Линклар

logo-print

Ходорковский мухолифатга маслаҳат берди


Михаил Ходорковсикй 2011 йил май ойида ўтказилган судда.

Михаил Ходорковсикй 2011 йил май ойида ўтказилган судда.

Россиянинг энг таниқли сиёсий маҳбуси Михаил Ходорковский мухолифат ҳукуматга қарши шу пайтгача қилган ҳаракатлари бесамар бўлмасин учун, амлга ошириш керак бўлган асосий вазифалар битилган мақола эълон қилди. Газета.ру нашрида эълон қилинган мақолада Ходоковский Россияда вужудга келган сиёсий вазият бутун дунёда давом этаётган норозилик ҳаракатининг бир қисми, дея атади. Одамлар, деб ёзади у, ўзларига нисбатан ҳурмат кўрсатилишини талаб қилишдан қўрқмай қолди.

Собиқ олигарх ва ЮКОС ширкатининг хўжайини “Россияда ҳокимиятни қандай ўзгартириш мумкин: мухолифатнинг асосий вазифалари”, номли мақоласида 2011 йил 4 декабр кунги сайловлардан кейин россияликларнинг норозилик чиқишлари ҳокимиятни халқ талаблари олдида бироз чекинишга мажбур қилди ва шу боис бу ҳаракатлар давом этиши лозим, деган фикрларни илгари суради. Лекин унинг фикрича, норозилик кайфиятининг асосий сабаби “ёлғон” сайловлар бўлмаган: “Жамиятимизнинг фаол қатлами, жумладан ҳукмдор элитанинг катта қисми, ҳокимиятнинг амалда 24 йилга ўзгамай қолиши факти, шунингдек унинг қай шаклда эълон қилинганидан ўзини таҳқирланган, деб ҳис қилди”, деб ёзди Ходорковский, ўтган йилнинг сентябрида “Единая Россия” партияси қурултойида Владимир Путин президентликка номзод, деб эълон қилинганига ишора қилиб.

Собиқ олигарх Кремлга қайтишга интилаётган Путин норозилик чиқишлари иштирокчилари шаънига очиқ ҳақоратларни ёғдираётгани ҳокимиятнинг вужудга келган сиёсий вазиятдан саросимага тушиб қолгани аломати, деб ҳисоблашини ёзади.

Россияда вужудга келган норозилик ҳаракати Араб баҳори ҳодисасига боғлиқлигига ишора қилиб, “Бутун дунё халқлари ўзларига нисбатан ҳурмат кўрсатилишини истамоқда. Менинг мамлакатим ҳам бундан мустасно эмас!”, деб ёзади Ходорковский.

Декабр сайловидан кейин бошланган оммавий норозиликлар мамлакатдаги вазиятни тубдан ўзгартириб, ўн йил давом этган “путин режими таназзули”нинг интиҳоси бўлишига ишонишини таъкидлади собиқ бизнесмен.

Энди Россия мухолифатининг асосий вазифаси, деб ёзади ЮКОС ширкати собиқ хўжайини, вазиятдан тўғри фойдаланишдир.

Бунинг учун у ҳокимият билан курашаётган мухолифатчилар тутиши керак бўлган йўлга доир етти тезисини таклиф қилади:

Биринчидан, унинг фикрича, норозилик ҳаракатларига бўлган ишончни сўндирмаслик учун “Кремлни ишғол қилиш” каби ҳар қандай радикал сценарийни эҳтимодан соқит қилиш керак.

Иккинчидан, мухолифатда бўлиниш рўй беришига йўл қўмаслик лозим. “Кремл айнан шуни истамоқда”, деб ёзади собиқ олигарх ва Путиннинг ашаддий танқидчиси.

Учинчи, “оммавий тарзда тинч намойишларни давом эттириш, давом эттириш ва давом эттириш керак”, дея Ходорковский оммавий норозиликлар самара бераётганига шубҳа қилмаслигини билдиради.

Тўртинчидан, дейди у, “4 март кунги сайлов холис ва икки босқичда ўтишини таъминлаш учун иложи борича ҳаракат қилиш керак”. Унинг фикрича, сайловнинг иккинчи давраси ўтказилишнинг ўзи сиёсий жараён йўналишини тубдан ўзгартиради.

Бешинчидан, Ходорковский фикрича, “мухолифат партиялари сони икки-учдан ошмаслиги керак”.

Бундан ташқари ЮКОС ширкати собиқ хўжайини мухолифатчиларга Россия минтақаларида ҳам фаолликни оширишни маслаҳат қилади. Унинг фикрича, 2013 йилнинг охирига қадар мухолифатнинг нуфузли вакилларидан бир неча нафари вилоят даражасида ҳокимият тепасига келса, “сиёсий элитада ўзгаришлар рўй бераётгани ҳақида” гапириш мумкин бўлади.

Ходорковский, президентликдан кетаётган Медведев губернаторлар тўғридан-тўғри сайлов орқали сайланишига изн бериш ваъдасидан чиқиб, янги президент бу ваъадаларни бекор қилмаса, бунинг имкони пайдо бўлишига ишонишини ёзди.

Шунингдек, Михаил Ходорковский Путин командасидаги "унинг ҳар доим ҳам ҳақ эмаслигини тушунувчи нуфузли шахслар потенциалидан фойдаланиш"га чақиради. Бундай шахслар сифатида, Ходорковсикй собиқ молия вазири Алексей Кудринни мисол қилиб келтиради.

2003 йилда ЮКОС ширкати тортиб олиниб, ўзи қамоққа ташлангунига қадар Россиянинг энг бадавлат кишиси бўлган Михаил Ходорковский ўз мақоласини бугун мамлакатда вужудга келган вазият бу вазифаларни амалга ошириш имкони борасида некбин бўлишга асос бўлиши тўғрисидаги хулоса билан якуналайди.

“Муваффақият учун имкон бор экан, ҳаракат қилиш керак”, деб нуқта қўяди ўз фикрига Ходорковский.
XS
SM
MD
LG