Линклар

1 март куни Ўшда қирғиз мухолифати томонидан уюштирилган ва камида 7 минг одам иштирок этгани айтилаётган митинг бўлиб ўтди.

Ўш марказий майдонида ўтган митингни миллатчилардан иборат экани айтиладиган “Ата Журт”, “Бутун Қирғизистон” ва “Улуу Биримдик” партиялари биргаликда ташкил этишди.

Айрим маълумотларга кўра, митингда 7 минг одам иштирок этган. Бироқ митинг ташкилотчилари тадбирда 25 минг одам, ахборот воситалари эса 15 минг одам қатнашганини билдирмоқда.

Қирғизистон мухолифатидаги “Ата Журт” партияси 1 мартдан бошлаб амалдаги ҳукуматга норозилик тариқасида митинглар ўтказа бошлашини эълон қилган эди. “Ата Журт” партияси лидерларидан бири Қамчибек Ташиев Ўшда ўтган митинг чоғида бу режани яна бир бор таъкидлади.

“Бундай митингни биз Қирғизистоннинг шимолий ҳудудларида ҳам ўтказамиз”, деди у.



4 март куни Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайлов бўлиб ўтади. Шаҳар кенгаши сайловида 8 та партия, жумладан, айни пайтда ҳокимият тепасида бўлган Ўмурбек Текебаев раҳбарлигидаги “Ата Мекен”, президент Атамбаев мансуб бўлган Социал-демократлар ва Бош вазир Ўмурбек Бабанов асос солган “Республика” партиялари иштирок этмоқда.

Айрим кузатувчилар фикрича, мазкур сайловда Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовга тааллуқли экани айтиладиган “Улуттар биримдиги” (“Миллатлар бирлиги”) партияси етарли даражада овоз ололмай қолиши мумкин. “Ата Журт”, “Бутун Қирғизистон” ва “Улуу Биримдик” партиялари эса шаҳар кенгаши сайловида Мелис Мирзақматовнинг партиясига қўллов кўрсатиш мақсадида 1 март куни бўлиб ўтган митингни уюштиришган.

Гап шундаки, шаҳар кенгашига сайловда қайси партия кўп овоз олса, ўша партия вакили Ўш мэри лавозимига сайланади. Шаҳар мэрини сайлаш 2012 йилнинг октябр ойига мўлжалланган.

Митинг давомида Қирғизистон парламенти депутатлари Жилдиз Жолдошева, Қамчибек Ташиев, Ахматбек Келдибеков, Коммунистлар партияси раҳбари Исҳоқ Масалиев сайловда “Улуттар биримдиги” партияси ва Мелис Мирзақматовни қўллаш чақириғи билан нутқ сўзлашди.

Сиёсатшунос Марат Казакбаев фикрича, Ўшда бўлиб ўтган митингнинг яна бир сиёсий аҳамияти бор: бу билан мухолифатдаги “Ата Журт” партияси мамлакат жанубида катта таъсирга эга эканини ва ўз кучини ҳукуматга кўрсатиб қўймоқчи бўлган.

Ўшда бўлиб ўтган митингда олти банддан иборат мурожаат қабул қилинди. Унда амалдаги ҳукуматнинг истеъфога чиқиши, профессионаллардан иборат янги ҳукуматни шакллантириш, жорий йилнинг 7 апрелигача Ўш қирғини айбдорларини топиб жазолаш, 1993 йилги конституцияни амалга киритиш каби талаблар билдирилган.

Митинг ташкилотчиларидан бири, “Бутун Қирғизистон” партияси раиси Адахан Мадумаровнинг айтишича, бу талабларни бажариш учун ҳукуматга 15 мартгача муҳлат берилган. Талаблар бажарилмаса мухолифат одамларни яна митингга даъват этмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG