Линклар

logo-print

Тожикистонда қийноққа қарши қонун қабул қилинди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзодага кўра, янги қонун терговга масъул бўлган шахсларнинг ўз фаолиятида қийноққа йўл қўймасликка ҳаракат қилиши учун жиддий сигналдир.

Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзодага кўра, янги қонун терговга масъул бўлган шахсларнинг ўз фаолиятида қийноққа йўл қўймасликка ҳаракат қилиши учун жиддий сигналдир.

Тожикистон Жиноят Кодексига қийноқ учун жазолашни кўзда тутган махсус банд киритилди.

Бунга оид лойиҳа 29 феврал куни мамлакат парламенти томонидан тасдиқланди.

Тожикистонда қийноқлар кенг тарқалгани ва систематик тус олгани расмийлар томонидан кўп марта эътироф қилинган бўлса-да, шу кунгача қийноқларга қарши махсус қонун қабул қилинмаганди.

Қийноққа қарши қонун лойиҳаси муҳокамасида сўз олган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода “бугун мамлакат қонунларини халқаро меъёрларга мослаштириш мақсадида ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар тавсиясини назарга олган ҳолда, Жиноят Кодексига ўзгартиш киритишга қарор қилинган”ини таъкидлади.

Бош прокурорнинг айтишича, бу пайтгача жиноятда гумонланувчига нисбатан қийноқ қўллаган шахс республика Жиноят Кодексининг 117-моддаси (хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик - таҳр.) моддаси бўйича жазоланган. Аммо қийноқ учун жазолашни кўзда тутган махсус модда бўлмагани сабабли жазо ҳам енгилроқ бўлган.

- Шу модда билан айбдор деб топилган шахс икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Энди эса Жиноят Кодексига қийноқ учун жазоловчи алоҳида модда киритилар экан, жазо ҳам қаттиқроқ бўлади. Бу эса ҳуқуқ-тартибот органларида тергов ишларига масъул бўлган шахсларининг ўз фаолияти давомида қийноқларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари учун жиддий сигналдир, - дея таъкидлади Салимзода.

Тожикистон Бош прокурори ўз идорасига қийноққа солинган фуқаролар ва уларнинг яқинлари томонидан 2010 йили 48 та ва 2011 йилда эса 26 та ариза тушганини билдирди. Шундан 2010 йилда 13 та ҳолат ва ўтган йили эса 5 та ҳолат бўйича фактлар ўз тасдиғини топган ҳамда айбдорлар қонун доирасида жазоланган.

Бош прокурорнинг билдиришича, янги қонунга биноан гумонланувчини қўлга олиш ва уни тергов қилиш чоғида қийноққа солган шахс катта миқдорда жаримага тортилади. Гумонланувчига оғир тан жароҳати етказилган тақдирда, терговчи ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Гумонланувчига ғайриинсоний муносабатда бўлган ва уни хўрлаган, қийноққа солган шахсларга янги қонунда белгиланган жазо, Тожикистон парламенти қуйи палатасининг депутати Муҳиддин Кабирий назарида, ўта енгилдир.

- Бир киши қўшниси билан уришиб қолса, уни калтакласа, унга ҳам жарима белгиланади. Энди инсонни хўрлаган, қийноққа солган ва унга ғайриинсоний муносабатда бўлган кишига ҳам қонун худда шундай жазо тайинлаяпти, яъни жаримага тортиш билан чекланилаяпти. Биз бу қонунга қарши эмасмиз, лекин бундай оғир жиноятга қўл урган кишиларга жазо ҳам оғирроқ бўлиши лозим, деб биламан, - деди депутат Кабирий.

Ўтмишда бу мамлакатда турли жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинганлар орасида қийноқ туфайли жон берганлар қайдга олинган ва бу, ўз навбатида, халқаро ҳамжамият норозилигига боис бўлган. Бироқ инсонга нисбатан ана шундай аёвсиз муносабатда бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари шу кунгача лавозимидан мосуво бўлиш ёки ҳайфсан олиш билан қутулиб кетганлар.
XS
SM
MD
LG