Линклар

Ленинград вилояти Тосно туманидаги Коркино қишлоғида жойлашган корхоналардан бирида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари орасида келиб чиққан муштлашув оқибатида 3 киши касалхонага тушди.

27 феврал куни соат 22:40 ларда Ленинград вилояти Тосно туман марказий шифохонасига пичоқланган икки нафар Ўзбекистон ва бир нафар Тожикистон фуқароси олиб келинган.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Тосно туман Ички ишлар бошқармаси навбатчисининг сўзларига кўра, Коркинодан икки километр нарида жойлашган корхоналардан бирида ўзбек ва тожик муҳожирлари орасида жанжал келиб чиққан.

“Жанжалда иштирок этган барча мигрантлар полиция бўлимига тафтиш учун келтирилган”, дейди полиция навбатчиси.

- Улар Любавино милиция бўлимига олиб келинди. Муштлашганлар орасида шифохонага ётқизилганлар ҳам борлигини тасдиқлайман. Ўзбекистоннинг икки фуқароси, тожиклардан бири кома ҳолатида ётибди. Биз воқеада, ким нимада айбдорлагини тафтиш қиляпмиз. Шифохонадаги ўзбеклар оғир аҳволда эмас, уларнинг ҳаётига хавф йўқ. Ўзбек ва тожикларимиз орасида жанжал келиб чиққан экан. Расмий хулоса тергов тугуганидан кеийн эълон қилинади, деди полиция ходими.

Тосно туман шифохонасидан олинган маълумотларга кўра, 23 ёшли ўзбекистонлик меҳнат муҳожири кўкрагидан пичоқланган, унинг 31 ёшли ҳамюрти қорнидан чавақланган. Ҳозирча кимлиги аниқланмаган 40 ёшлар атрофидаги яна бир мигрант бош миядан оғир жароҳатлангани ва ҳозирча ҳушига келмагани айтилмоқда.

Тосно туман полицияси мазкур ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишларини давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG