Линклар

Юлдуз Усмонова 114-рақамли лицензия асосида "Дилафрўз" ресторанида концерт беради деган афишалар Самарқанд кўчаларида пайдо бўлди.

Самарқанддаги “Дилафрўз” ресторанида шу йилнинг 6 март куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концерт беради.

Бу ҳақда Озодлик радиосига концерт ташкилотчиси Шерзод Ҳакимов маълум қилди.

Концертга атаб чоп қилинган афишада Юлдуз Усмонованинг қўшиқ ижро этишга изн берувчи лицензия рақами ҳам келтирилган.

Бу холатдан Юлдуз Усмонованинг концерт фаолиятига шу кунларда чеклов йўқ деган хулоса чиқади.

Кейинги икки йил мобайнида Ўзбекистонда Юлдуз Усмонова ижодига тақиқ қўйилди деган гап-сўзлар урчигани кузатилди.

Хонандага яқин манбалар Юлдуз Усмонованинг Ўзбекистонда ҳеч бир муаммосиз концерт фаолияти олиб бораëтгани, тўй, чарлар, туғилган кун каби маросимларда кунора буюртма қўшиқлар ижро қилаëтганини билдиришди.

Концертми ëки суннат тўйи?

“Дилафрўз” ресторанида бўладиган концертни, хайрия тадбири ўлароқ ташкил қилдик дейди, Озодлик билан суҳбатда ресторан раҳбарларидан бири.

- Бу шунчаки концет эмас балки хайрия тадбиридир. Беш-олти камбағалларнинг болаларини ҳатна қилдирамиз. Суннат тўйи деса ҳам бўлади, дейди ўзини ресторан иш юритувчиси деб таништирган суҳбатдош.

Ўзбек шоу-дунëси икир-чикирларидан яхши хабардор бўлган хонанда Азиза Ниëзматова, бу тадбир 800 кишига мўлжалланган залда ўтишини ва тижорий фойдани кўзлаган концерт эканини айтади.

- Хайрия эканидан хабарим йўқ, аммо менга яқин кишилар бу концертга чипта сотиб олишди. Битта чипта нарҳи 130 минг сўм.

Юлдуз Усмоновага таъқиқ бўлмаган

Юлдуз Усмонова тақиқланибди, қўшиқлари эфирдан олиб ташланибди, деган гаплар 20 йилдан бери бот-бот ўртага чиқади.

Ана шундай иддаолардан энг сўнггисини Гулнора Каримова исми билан боғлашади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган шоу-дунëси вакили Юлдуз Усмоновадан эшитган гапига асосланиб, “Гулнора Каримова Юлдуз концертларини тақиқлаган”, деб айтган эди.

Озодлик мухбири бу масала хусусида Юлдуз Усмоновага яқин бўлган концерт маъмуридан сўради.

- Бу нотўғри гап. Юлдуз Ибрагимовнага Гулнора Исломованинг эҳтироми ниҳоятда баланд. Масалан, бултур декабр ойида Юлдуз Ибрагимовнанинг тавваллуд кунида Гулнора Каримова табрик телеграммаси йўллади. Бу телеграмма Фарруҳ Зокиров, Ғуломжон Ëқубов каби санъат арбоблари қатнашган катта тадбирда расман ўқилди, дейди суҳбатдош.

Юлдуз Усмонова кейинги пайтда концерт қўймаяпти, Самарқанддаги концерт кейинги йиллари ичида илк изн берилган концерт дейиляпти, бунга нима дейсиз? деб савол бердик суҳбатдошга.

- Концерт фаолияти бир зум ҳам тўхтамаган. Лицензия ҳам олиб қўйилмаган. Масалан, яқинда Навоийда концерт берди, дейди суҳбатдош.

Юлдуз Усмонова 1998 йили ЎзТВ раҳбарлари билан тортишгач, бир муддат саҳнадан четлаштирилган эди.

Ўша йилнинг ўзида Усмонова Ўзбекистон адабиëти ва санъати газетасида “От тўрт оëғи бўла туриб қоқилади, мени икки оëғим бор, кечиринглар", деб узр тилаганидан кейин яна саҳнага қайтарилган эди.

Фонограммага қараб оғизни очиб юмиш

Ўтган йилнинг июн ойида Тошкентдаги балет мактабларидан бирида Юлдуз Усмонованинг қизлар билан рақс қилаëтгани акс этган видео интернетдаги YouTube порталига юкланди.

Бу видоматериалда Юлдуз Усмонова қўшиқчилар кўпайганидан ëзғириб, "ким фонограмма айтса ҳаром" деб баëнот беради.

Айни пайтда Юлдуз Усмонованинг 6 мартга белгиланган концерти афишасида “Фонограммадан фойдаланилади” деб ëзиб қўйилган.


Uzbekistan Yulduz Usmanova

Uzbekistan Yulduz Usmanova

Усмонованинг Тожикистон ва Қозоғистондаги концертларини томоша қилганлар фонограмма ишлатилганини айтишади.

Бу томошабинлар "мулланинг айтганини қилу, қилганини қилма", деган мақолни Усмоновага нисбатан ишлатишди.

Ипак йигирувчи, раққоса, қўшиқчи, депутат, ҳожи она

1963 йил Марғилон шаҳрида туғилган Юлдуз Усмонова мактабни битириб, Марғилон ипак йигириш комбинатида ишчи бўлиб ишлади.

Кейин педагогика билим юртида мусиқадан таҳсил олди, тўйларда рақс тушди.

Тошкент давлат консерваториясини ҳатм қилди.

Усмонова 1989 йилдан бошлаб яккахон ашулачи сифатида танилди.

2000 йили Ўзбекистон парламенти депутати этиб сайланди. 2006 йилда Ҳаж ибодатини адо қилиб ҳожи она бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG