Линклар

logo-print
Маданият

“Оскар”ни қозонган илк мусулмон филми


Эронлик киночи АҚШ киноакадемиясининг олий мукофотига сазовор бўлгани кино олами учун кутилмаган янгилик бўлди, дейди киномунаққид Андрей Плахов

Эронлик киночи АҚШ киноакадемиясининг олий мукофотига сазовор бўлгани кино олами учун кутилмаган янгилик бўлди, дейди киномунаққид Андрей Плахов

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” ("Жудоии Нодир аз Симин") филми Америка киноакадемиясининг бош соврини “Оскар”ни қозонган илк мусулмон филми бўлди.

Эронлик киночи Асқар Фарҳодий (Asghar Farhadi) суратга олган ва илк титрда Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим деб бошланадиган филм АҚШ киноакадемиясининг энг яхши чет эл филми номинациясида “Оскар”га лойиқ кўрилди.

Мукофотни олиш чоғида Асқар Фарҳодий ўз ҳаяжонини форсийда икки жумла билан ифода этди:

- Мен бу мукофотни мени етиштирган ва дунë маданияти қадриятларини хурмат қиладиган халқимга бағишлайман, дер экан Фарҳодий ўз чиқишини томоша қилаëтган дунëдаги барча эронликларга мужда йўллади.

Асқар Фарҳодий "Оскар" мукофотини топшириш маросимида.

Асқар Фарҳодий "Оскар" мукофотини топшириш маросимида.

Эронлик эр-хотиннинг ажралиши ҳикоясини тасвирлаган бу филм Оскар мукофотига номзод бўлган бешта хорижий филмдан бири бўлди.

Канада, Белгия, Полша ва Исроил киночилари суратга олган филмлар ҳам энг яҳши чет эл филми номинациясида номзод бўлди.

Мукофотнинг Исроил киночисига эмас балки Эрон киночисига берилгани кино ва сиëсат оламида турли миш-мишларни урчитди.

Сиëсий қарор?

Москвалик киномунаққид Шариф Шукуровга кўра, АҚШ кинокадемиясининг кимга соврин бериши борасидаги қарори доимо сиëсий об-ҳаво таъсирида ҳал бўлиб келади.



Таниқли киномунаққид Андрей Плахов бу филмнинг "Оскарга" мутлақ лойқилигини алоҳида таъкидлади.

- АҚШ киноакадемиясининг бу қарори кутилмаган бўлди. Лекин инсоф билан айтсак, бу филм бу мукофотга лойиқ. Мен бу номинациядаги барча филмларни диққат билан томоша қилиб шундай ҳулосага келдим, дейди киномунаққид Андрей Плахов

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” филми ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи, журналист Қудрат Шоҳидийга кўра, филм ҳақиқатда ҳам бундай юксак совринга лойиқ.

- Бу фақат менинг фикрим эмас. Мавзуси сиëсий бўлмаган бу филм, бадиий савия нуқтаи назаридан шундай юксак мукофотга лойиқ. Кейинги бир йил ичида бу филм 60 дан зиëд мукофот олди. Агар эътибор берган бўлсангиз машхур киночи Вуди Алан ҳам бу кино ҳақида жуда ижобий фикр билдирди.

Шоҳидийга кўра, бу филм 2010 йил Эронда суратга олинган ва Эрондаги энг обрўли "Фажр" кинофестивалининг бош соврини “Биллур Семурғ” мукофотини олган.

- Бу филм Эрондаги кинотеатрларда ҳеч қандай чекловларсиз намойиш қилиняпти. Уни яратган киночи Асқар Фарҳодий Теҳронда рафиқаси ва қизи билан истиқомат қилади, дейди Шоҳидий.

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” кинофилми Эрон маданияти ва исломий қадриятлар вазирлиги тарафидан тақиқланган деган гаплар бор бунга нима дейсиз деб савол бердик суҳбатдошга:

- Эрондаги тартибга кўра, кино олишдан олдин лицензия олинади. 2010 йилда бу кино учун лицензия берилган. Сал ўтмай сценарийдаги баъзи диалоглар мулозимлар эътирозига сабаб бўлиб, лицензия қайтариб олинган. Кино муаллифи мулозимларга ўз кўз қарашлари тўғрилигини исбот қилганидан кейин лицензия қайтиб берилган. Бу бир иш жараëни, бу жараëнга урғу бериб бу кино Эронда таъқиқ остида дейиш нотўғри.

Шоҳидий сиëсат ва танқиддан кўра инсоний муносабатларга кўпроқ ўрин берилган филм “Оскар” олган илк мусулмон филми сифатида тарихга кирди, дейди.э

"Биллур Семурғ", "Олтин айиқ", "Олтин глобус" ва "Оскар"

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” филми ўтган йили Берлин кинофестивалининг бош соврини “Олтин айиқ”ни қозонган эди, кейинроқ эса “Олтин глобус”га лойиқ топилди.

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” филми бир йил ичида 60 дан зиёд мукофот олди.

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” филми бир йил ичида 60 дан зиёд мукофот олди.

Бу фестиваллар дастурида филмни томоша қилган ўзбек киночиси Али Ҳамроев назарида Асқар Фарҳодий катта маънодаги киносеҳргардир.

- Мен одатда кинога танқидий ëндошаман, аммо бу филм ҳар тарафдан мени мафтун қилди. Бу кино АҚШ-Эрон муносабатлари боис, конъюнктура андишасида мукофот олди деган гапларга қўшилмайман.

Кино томошабин юрак торларини чертувчи ҳассос туйғуларга асосланган. Кино эса биринчи галда эмоционал ҳодиса. Мен киночи Асқар Фарҳодийни яҳши асар яратгани билан ва АҚШ киноакадемиясини эса тарафсиз қарор қабул қилгани билан табриклайман.


Жон чекмагунча жонона қайда ëки “Оскар”сиз ўзбек киноси

Бир шарқ киночисининг “Оскар” олганини телевизорда кўриб хурсанд бўлдим дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулчехра Жамилова.

- Мана бўларканку. Шарқ киночилари ҳам шунақа соврин олиши мумкин экан деб севиндим. Иккинчи тарафдан ўзбек киночиларининг савиясиз филмлари Тўйтепадан нарига ўтмаëтганидан ҳафа бўлдим, дейди халқ артисти.

“Нодирнинг Симиндан жудолиги” филми 16 йил бир ëстиққа қўйган эр-хотин ажралиши билан боғлиқ ҳиссиëтлар ҳикоясидир.

Мелодрама жанридаги бир филмнинг бу қадар муваффақият қозониши бежиз эмас дейди Гулчеҳра Жамилова:

- Мен суратга тушган “Ўтган кунлар” филми ҳам мелодрама эди. Отабек ва Кумуш можароси. Аммо қаранг қанақа машхур бўлди. Савиясиз катта гаплар ва сиëсий пропагандадан кўра инсонинг самимий муносабатлари томошабинга қизиқ. Афсус бу ҳақиқатни ўзбек киночилари тушуниб етишмаяпти. Эркинлик йўқ, цензура дейишади, пул йўқ дейишади. Нима Эронда бунақа муаммолар йўқ эканми. Муаммони енгиб ўтган ижодкоргина мукофотга лойиқ, жон чекмагунча жонона қайда, дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулчехра Жамилова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG