Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Душанбе Россия базалари учун ижара ҳаққи сўрамоқда


Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Абдулмажид Дўстиев.
Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Абдулмажид Дўстиев.

Айни кезда яна 49 йиллик муддатга шартнома имзолашга уринаётган Москва билан Душанбе ўртасида бу масала баҳс бўлиб турибди.

29 феврал куни Москвада бу ҳақда баёнот берган Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Абдулмажид Дўстиевнинг айтишича, Тожикистон томони мамлакатдаги Россия ҳарбий базалари учун 300 миллион АҚШ доллари миқдорида ижара ҳаққи сўрамоқда.

Элчига кўра, айни кезда томонлар яна 49 йиллик муддатга шартнома имзолаш устида музокара қилмоқда ва муаммоли масалалардан бири айнан ижара ҳаққи билан боғлиқдир.

Россия ҳарбий базалари Тожикистоннинг Душанбе, Кўлоб ва Қурғон тепа шаҳарларида жойлашган.

- Нафақат Тожикистон элчиси балки, оддий фуқаро ўлароқ айтишим керакки, бугунги дунёда бирор бир давлат ҳаттоки бир қарич ерини бошқаларга шундоққина бериб қўймайди. Бизнинг давлатимиз ҳам шундай йўл тутиши керак ва бу тўлов 300 миллион АҚШ доллари ёки ҳарбий-техникавий ёрдам кўринишида ҳам бўлиши мумкин. Бугун бирор кимса ўз ерини бошқаларга текинга берганларга раҳмат ҳам айтмайди,- деди Тожикистон элчиси.

Аммо, элчи Дўстиев ўз сўзлари орасида Россия томонининг 300 миллион долларлик суммадан фақат 10 фоизини беришга рози бўлиши ҳам ўз давлатини қониқтириши мумкинлигини қистириб ўтди.

Айни пайтда Тожикистонда иккита ҳарбий базага эга Россия томони ҳеч қандай ижара ҳаққини тўламайди.

Булардан бири бўлган Россиянинг 201-Дивизияси Тожикистонда Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин тузилган ва Тожикистонга жойлаштирилган. Бу база собиқ Совет иттифоқи қулаганидан сўнг ҳам сақланиб қолди.

У 1 минг 344 километр узунликдани тожик-афғон чегарасини қўриқлаётган Россия ҳарбийларини таъминловчи база бўлган ва шунингдек, 1992-1997 йилларда Тожикистонда бўлган фуқаролар уруши даврида муҳим ҳарбий таъминот базаларидан бири бўлган.

Дўстиевга кўра, ҳозир у замонлар ортда қолиб, янги замонлар келган ва сиёсат ҳам ўзгачадир.

- Бугунги Тожикистоннинг 1990 йилларда бошқа давлатлар томонидан тақдири ҳал қилинган Тожикистондан фарқи каттадир,- деди Тожикистон элчиси Душанбе истагини ҳимоя қила туриб.

Тожикистон ҳарбийлари мамлакатнинг Афғонистон билан чегараси назоратини 2005 йилда ўз қўлига олган. Бироқ, Россиянинг 7 мингга яқин ҳарбийси ҳануз Тожикистонда хизмат қилмоқда.

Бу Россиянинг мамлакат ташқарисига жойлаштирилган энг катта ҳарбий қисмидир.

Тожикистон бунга қадар ҳам рус ҳарбий базалари учун ижара тўловини унидириш истагини бир неча бор билдирган эди.

Аммо, ҳозирда бу масалани қўшни Қирғизистон ҳам кўтараётгани Тожикистон элчиси баёноти аҳамиятини оширмоқда.

23-25 феврал кунлари Россияга сафар қилган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ҳам Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси учун ҳақ тўламаётгани масаласини тилга олган эди.

Жумладан, "Эхо Москвы" радиосига берган интервюсида президент Россия тўрт йилдан бери фойдаланаётган Кант ҳарбий базаси учун ижара ҳаққи тўламаётганини айтди.

Шундай экан, "бизга бунақа базанинг кераги борми ўзи?" дея савол ташлади Атамбаев.

Кейин эса Атамбаев Россия Президенти Дмитрий Медведев Россия Мудофаа вазирлигига Кант ҳарбий базаси учун 10 кун ичида тахминан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаш ҳақида топишириқ берганини ҳам қўшимча қилди.

Бирор суммага аниқлик киритмаган Кремл раҳбарияти эса Қирғизистондаги ҳарбий база учун ҳақ тўлашга тайёрлигини билдириб, баёнот берди.

Аммо, ушбу баёнотда Қирғизистоннинг Россиядан олган 493 миллион долларлик қарзини ундириш масаласи бунга нисбатан анча мураккаблиги ҳам айтиб ўтилди.

Россия Кант ҳарбий базасини 2003 йилда очган ва ундан Коллектив ҳамкорлик шартномаси ташкилотининг Тезкор кучларини таъминлашда фойдаланади.

Алмазбек Атамбаев айни дамда Манасга ўрнаштирилган АҚШ ҳаво базаси бўйича муддати якунланиб бораётган келишувни 2014 йилдан бошлаб узайтирмаслик ниятини ҳам бот-бот тилга олган.

У мамлакатдаги барча АҚШ ва НАТОга қарашли қўшинларининг чиқиб кетишини исташини ҳам айтган.

АҚШ ҳарбийлари бу базадан 2001 йилдан буён фойдаланиб келмоқда ва 2001 йилдан буён НАТО қўшинлари Тожикистонга ҳам киритилган. Асосий қисмини Франция ҳарбийлари ташкил қилувчи 200 ҳарбийлик қисм Душанбе ташқарисидаги ҳарбий базалардан бирида Афғонистонга таъминот юкларини етказиш амалиётлари учун сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG