Линклар

“Шўртаннефтегаз” мулозими ўз жонига қасд қилди


Соат Абашов суднинг ўзига нисбатан ҳибсга олиш санкциясини берганини эшитгач ўзини иккинчи қаватдан ташлаб юборган.

Соат Абашов суднинг ўзига нисбатан ҳибсга олиш санкциясини берганини эшитгач ўзини иккинчи қаватдан ташлаб юборган.

“Шўртаннефтегаз” унитар шўъба корхонасининг директори ўринбосари Соат Абашов Қарши шаҳар судининг иккинчи қаватидан ўзини ташлаб юбориб, нобуд бўлди.

Жорий йилнинг 22 феврал куни “Шўртаннефтегаз” унитар шўъба корхонасининг Режим бўйича бошлиқ ўринбосари Соат Абашов Қарши шаҳар жиноят ишлари бўйича суди биносининг иккинчи қаватидан ўзини ташлаб юборган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбага кўра, Қашқадарё вилояти МХХ тергов изоляторида 12 кун давомида ҳибсда ушлаб турилган Соат Абашов ўша куни Қарши шаҳар судига олиб келинган.

Манбанинг айтишича, судя Абашовни қамоққа олиш бўйича санкция бериш қарорини эълон қилгач, Абашов милиция ходимларини чалғитиб, суднинг иккинчи қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган.

"Абашов оғир аҳволда Вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига келтирилган ва ёрдам кўрсатилган. Лекин фойдаси бўлмай шу куни шифохонада вафот этди” дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган манба.

Қашқадарё вилоят шошилинч тез тиббиёт ёрдам маркази ходимлари Озодликнинг бу ҳақдаги сўровига, узоқ текширувлардан кейин, 22 феврал куни Соат Абашов исмли бемор шифохонага тушмаганини маълум қилишди.

“Шўртаннефтегаз” унитар шўъба корхонасининг ўзини таништирмаган ходимаси Режим бўйича раҳбар ўринбосари Абашовнинг вафот этганини тасдиқлади.

- Абашов Соат раҳматли бўлган. Яқинда ўлган. Бошқа ҳеч нарса гапира олмайман,- дея телефон гўшагини қўйиб қўйди “Шўртаннефтегаз” ходимаси.

Озодликка маълум бўлишича, Соат Абашов жорий йилнинг 10 феврал куни корхонада ўтказилган махсус рейд натижасида ҳибсга олинган.

Маълум сабабларга кўра исми-шарифини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, 10 феврал куни Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати томонидан “Шўртаннефтегаз” корхонасида махсус рейд ўтказилиб, йигирмадан зиёд шахс ҳибсга олинган.

“Шу куни юзларига ниқоб таққан, қуролланган махсус хизмат зобитлари (айтишларича, бу МХХнинг 7-бўлими ўтказган "Бургут" номли операцияси бўлган) томонидан йигирмадан зиёд шахс пора олиш, пора бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, қўлга олинди ва Қашқадарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати тергов изоляторига ташланди” деб маълум қилди Озодлик манбаси мактуб орқали.

22 феврал куни Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича суди “Шўртаннефтегаз”нинг ҳибсга олинган ходимларини қамоққа олиш бўйича санкция бериш масаласини кўриб чиққан.

Шу куни суд 11 кишини қамоққа олиш бўйича санкция берган, бошқа ҳибсга олинганлар эса қўйиб юборилган.

Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича судининг ўзини таништирмаган судяси “Шўртаннефтегаз” ходимларига санкция берилганини тасдиқлади. Бироқ судя бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Озодлик манбасига кўра, суд санкцияси берилганлардан беш нафари “Шўртаннефтегаз” корхонасининг мансабдор шахсларидир.

Манбанинг айтишича, “Шўртаннефтегаз” корхонаси раҳбари Илхом Норчаев ҳам 10 феврал куни ҳибсга олинган, бироқ сўроққа тутилгач, 3 соатдан кейин қўйиб юборилган.

“Шўртаннефтегаз” унитар шўъба корхонаси маъсуллари ҳибсга олишлар билан боғлиқ вазиятни изоҳлашни хоҳламади.

"Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компаниясининг шўъба корхонаси бўлган "Шўртаннефтегаз" мамлакатдаги энг йирик газ қазиб чиқариш корхоналаридан биридир.

"Шўртаннефтегаз"нинг йиллик газ ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 15 милиард куб метрни ташкил қилади. Бу мамлакат бўйича йиллик газ ишлаб чиқаришнинг тўртдан бирига тўғри келади.

Ҳозирда "Шўртаннефтегаз" 7 та нефт ва 4 та газ конденсати конларидан фойдаланмоқда.

Шунингдек, корхона 175 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

Uzinform ахборот портали маълумотига кўра, “Шўртаннефтегаз”нинг ишлаб қувватини ошириш учун 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG