Линклар

Подмосковьеда маҳаллий бизнесменни 2 миллион еврога алдамоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳибсга олинди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш Бош бошқармаси хабарига кўра, алкогол савдоси билан шуғулланувчи корхоналардан бирида текширув бошланганидан кейин корхона раҳбари яқиндагина Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликка юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бош бошқарма матбуот маркази ходимаси Наталья Семёнованинг айтишича, учрашувлардан бирида ўзини бизнес масалалари бўйича маслаҳатчи деб таништирган 29 ёшли бу шахс фирма муаммоларини ўзининг Ички ишлар вазирлиги Марказий аппаратидаги танишлари орқали ҳал этишни ваъда қилган.

- Айбланувчи 2 миллион евро эвазига бизнесменга нисбатан Ички ишлар томонидан ўтказилаётган текширув билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишни ваъда қилган. Фирибгар 1 миллион евро пулни Подмосковье ресторанларидан бирида олаётганда ҳибсга олинди. У полициячиларга фаол қаршилик кўрсатди, қўл кураш усулларини қўллаб, травматик пистолетдан фойдаланишга уринди, бироқ бирор натижага эришолмади, - деди Наталья Семёнова.

Полиция расмийси фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган ўзбекистонликнинг Волгоград вилоятида қайдда турганини маълум қилди.

Мазкур ҳодиса юзасидан ўзбекистонликка нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 30- ва 159-моддаси юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG