Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:50

Намангандаги масжидларга видеокамералар ўрнатилди


Наманган шаҳридаги масжидларда намоз ўқувчилар бундан сўнг ҳамма томондан видеокамера кузатувида бўладилар.
Наманган шаҳридаги масжидларда намоз ўқувчилар бундан сўнг ҳамма томондан видеокамера кузатувида бўладилар.

Феврал ойи давомида Наманган шаҳридаги 30 га яқин масжиднинг барчасида ëппасига видеокамералар ўрнатилган. Озодликнинг Намангандаги манбаси юборган бу хабарни шаҳардаги аксар масжид ходимлари тасдиқлади.


Феврал ойининг кейинги икки ҳафтасида Наманган шаҳридаги барча масжидларга бир эмас¸ бир нечтадан видеокамералар ўрнатилди ва бу намозхонлар орасида шубҳа ва қўрқув уйғотмоқда¸ дея хабар қилди Наманган шаҳридаги ëш намозхонлардан бири.

- Наманганда мачитларга камера ўрнатишди. Февралнинг бошидан бошланди бу. Наманганда нечта мачит бўлса, ҳаммасига ўрнатди. Намоз ўқийдиган жойдаям, эшикдан кирадиган жойларга ҳам қўйиб ташланган. Ичкарига кичкина камералар қўйиб ташланган. Наманганда 27 та мачит бўлса, ҳамма ëқ полний камера.

Мен шахсан ўзим тўртта мачитга борган бўлсам, тўрттасида ҳам камера бор. Ўзимизга яқинроқ бир биродаримиз борлар. Ўша кишидан сўраб кўрсам, “Тўртта эмас, Наманганда нечта мачит бўлса, ҳаммасига қўйиб бўлинди¸ тушунаяпсизми”¸ деб ишонч билан гувоҳ сифатида айтди менга¸ дейди Озодликнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз шахси ошкор қилинмаслигини сўраган Намангандаги манбаси.

Намозларини асосан жамоат билан бирга масжидларда ўқишни қанда қилмай келган бу диндор йигит¸ аксар масжид имомлари отнинг қашқасидек кўриниб турган видеокамералар ҳақида жамоатга изоҳ бераëтгани¸ аммо берилаëтган изоҳлар намозхонлар шубҳасини тарқата олмаëтганини айтади:

- Имомлар “Хавотир олманглар. Бунинг ҳеч нимаси йўқ. Ўғирлик кўпайиб кетгани учун, мачитда у-бу нарса ўғирлангани учун қўйилди” деб юзаки гап гапиришди¸ холос. Масжидда ўғирлик умуман бўлган эмас. Ўзи Ўзбекистонда диндорлар назорат остида. Камига мачитларга камера қўйиб¸ мачитдаги диндорларга қарши ишда бу¸ дейди наманганлик манба.

Наманган шаҳар ҳокимлиги расмийсига кўра¸ айни кунларда шаҳарда расман рўйхатга олингна 30 та масжид ишлаб турибди.

29 феврал куни Озодлик мухбири ана шу масжидларнинг бир нечтасига сим қоқди. Суҳбат индаллосиданоқ масжид ходимлари кейинги икки ҳафта давомида ибодатхоналарга видеокамералар ўрнатилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқладилар. (Масжид ходимлари хавфсизлигини назарда тутган ҳолда¸ Озодлик ўзига маълум бўлса-да¸ бу масжидлар номини ошкор қилмайди – таҳр.)

- Ҳа¸ ўрнатиб бўлдик. Ҳамма ҳар хил ўрнатаяпти. Битта сана мўлжаллаб қўйилгани йўқ. Жамоат, инсонларнинг хавфсизлиги, буюмларнинг хавфсизлиги, асосан инсонларнинг хавфсизлигини ўйлаб қилинаяпти бу иш. Ҳозиргача масжидимизда ўғирлик бўлгани йўқ. Аммо¸ "Ўзингни эҳтиëт қил, қўшнингни ўғри тутма", деганку. Бизнинг масжидда видеокамералар ичкарига¸ ҳовлига ўрнатилди. Жамоатда ҳеч қандай безовталик йўқ. Сиз ўзингиз келиб туриб кўрсангиз, ҳаммасига ишонч ҳосил қиласиз¸ деди Намангандаги энг йирик жомеъ масжиди ходими.

Шаҳардаги яна бир масжиднинг телефон гўшагини кўтарган ходими:

- Ҳа¸ қўйдик. Тўрт-беш кун бўлиб қолди¸ дея қисқа жавоб берган бўлса¸ бошқа масжид ходими:

- Ҳа, қўйиб бўлинди. Анча бўлди. 10-15 кун бўлди. Имомлар бошлиқда энди. Ҳозир бизнинг масжидда беш-олтита камера бор. Жамоатга ҳеч қандай таъсири йўқ бунинг. Ўшандай келиб кетиб турилибди. Нимага қўрқади? Одамлар анча тушуниб қолган нарса. Бунинг фойдаси борки¸ зиëни йўқ. Жамоа сўраса, домла тушунтиради. Жумада имом айтиб ўтдилар бу ҳақда¸ деди Наманган шаҳридаги яна бир масжид ходими.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан 29 феврал куни Наманган шаҳридаги масжидларга видеокамералар ўрнатилгани сабаблари юзасидан тушунтириш берадиган расмий топилмади.

Қирғизистон жанубидаги Қорасув жомеъ масжидининг имом хатиби Рашод қори Камолов Фарғона водийсида ўз диндорлиги билан танилган Наманган шаҳридаги масжидларга ëппасига видеокамера ўрнатилганини Ўзбекистон ҳукумати мусулмонларга нисбатан тазйиқни янги босқичга олиб чиққани аломати сифатида шарҳлайди.

- Бизнинг минтақаларда мачитларга умуман камералар қўйиб назорат қилишлик умуман беҳожат, лекин¸ албатта¸ давлат ходимлари тарафидан бунинг қўлланишлиги ва имомларнинг халққа тушунтириш ишларини айтишлиги қандайдир мусулмонларга бошланган иккинчи бир ҳужум, яъни ëшларга, диндорларга бўлган иккинчи ҳужум¸ деб қабул қилса бўлади. Мен шундай қабул қилдим. Оддий мусулмон қаторида жавоб берадиган бўлсам, оддий мусулмон мачитга кириб камеранинг олдида турганда ўзини хатарда сезади. Оддий мусулмондан сўрасангиз, ҳар бири хатарда сезади ўзини бундан кейин. Бировни жиноятчи қилишлик учун “мачитда бўлган экансан иш пайтида, мактаб пайтида, пахта теримида” деган нарса учун, яна битта жиноят учун ҳужжат бўлиб қолди. Ундан бошқа нарса эмас¸дейди Озодлик билан суҳбатда таниқли имом Рашид қори Камолов.

Давлат ва дин бир-биридан айри бўлган Ўзбекистон каби давлатларда мусулмон жамоасини бундай ялпи назорат остига олиш¸ инсон ҳақларининг қўпол тарзда бузилишидир¸ деб давом этади қорасувлик имом.

- Саудий Арабистонидаги айрим йирик масжидларда ана шундай камералар бор. Бу исломий ибодатни бутун оламга кўрсатиш учун қўйилган камералар. Худди шу камераларнинг олдида уламолар айтадики, шу жойда ўтирганда намознинг ҳаловати йўқолади¸ чунки инсон ўзини риëкорликка олиб боришликка¸ яъни бутун оламга ўзини кўрсатишликка интилишлик деган нарса бўлиб қолади. Реклама жиҳатидан шундай фатво берган бўлса аҳли илмлар, ҳозирги кунда¸ хоссатан¸ Ўзбекистонда мана шундай диндорлар, етакчилар, намозхонларга бўлаëтган ҳужумнинг остида, албатта¸ мусулмон одам уни кўрганда намозда Оллоҳ билан боғланадиган ҳаловати йўқолади. Бу мусулмон одамнинг ҳуқуқини поймол қилишлик ҳисобланади¸ дейди Қорасувдаги масжидлардан бирининг имом-хатиби Рашод қори Камолов.

Ўзбекистонда совет даврида ҳам исломий анъаналарни кучли ушлаб қолган Наманган шаҳри кўплаб таниқли исломий уламолар ва қорилар ватани саналади. Хусусан¸ Ўзбекистон ҳукумати ўзи учун ашаддий душман деб билган Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчилари Жума Намангоний¸ Тоҳир Йўлдош ва расмий Тошкент томонидан "Ваҳҳобийлик" диний оқими етакчиси деб иддао қилинадиган Обидхон қори Назаровлар наманганликдир.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳар иккала етакчиси Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий амалиëтлар чоғида ўлдирилган бўлса¸ 2006 йилда Швециядан бошпана топган Обидхон қори Назровга қарши 22 феврал куни сирли суиқасд уюштирилди. Айни кунларда Ўзбекистон режимининг жиддий мухолифларидан бири саналган таниқли имом Швеция касалхонасида оғир аҳволда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG