Линклар

logo-print

Обид қорига суиқасдга норозилик билдирилмоқда


Обид қорига қилинган суиқасдни қоралаб дунë бўйлаб ўтказилаётган пикетлардан биринчиси Стокголмда бошланди.

Жума куни Швецияда, таниқли уламо Обид қорига қилинган суиқасдга қарши пикетлар бошланди.

Шунингдек Туркия, Дания, Ҳолландия, Британияда АҚШда ҳам жума куни норозилик тадбирлари режаланган.

Пикет ташкилотчилари Озодлик билан суҳбатда бу тадбирлардан мақсад ўзбек режимини танқид қилган таниқли уламо ҳаëтига қасд қилинишига жаҳон жамоатчилиги диққатини жалб қилиш эканини билдиришди.

Швециядаги пикет


Стокголмдаги Риксдак майдонидаги пикет ҳақида тадбир иштирокчиси Қудрат Бобожон хабар берди:

- Швециядаги Парламент ва Қирол саройи олдида эрталабдан 25 нафар киши пикетни бошлаб юборди. Пешин номозидан кейин намойишчилар сони яна кўпаяди. Пикетчилар журналист Алишер Соипов, мухолифатчи Фуад Рустамхўжаев ва имом Обид қори Назаровлар суратлари билан бирга "Каримов режимининг кейинги қурбони ким?" деган шиорни кўтариб туришибди.



Пикет Ўзбекистон Халқ ҳаракати, Швециядаги ўзбек жамоатчилиги ва Обид қорининг мухлислари тарафидан ташкил қилинди.

Намойишда шунингдек Швед парламенти депутати Меҳмет Каплан (Mehmet Kaplan) ҳам иштирок этди.



Пешин намозидан кейин эса пикет сафлари анча кўпайгани кузатилди. Пикетчилар сафига Швед парламенти депутати ҳам қўшилгани айтилди.

Пешин намозидан кейинги норозилик тадбири ҳақида Обид қори мухлисларидан бири Абдулмажид Термизий хабар берди.





Туркиядаги пикет


Истанбулдаги Швеция консуллиги биноси олдида ҳам жума пешин намозидан кейин Обид қорига қилинган суиқасдга қарши тадбир ўтказилди.

“Қотиллар жазолансин”, Европа Иттифоқи “Ўзбекистон билан алоқаларни узсин” деган шиорлар кўтарган 30 га яқин киши овоз кучайтиргич орқали ўз талабларини илгари суришди.

Ўзбекистон Эрк Демократик партияси, Туркиядаги ўзбеклар жамияти тарафидан ташкил қилинган бу тадбир ҳақида намойиш ташкилотчиси Иброҳим Абдуллоҳ гапирди.


Данияда беш кишилик пикет


Даниядаги Виборг шаҳридаги Швед консуллиги биноси олдида Обид қорига ўзини мухлис деб билган беш нафар ўзбек муҳожири пикет ўтказди.


“Обид қорига қилинган жиноят жазосиз қолмасин” деган шиор кўтарган беш ўзбек йигити Бутун Даниядан йиғилиб келишди, дер экан тадбир ташкилотчиси Мустафо Аҳмедов кўп ўзбеклар қўрққани боис пикетга келмаганидан таассуф билдирди.




Пикетлар ҳақидаги хабарларни кун давомида янгилаб турамиз. Сайтни кузатиб боринг.

Обидхон қори Назаров 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида, маҳаллий вақт билан соат 13:40 ларда ўз уйи подъездида номаълум шахм томонидан отиб кетилди.

Ҳозирда Обид қори Умио шаҳридаги касалхонада кома ҳолатида қолмоқда.

Суиқасд юзасидан олиб борилаётган тергов билан Швеция хавфсизлик хизмати шуғулланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG