Линклар

Семизликни қўй кўтарсин, аччиғимизни ҳарф. Ҳарфлар ҳам бисёр - нақ ўттиз олтита. Демак, тутоқиб турганда камида ўттиз олти марта хумордан чиқиш мумкин.


Бу ҳақиқатни кеча кашф қилдим.

Прагадан учган бир танишимдан Тошкент аэропортида чамадони очилиб, ичидан совға-cаломлари: битта жемпер, жемпернинг чўнтакларидаги бижутерия, икки коробка конфет ўғирлаб қўйилганини эшитиб, багаж ташувчиларни, уларнинг бошлиқларини “Ў” (ўғри), деб, “Я” (ярамас), деб, “Ж” (айтмайман), деб росса сўкдим.

Сўкдим, сўкдим – хумордан чиқмадим.

“Ў”, “Я”, “Ж”ларнинг ўша жемпер, жемпер чўнтакларидаги бижутерия, икки коробка конфетни уйига кўтариб боришини тасаввур қилдим:

- Ма, хотин, бугунги ўлжа шу бўлди, холос, конфет икки коробкайди, биттасини бошлиққа бердим.

- Сиқилманг, дадаси, дамингизни олинг, эртага кўпроқ ўғирларсиз...

Бундай мулоқот бўлмайди багаж ташувчининг уйида, деб кўрингчи?!

Бўлади-е! Қаёққа обборади, уйига олиб бормаса аэропортнинг “Ў”, “Я”, “Ж”си ўлжасини?..

...деб Сиз тингловчи билан ғойибона баҳслашиб ўтирувдим, бирдан телевизорда сайловолди дебатлари бошланиб қолди.

Россия телевидениесини айтяпман. ЎзТВда сайловолди дебати бўлмайдику, биласизку буни!

Жириновский билан Прохоров ўртасидаги дебатни кўриб ўтириб билдимки, бу дунёдаги ишкалликларнинг бош айбдори “П”лар экан. “П”ларнинг бир тоифаси халқнинг ёнини олиб, олий тоифадаги “П”ларни назорат қилиб турмаса, мамлакатни “Ў”, “Я”, “Ж”лар босиб кетишини тушундим.



Демак, ҳамма айб “П”ларда.

Россия “П”(президент)лигига номзод Жириновский, бошқа бир номзод “П”(Прохоров) билан баҳслашар экан, мамлакатнинг энг таниқли “П” (певица)си “П”(Пугачева)ни “П”(певичка) деди. Қизишиб кетган “Ж” “П”ни яна бир марта “П” деворди. Бу “П”ни айтмаймиз. Бу “П” ўзбекча “Ж” дегани.

Бу гапни эшитганидан кейин, естественно “П”нинг жаҳли чиқди-да, “Ж” ни ”П”(псих) деворди.

Шундан кейин сиркаси сув кўтармас “Ж”ники қўйвормайдиган бўлиб тутиб қолди.

“Ж”нинг айтишича, сўнгги 60-70 йилдаги Россия раҳбарларининг ҳаммасиям “П” бўлган экан. Янги Россиянинг биринчи “П”(президенти)и Ельцин эса бир эмас, икки марта “П” – “ПП”(полупьяный придурок) бўлган экан.

Балки чиндан ҳам шундайдир. Бу масалада “Ж” билгичроқ: у “ПП” давридаям “Ж” эди.

“Ж” “П”(президент)ликни талашиб “П”(Прохоров) ва “П”(Пугачева)ни хафа қилдию, лекин барибир “П”ликка яна “П”(Путин) келадиганга ўхшаб турибди. “П”нинг “П”ликка учинчи марта келишини ҳисобга олсак, демак у Биринчи “ПП” “П”дан ҳам ўтиб тушади: “ППП” бўлади.

Россия телевидениесида ўтказилган сайловолди дебатидан ҳамма айб “П”ларда, деган тўғри хулоса қолди. “П”ларнинг “ПП”лиги очиқ айтилмагунча, аҳвол ўнгланмаслигини аҳволини ўнглаб олган мамлакатлар “П”(популяция)си билади.

Айбнинг “П”ларда эканлигини ЎзТВ журналистлариям , хусусан, “Нигоҳ” кўрсатуви муаллифлариям билади.

Фақат “П”дан “П”нинг “парқи” бор. Россия ТВсидан айб энг катта “П”ларда эканлигини билган бўлсак, ЎзТВ айбни энг кичик “П”(потребитель-истеъмолчидан) излайди.

“Нигоҳ”нинг аввалгисида “П” чироқ ҳақи тўламаганликда айбланган эди, бу гал газ ҳақи тўламаганликда айбланди.

“Хўш, айни қиш мавсумида табиий газ таъминотидаги бундай муаммоларнинг бўртиб чиқишига нималар сабаб бўлаяпти? Мутахассисларнинг қайд этишларича, энг аввало тизимда тўлов интизоми кўнгилдагидек эмас”.

“Нигоҳ”и ўткирлар мамлакатнинг “П”(потенциал)ини кўкларга кўтариб мақтадилар.

“Республикамиз табиий газ қазиб олиш ва унинг заҳираси жиҳатдан дунëда етакчи ўринларда туриши албатта ҳар биримизнинг кўнглимизга фахр-ифтихор туйғусини солади. Ҳозиргача мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 160га яқин нефт ва газ конденсати ҳамда табиий газ конлари топилган бўлиб, уларнинг 90дан ортиғи ишга туширилган. Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, аҳолини табиий газ билан таъминлаш ишларига фақатгина мустақиллик йилларидагина алоҳида эътибор қаратилган. Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, истиқлолнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз аҳолисига табиий газ етказиб берувчи газ қувурларининг жами узунлиги бор-йўғи 34 минг километрни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 120 минг километрдан ошиб кетди”.

Агар мамлакат “П”(потенциали) шунчалик зўр бўлса, нима учун “П”(периферияда – Тошкентдан ташқари)да бу йил газ, юмшоқроқ айтганда, деярли бўлмади? (Бу мавзуда кейинги 3 ойда эълон қилинган ўнлаб лавҳамизни ўқинг)

Агар мамлакат “П”(потенциали) шунчалик зўр бўлса, нима учун “П”(производство – ишлаб чиқариш) тўхтатиб қўйилди. (“Нигоҳ”чилар тилга олган Янгийўлдаги ғишт заводларию жойлардаги газ билан ишловчи бошқа корхоналар тўхтаб қолгани тўғрисида Озодлик ёзиб чарчади)

Агар аҳолини газ билан таъминлашнинг йўли “П””(производство – ишлаб чиқариш)ни тўхтатиб қўйиш бўлса, яқин йиллар ичида бутун Ўзбекистон ёппасига қишда ишламай “П”(палов) еб ётадими?

Нима учун “Нигоҳ”чилар “П”(проблема)нинг асл “П”(причина-сабаб)лари тўғрисида ўй юритмайди?

Гап, “Нигоҳ”чилар айтаётгандай, ҳукуматнинг аҳолига ғамхўрлигининг “П”(псевдо)ғамхўрлик эканлигида эмасми?

Гап бу “П”(псевдо)ғамхўрлик амалда соҳадаги “П”(порахўрлик - коррупция)нинг урчишигагина хизмат қилаётганида эмасми?

Гап кўрсаткич ортидан – газ қувурларининг “П”(погон)метрини кўпайтириш “П”(пойгаси)га тушиб олганлар уйдан мўрини катта қуриб олганида эмасми?

Тўғри, умуман одам, хусусан, ўзбек – хом сут эмган ожиз банда. Ожиз бўлмаса, аэропортнинг багаж ташувчи ишчисига ўхшаб бировнинг чамадонига қўл солармиди?

Ожиз бўлмаса, уларни “Ў” (ўғри), деб, “Я” (ярамас), деб, “Ж” (айтмайман), деб сўкиб ўтирармидик...

Лекин бировнинг чамадонигаки бемалол қўл солишаётган экан, “тўлов интизоми” тўғрисида гапириш ҳозирча ортиқчага ўхшайди.

Демак, жамият механизмида нимадир бузуқ.

Гап “П”дадир?

“Пульт”ни айтяпман. Телевизорнинг пультини.

А Сиз нима деб ўйладингиз?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG