овоз беришларини гапирмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолининг Озодликка айтишича, Россия ҳукумати катта дабдаба билан эълон қилган Ватандошларни кўчириш дастури мутлақо натижа бермаган ва ундан деярли ҳеч ким фойдалана олмаган.

Тошкентдаги Россия элчихонасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 4 март кунги Россия президенти сайлови элчихонанинг ўзида соат 8 дан 20 гача давом этади ва унда 18 кирган Россия фуқаролари иштирок этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG