Линклар

logo-print

Uznews.net кибер-ҳужум боис очилмай қолди


Uznews.net мухбирлари Маркус Бенсман ва Галима Буҳарбаева Андижон фожеаси гувоҳларидир.

Uznews.net мухбирлари Маркус Бенсман ва Галима Буҳарбаева Андижон фожеаси гувоҳларидир.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалар ëйинловчи Uznews.net кибер-ҳужумга учради.

Uznews.net Интернет нашри 28 февралдан бошлаб кенг қамровли кибер-хужумга тутилди ва оқибатда нашр ëпилиб қолди.

Uznews.net сайтига "ëвуз ниятли ҳакерлар" D-DdoS(Distributed Denial of Service) тажовузи уюштираëтгани ҳақида Озодликка ўзини "эзгу ниятли" Аноним-Х деб таништирган ўзбек ҳакери 1 март куни маълум қилди.

1 март кунига келиб ҳам Интернетда ëпиқ қолаëтган Uznews.net нашри бош муҳаррири Галима Бухарбаева билан боғланиб бу вазиятга ойдинлик киритдик.

- 28 феврал кечқурун соат 23дан бошлаб сайтимиз дунëнинг турли нуқталаридан туриб кенг қамровли, яхши координация қилинган кучли кибер ҳужумга учрагани маълум бўлди, дер экан Галима Бухарбаева айни пайтда бу ҳужумни бартараф қилиш ишлари бораëтганини билдирди.

- Мутахассислар ҳужумлар ортида турган компютерларнинг IP манзилларини аниқлади. Ҳужумлар Осиëдан, Эрон, Покистон ва Филиппиндан экани маълум бўлди. Биз кеча сайтнинг кўзгу вариантини интернетга илиб қўйиб, сайт ўзагини таъмир қилишга тушдик. Сал ўтмай бу кўзгу ҳам чил-чил бўлди. Мутаҳассислар кибер-ҳужумнинг кўламидан ва узоқ муддат давом этаëтганидан ҳайрон бўлишмоқда. Бир вақтнинг ўзида сайтдаги баъзи сарлавҳаларга минглаб сўровлар келган. Бу сўровлар оқимини сайт кўтара олмай қолди. Ҳудди бир тонна юк кўтарадиган кўприк устига юз тонна юк қўйилгани каби.

Озодликка ўзини Аноним-Х деб таништирган ўзбек ҳакерига кўра, бундай ҳужум D-DoS атака деб айтилади ва жуда қиммат турадиган тадбирдир:

- Бундай тадбирнинг ортида бир эмас, ўнлаб ҳакерлар гуруҳи туради, дейди Озодликка ўзини "эзгу ниятли Аноним-Х" деб таништирган ўзбек ҳакери.

Айни пайтда, Uznews.net нашрига бўлган кибер-атакани ўрганган немис IT мутаҳассислари ҳужум оқибатларини бартараф қилаëтганини айтган Галима Бухарбаева бундай тажовузга илк бора дучор бўлганини таъкидлади.

Озодлик мухбирининг, бу ҳужум ортида ким турибди, ва нега айнан хозир шундай уюштирилди деган саволига, бир оз андишаланиб жавоб берди Бухарбаева:

- Албатта, мен фақат таҳминни айта оламан. Uznews.net ўзбек режими асабини қақшатаëтганини билиб турар эдик. Швецияда Обид қорига суиқасд қилингани ҳақидаги мақолаларимиз эса, режим сабр косасига сўнги томчи бўлиб тушган кўринади. Биз суиқасд ҳақида ўнта мақола эълон қилдик. Айнан бу мақолалар эълон қилинганидан кейин сайтимиз кучли тажовузга учради.

Галима Бухарбаевага кўра, Uznews.net мухбирлари доимо ўзбек ҳукумати нишонида бўлиб келган.

- Масалан, Uznews.net мухбири Солижон Абдураҳмонов 4 йилдан бери қамоқда азоб чекмоқда. Биз учун Ўзбекистон ичидан туриб ëзадиган мухбирларимиз жон ҳовучлаб юришади.

Uznews.net нашри Ўзбекистонда қандай таъсирга эга, кунига қанча муштарий сайтга киради, деган саволга Галима Буҳарбаева ўзбек, рус ва инглиз тилида фаолият юритадиган Uznews.net нашрига кунига 6000 оригинал муштарий киришини ва 25 минг киши қайта киришини маълум қилди.

- Бу Ўзбекистон ҳукуматнинг расмий органи бўлган ЎзА, нашридан уч баробар кўпроқдир. Ўзбекистонда Uznews.net нашрига тўсиқ қўйилган бўлишига қарамасдан тошкентлик муштарийлар прокси сайтлар орқали бизга киришмоқда. Lenta.Ru биз ëзган мақолаларни кўчириб босади.

Суҳбат сўнгида Uznews.net бош муҳаррири Галима Бухарбаева яқин соатларда нашр тикланишини ваъда қилди.

2011 йилда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 8 миллиондан ошгани қайд қилинди.

Ўзбекистон беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига тўсиқ қўйган ва"Интернет душманлари" рўйхатига киритилган мамлакат ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG