Линклар

logo-print

Россиядаги сайловлар: авлодлар тўқнашуви


Сайловчиларнинг эски авлоди ҳам, янги авлоди ҳам 4 март куни ўтажак сайловда ғалаба қозониш эҳтимоли катта бўлган Владимир Путин бундан буён бошқарув сиёсатини ўзгартиришига умид боғламоқдалар.

Сайловчиларнинг эски авлоди ҳам, янги авлоди ҳам 4 март куни ўтажак сайловда ғалаба қозониш эҳтимоли катта бўлган Владимир Путин бундан буён бошқарув сиёсатини ўзгартиришига умид боғламоқдалар.

Янги президентни сайлашга тайёрланаётган Россияда авлодлар тўқнашуви кўзга ташланмоқда. Бунда бир томонда Кремлга қайтишга шайланаётган Путиннинг саҳнадан кетишини истаётган ёшлар бўлса, “баррикаданинг” нарёғида Путинсиз Россиянинг бошбошдоқлик гирдобида қолишидан қўрқаётган катта ёшдагилар қолмоқда. “Оталар ва болалар” ўртасидаги конфликт табиатини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири 56 ёшли дирижёр Александр Аванесов ва у бошчилик қиладиган хорнинг ўспирин иштирокчилари билан суҳбатда бўлди.

Владимир Путинга овоз бериш ниятини билдирган 56 ёшли Александр Аванесов ёш авлод Путин иқтидорга келишидан аввал 1990 йилларда ҳукм сурган бошбошдоқлик ва йўқчиликни бошдан кечирмагани учун вазиятни тушунмаяпти, деган фикрда.

18 ёшли Татьяна Ким эса, Путиннинг авторитар бошқарув тизимига бефарқ қараб тура олмаслиги ва 4 март кунги сайловда унга рақиблик қилаётган номзодлар Кремлнинг қўғирчоқлари, деган ишончда сайлов варақасини қасддан бузиш ниятидан эканини айтади.

Москвадаги француз хори дирижёри Аванесов ва айни хорда қўшиқ куйлайдиган Ким ўртасидаги авлодлар тўқнашуви президент сайлови олдидан россияликлар орасида вужудга келган асосий зиддиятлардан бирига чизгидир.

Аванесов тенгдошларининг кўпчилиги Путин ҳокимиятга келишидан аввал Россияда кузатилган алғов-далғов кунларнинг қайтишидан қўрқиб, бош вазирни президентликка қайтаришга хайрихоҳлик кўрсатмоқда.

Кимнинг тенгдошлари эса Путин ҳокимиятга келгач кузатилган барқарорликни объектив воқеълик сифатида қабул қилиб, бугунги авторитар тизимдан демократик тизимга ўтиш тарафдорларидир.

Ёш авлодни тушунмасликда айблаётган Аванесов, албатта Путиннинг қайтишидан кўра, Дмитрий Медведевнинг иккинчи муддатга қолиши мақсадга мувофиқ бўлар эди, дер экан, ўз фикрларини бундай изоҳлайди:

- Албатта улар Путиннинг оталарча гапириш оҳангидан чарчаган, шунинг учун қандайдир янгиликни истамоқда. Биз ўз вақтида сиёсатни ўйламасдан, ҳар сафар партия съезди бўлганда юрагимизни чангаллаб ўтирмайдиган замонлар келишини орзу қилганмиз. Биз етарли пул ишлаб, оиламизни ўзимиз боқа оладиган, одамга ўхшаб кийинадиган, тўйиб овқат ейдиган, хорижга бемалол чиқа оладиган замонлар келишини истаган эдик. Ҳозир шундай замон келди, - дейди 56 ёшли мусиқачи.

Аванесовнинг шогирдлари эса ўз ҳаётлари ота-оналари бошдан кечирган қийинчиликларга солиштирганда яхшироқ эканини эътироф этишади, лекин Россияда бугун кузатилаётган авторитар тизим буни оқлай олмаслигини айтишади. Озодлик мухбири билан Москвадаги кафеда учрашган Татьяна Ким ва унинг ўртоқлари амалдаги режим туфайли Россияда турмуш таназзулга юз тутаётганидан ташвиш билдирди.

Татьянанинг дугоналаридан бири 17 ёшли Камила Грачёва: "Ҳокимиятнинг мухолифат намойишлари ортида ташқи кучлар турганига оид иддаолари куракда турмайди", дейди. Бу, унинг фикрича, оддий фуқароларнинг фикр эркинлигига тўсқинлик қилишдан бошқа нарса эмас.

- Одамларнинг ҳуқуқлари борлигини унутмаслик керак-ку. Улар ўзгаришларни истаса, нега кўчага чиқиб, буни талаб қила олмасликлари керак? - деб савол ташлайди Камила.

- Баъзилар одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борлигини эсдан чиқариб қўяди, бошқалар эса мажбуриятлари борлигини билмай қолади, - дея жўр бўлади Татьяна.

Грачёва, шунингдек, Россияда мавжуд сиёсий тизимнинг худди “Потёмкин қишлоғи” кўринишида эканидан хафсаласи пир бўлганини айтади. Камиланинг фикрича, сайловни сайлов, ўзини ҳокимиятга мухолиф деб айтаётган партиялар эса ҳақиқий мухолифат, деб атаб бўлмайди.

- Декабрдаги Давлат думаси сайлови амалда танлов имконини бермади. Сайловда иштирок этган партиялар ўзларини гўёки мухолифат деб кўрсатдию, лекин амалда улар мутлақо авторитар режимнинг бир қисмидир, - дейди 17 ёшли талаба.

Кафеда ёш қизлар билан суҳбатни эшитиб қолган қўшни столда ўтирган ўрта ёшдаги аёллардан бири: “Бўлди қилинглар, бундай шиорларни 1980 йиллардан бери эшитиб келамиз, ҳаммаси бўлмаган гап”, дея ёш қизлар гапини бўлади.

Жамиятшунослар мулоҳазасича, авлодлар ўртасидаги зиддият бугунги кунда россиялик сайловчилар орасида юзага келган бўлинишнинг бир қисми, холос. Борис Дубин Россиядаги Левада мустақил ижтимоий сўров маркази мутахассиси.

- Сахаров, Якиманка кўчалари ва Болотная майдонидаги мухолифат намойишларида ўтказилган сўровларга кўра, уларнинг кўпчилиги ёшлар эмас – асосан 40 ёшгача бўлганлар эканини кўриш мумкин. Намойишчилар орасида 40 дан 55 ёшгача бўлганлар ҳам кўп бўлди. Шунинг учун бундай зиддиятни турли қатламлар орасида кўриш мумкин: масалан, марказий шаҳарларда яшаётганлар билан чекка жойларда яшаётганлар, ўзига тўқлар билан қашшоқлар, ёшлар ва ёши катталар ўртасида ҳам бўлиниш бор, - дейди социолог Дубин.

Аванесов шу пайтгача Путин тарафдорлари намойишларида қатнашмаган бўлса-да, келгуси чиқишларда иштирок этиш ниятида эканини айтади. Чунки, дейди у, кўчаларга чиқаётган мухолифат ҳаракати Россия барқарорлиги учун таҳдиддир.

Татьяна билан Камила якшанба кунги сайловда Путиннинг ғалаба қилиш эҳтимоли юқори эканини тан олади, айни пайтда унинг президент ўлароқ навбатдаги муддати давомида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишига умид қилишларини айтишади.

Аванесов ана шу нуқтада ўз шогирдлари фикрига қўшилишини айтади.

- Мен ҳам унинг ўзгаришига умид қилиб турибман. У бошида ҳокимият тепасига келганида Чеченистон можаросини ҳал қилиши керак бўлган ва қайсидир маънода Сталиннинг Гитлерга қарши кўрсатган қаттиққўллиги, қўрслиги қўл келди. Лекин ҳозир, менимча, маданиятлироқ ва интеллектуал сиёсат ва позицияни тутиш пайти келди, - дейди Аванесов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG