Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:08

Мухторов устидан навбатдаги маҳкама апрелда бўлади


Халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айби билан АҚШда судланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторов устидан навбатдаги маҳкама 9 апрел кунига белгиланди. Колорадо штати Денвер шаҳри маҳкамаси пайшанба куни бу ҳақда эълон қилди.

2007 йилда АҚШда бошпана топиб, Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасида яшаб келган 35 яшар Мухторов АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилот деб тан олган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ёрдам кўрсатишга уринганликда айбланмоқда.

Мухторов иши бўйича маҳкама жараёнини кузатаётган “Denver post” мухбири Фелиса Кардонанинг Озодликка айтишича, ўзбек қочқини устидан суд ҳали ойлаб давом этиши мумкин.

- Навбатдаги маҳкама 9 апрел кунига белгиланди, лекин суд куни ўзгариши ва жараён ойлаб давом этиши мумкин,- деди Кардона.

Жамшид Мухторов 21 январ куни Чикагонинг О'Ҳара халқаро аэропортида Истанбулга кетаётган маҳал ҳибсга олинди.

Аввалги маҳкамаларда Жамшид Мухторов ўзига қўйилган айловни қатъиян рад этган. Мухторов ўзи ва оиласини зўрға боқаётган бир пайтда қандай қилиб терроризмни қўллаши мумкинлигини айтган.

- Маҳама жараёни пайти мен Мухторовни шахсан кўрдим. У Интернетда эълон этилган суратларидаги каби серсоқол эмас эди. Қисқа соқол қўйган анча ёш кўринди менга,- дейди “Denver post” мухбири Фелиса Кардона.

Жамшид Мухторов ишини кўриб чиқаётган Колорадо штати Адлия бошқармаси вакили Жэфф Доршнернинг Озодликка айтишича, қўлга киритилган далиллар ўзбек қочқинининг террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлганини кўрсатмоқда.

- Биз қўлга киритган далиллар Мухторовнинг Исломий жиҳод иттифоқига хайрихоҳ сифатида океаноша улар ёнига сафар қилиб, шу гуруҳ сафида жанг олиб боришга иштиёқи бўлганини кўрсатмоқда,- деди Доршнер 9 феврал кунги интервью чоғида.

- Айблов томони Мухторов Усама бин Ладен таълимотига ишониши ҳақда айтганларига гувоҳ бўлган одам ҳам борлигини айтмоқда. Лекин, ҳали бу гувоҳ маҳкамага олиб келинмади. Бу ҳозирча фақат прокурорларнинг гапи бўлиб қолмоқда,- дейди “Denver post” мухбири Фелиса Кардона.

Ҳозирда Мухторов Энглвуд шаҳарчасидаги тергов изоляторида террорчиликка гумон қилинаётган шахс сифатида алоҳида камерада ҳибсда ушлаб турилибди.

- Мухторовни адвокатлари уни гаров эвазига озод этишга уриниб кўришди. Бу иш бермади. Ҳозир адвокатлар уни оддий махбуслар сақланадиган камерага олиб ўтишга уриниб кўришмоқчи. Қамоқхона расмийлари эса махбус хавфсизлигини ўйлаб уни алоҳида камерада сақлашаётганини айтишмоқда. Бошқа махбуслар терроризм айбловидан келиб чиқиб унга бирон кор-хол қилиб қўйишмасин деб, уни алоҳида сақлашмоқда экан,- дейди Кардона.

Исломий Жиҳод Иттифоқи Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади. Бу гуруҳ 2004 йилда Тошкентда рўй берган портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Шунингдек, 2007 йилда Германияда террор ҳужумларини амалга оширишга уринганликда гумон қилиб қўлга олинган икки туркнинг ҳам Исломий жиҳод иттифоқига алоқаси бўлгани айтилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.
Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар рафиқаси ва қизи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Айби исботлангани тақдирда Мухторов камида 15 йилга қамалиши мумкин.
XS
SM
MD
LG