Линклар

logo-print

Истанбул истилоси филмга кўчди

  • Абдулла Искандар

“Фатҳ. 1453” филмидан тасвир.

“Фатҳ. 1453” филмидан тасвир.

Таниқли турк киночиси Фаррух Оқсўй суратга олган “Фатҳ. 1453” филми ўтмиш соғинчи каби ҳасталикка дучор томошабинларнинг дардига малҳамдай бўлди.

Усмонли империяси ҳаробалари узра қурилган замонавий Туркия республикасида ҳузунли ўтмиш ҳақида гапирмаслик яқин-яқинларгача маъқул кўрилар эди.

Усмонли подшологининг куч қудрати ҳақидаги хотиралардан кўра бугунги кун реаллиги ўртага қўйган тирикчилик муаммоларини ечиш шу пайтгача турклар учун устивор масала бўлиб келган эди.

Аммо шу кунларда турклар яна ўзларининг шонли ўтмишига қайрилаëтгани кузатилди.

Ҳар ҳолда, турклар томоша қилаëтган филмларда Усмонли султонининг шону шавкати акс этмоқда.

Турклар идрокида муҳташам ўтмиш хотираларининг уйғониши ғарб мутаҳассислари тарафидан “neo-Ottomanism" (Янги Усмонлилик) дея тарифланмоқда.

Турклар идрокидаги ўтмиш соғинчини англаган киночилар эса Усмонли подшоҳлари ҳаëти ҳақидаги филмларни пайдар пай суратга олиб экранларга чиқармоқда.

Константинополнинг забт қилиниши

Таниқли турк киночиси Фаррух Оқсўй суратга олган “Фатҳ.1453” филми ўтмиш соғинчи каби ҳасталикка дучор томошабинларнинг дардига малҳамдай бўлди.

Уруш саҳналари, секс, сирли ишорат ва символларга тўла бу филм Усмонли султони Маҳмуд иккинчи тарафидан Византия юраги бўлмиш Константинополнинг забт қилинишини тасвирлайди.



Филмда Усмонли султони Аë Сўфиë насроний эҳроми устига Ислом байроғини тикиб, Константинопол номини Истанбулга ўзгартиради.

Филмни яратиш учун 17 миллион доллар ҳаржланди.

Бу Туркия кино саноати тарихида энг қимматга тушган филм бўлиб қолмоқда.

Озодлик билан суҳбатда турк киночиси Фаррух Оқсўй Истанбул истилоси барча давр ва замонлар учун тарихнинг энг қизиқ воқеаларидан бири бўлиб қолажагини таъкидлади:

- Истанбул истилоси ва унинг оқибатлари дунë тарихидаги фавқуллода қизиқарли воқеалардан биридир. Тарих ғилдирагини бошқача айлантиришга сабаб бўлган бу тарихий истило ҳақида нафақат туркларга, балки бутун дунëга татигулик кино қила олишим мумкинлигига ишондим. Айнан шу ишонч боис бу кино юзага келди, дейди Фаррух Оқсўй.

Усмонлига қайтиш

Ўтган шанбада Туркиядаги бир ярим миллион томошабин “Фатҳ. 1453” филмини кинотеатрларга бориб томоша қилди.

Кинотеатрлардаги чипталар икки-уч ҳафта олдин сотилиб бўлинди. Масалан, бугун кинотеатрга борган томошабин фақат уч ҳафта кейинги сеансга чипта олиши мумкин.

Уй кинотеатрлари, CD, DVDлар урчиган, интернетда қароқчи кинолар томоша қилиш урф бўлиб, кинотеатрлар ҳувиллаб қолгани манзарасида бу ҳолат фавқуллода янгилик сифатида кўрилди.

Билағонлар, филмнинг бу қадар муваффақаят қозонганини Усмонли султонлигининг шавкатли кунларини соғинган турклар ҳассосияти билан изоҳлашмоқда.

Турк телеканалларида намойиш қилинаëтган “Муҳташам юз йил” ("Muhtesem Yuzyil") сериалининг мамлакатдаги энг томошабоп бўлгани ҳам шу омил ўрнаги дея кўрилди.

Бунинг баробарида, шу пайтгача аксар хорижлик сайëҳларгина бориб томоша қиладиган Тўпқопи саройи, 1453 йилда Истанбулнинг забт қилиниши тасвирланган очиқ осмон остидаги музей диорама ҳам томошаталаб маҳаллий турклар билан тўлди.

“Биздан тарихни доимо яшириб келишди. Биз ўз шонли тарихимизни билмак истаймиз” деди, Озодлик мухбирига гапирган музей томошабинларидан бири.

Музейда айланиб юрган яна бир томошабиннинг турк истилоси ҳақида ўз фалсафаси бор:

- Биз ўтмишда буюк давлат бўлганмиз, аммо бошқа буюк давлатлар каби империалист бўлмаганмиз, дейди тарих ошиғи.

Тарихни бу қадар ижобийлаштириш сиëсати кейинги 10 йил мобайнида, иқтидордаги Адолат ва Тараққиëт партияси раҳнамолигида авж пардасига кўтарилди.

Туркия иқтисодий тараққиëт боис “европанинг ҳаста ва заиф” давлатидан қудратли йўлбарсга айлангани бу мағрурликни янада кучайтирди.

Турк журналисти, "HaberTurk" газетаси шарҳловчиси Соли Ўзал назарида бугунги турклар тарихнинг фақат шонли нуқталаригагина қарашмоқда.

- Улар империянинг фақат ғалаба қозонилган даврига назар солишмоқда. 15-16 асрда Усмонли давлати қаддини кўтарган дамлари улуғланмоқда. Айни пайтда, бу мағрурлик ноталари бугунги ташқи сиëсатимизда ҳам кўриниш бермоқда, дейди журналист.

“Neo-Ottomanism"

Турк давлат мулозимлари “Neo-Ottomanism" ғоясини араб баҳоридан кейин ўзгарган Яқин Шарқда геосиëсат қуроли ўлароқ ишлатиш пайига тушишди.

Ўтган йили Қоҳирага сафар қилган Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон арабларни Усмонли тарихидан сабоқлар олишга чорлади.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довуд ўғли эса Усмонли даврида Яқин Шарқ рафоқ ва фароғат ичида осуда яшаганини таъкидлади.

Бу эса ўз навбатида истилога асосланган Усмонли султонлиги ҳақида танқидий фикрда бўлганлар нафасини ичига туширмоқда.

Аммо Туркиядаги иқтисодий кўтарилиш боис 17 миллион долларга тарихий кино олиишга қурби етаëтган турк кино санъати, сиëсатчиларнинг ичида бўлган ғурур ва ҳузунни экранга кўчирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG