Линклар

logo-print

Нави Пиллай Сурия ҳукуматини ўт очишни тўхтатишга чақирди


БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Н. Пиллай.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Н. Пиллай.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг фавқулодда сессиясида Сурия бўҳрони муҳокама қилинмоқда. Кенгаш раҳбари Сурия ҳукуматини инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 28 феврал куни Женевада бошланган фавқулодда йиғилишида сўзга чиққан Кенгаш раҳбари Нави Пиллай Суриядаги вазиятни “аянчли” дея бахолади.

- 2011 йил ноябр ойидан бери Сурияда инсон ҳуқуқлари аҳволи сезиларли ёмонлашди. Ҳукумат аҳолини ҳимоя қилиш вазифасини бажара олмаяпти. Ҳукумат кучлари инсон систематик тарзда поймол этиб келаётгани ҳисоботларда қайд этилмоқда. Инсониятга қарши жиноятларга тенг бўлган бундай жиноятлар содир этилганидан ҳукуматнинг энг юқори даражали расмийлари бехабар бўлиши мумкин эмас,- деди Нави Пиллей.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Сурия Президенти Башар Ал-Ассадни инсонпарварлик мақсадида дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Айни пайтда, Нави Пиллай Сурия режимини мустақил халқаро кузатувчилар ва ёрдам кўрсатувчи гуруҳларнинг мамлакатга киришига рухсат беришга ундади.

Сурия делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг фавқулодда сессияни “бефойда муҳокама” деб уни тарк этди.

47 давлат аъзо бўлган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашнинг фавқулодда йиғилишда Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши 11 ойдан бери давом этаётган оммавий намойишлар ҳукумат кучлари томонидан шавқатсиз бостирилаётгани ва инсон ҳуқуқлари мунтазам поймол этиб келинаётганини қораловчи резолюция қабул қилиниши кутилмоқда.

Йиғиндан олдин Сурия ва Эрон резолюция лойиҳасига қарши овоз беришини билдирди. Россия ҳам ҳужжатга қарши овоз бериши мумкинлигини маълум қилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женева шаҳридаги фавқулодда сессияси Туркия, Қатар, Кувайт ва Саудия Арабистони таклифига биноан Европа Иттифоқи ва АҚШ қўллаб-қувватлаши билан бўлиб ўтмоқда.

28 феврал куни мухолифат фаоллари Сурия армияси кучлари Ҳомс шаҳрининг исёнчилар назоратида бўлган Баба Амр мавзесига бостириб киргани ва шаҳарни артиллериядан ўққа тутиш давом этаётганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, Баба Амрда яраланган Франциянинг Le Figaro нашри мухбири Эдит Бавиер ва Британиянинг Sunday Times газетаси фотомухбири Пол Конвой Ҳомс шаҳридан Ливанга яширинча эвакуация қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG