Линклар

Турли партиялар ўртасидаги сиëсий рақобатнинг можарога айланиб¸ яна миллий тус олишидан чўчиëтган ўшлик ўзбеклар ўз аҳли аëллари ва қарияларини сиëсий эҳтирослар босилгунга қадар Ўзбекистондаги қариндошлариникига ўтказишга уринмоқда.

Бу ҳақда Озодликка ўзбек-қирғиз чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш пунктига яқин жойда яшовчи манба хабар қилди.

Бу манбанинг Skype орқали билдиришича¸ Ўшдан Ўзбекистон томонга ўтувчилар сони кўпайгани муносабати билан ўзбек чегарачилари сони икки бараварга оширилган ва чегара назорати кучайтирилган.

“Айланма йўллар жуда қаттиқ назоратга олинган. Ҳар бир одамни обдон текшириб ўтказишаяпти. Агар эрталаб 4-5 да келиб¸ Ўзбекистон тарафга ўтиш учун навбат олишмаса¸ иккинчи кунга қолиб кетишаяпти. Ҳар кун ўтиш учун 500 дан 700 нафаргача одам навбатда турибди. Қирғиз чегарачилари тезроқ расмийлаштириб¸ ўтказиб юборишаяапти¸ аммо ўзбек чегарачилари ва таможнячилари анча секин қимирлашаяпти. Ўтказиш учун пора олишганини кўрмадим¸ аммо ҳаракат жуда секин. Ўшлик йигитлар ўзлари қолиб¸ болалари ва ота-оналарини ўтказишаяпти. Сайлов тинч ўтса¸ қайтишади”¸ деб ëзди Озодликка чегарадаги вазиятни бевосита кузатган ўз манбаси.

2 март куни Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани ҳудудида жойлашган "Дўстлик" чегара пункти билан боғланиб¸ у ердаги расмийлардан авҳолни ўрганишнинг имкони бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган ўшлик ўзбек йигитлар¸ Ўшда сайловолди жараëнлари қизиб бораëтган бир кезда¸ айрим оилалар эҳтимолий зўравонликлардан қўрқиб¸ ўз яқинлари муҳофазасини таъминлаш мақсадида уларни Ўзбекистондаги қариндошлариникига ўтказиб қўяëтганини тасдиқлади.

- Ўзбеклар бу нарсалардан қўрқиб қолдида. Ишонмай қолдида. Тўполон бўлса, у ëққа, бу ëққа, Ўзбекистонга қарияларни, бола-чақаларини ўтказишиб, страховка қилишаяптида. Олдин ғафлатда қолиб кетишди кўрдингизку. Ўтказгани ўтказаяпти. Сақлаяптида¸ деди Озодлик мухбири суҳбатлашган ўзбеклардан бири.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайловлар арафасида айрим миллатчи унсурлар тўполон чиқса¸ яна ўзбекларнинг жони ва молига кўз тикиб тургани ҳақида шаҳарда дув-дув гап¸ шундан қўрққанлар¸ ўз билганича оиласини қўришга ҳаракат қилаяпти¸ дейди биринчисидан мустақил иккинчи ўшлик манба.

- Паника бўлаяпти. Митинг қиламиз, уруш қиламиз Бишкеккада энди, мана шунақа гаплар бор. Ҳа, бор, бор ўтказишаяпти. Қўрққан қўрқади. Паника бор¸ дейди яна бир ўшлик.

Ўшлик ўзбек журналисти Салтанатхон опа¸ шаҳардаги мухолиф партияларнинг 1 март куни ўтказган сайловолди митинги муносабати билан шаҳарликлар орасида қўрқув ҳислари ëйилганини айта туриб¸ бу хавотирнинг нафақат ўзбек¸ балки бошқа миллат вакиллари орасида ҳам мавжудлигини таъкидлайди.

- Безовталик нафақат ўзбек миллати, бошқа миллатлар орасида ҳам бор. Кеча мен мактабларни ҳам кузатдим. Ўша ерда ҳам мактабларга ўқувчилар кам борган. Ота-оналар қўрқиб жўнатмаган болаларини. Эртага, бугун митинг бўларкан, яна митингда ҳар хил воқеа бўлиб қолармикан деган ўйдада. Қирғиз дўстларимизнинг ўзи ҳам жўнатмаган мактабга болаларини. Кечадан бери ошхоналар, йўлларда кузатаяпман, ошхоналар кеча ҳам ишлагани йўқ. Соқчи билан турадиган дўконлар ишлаяпти. Соқчиси йўқ дўконлар ишламаяпти. Бозорларни айланган эдим. Одам ҳам кам, сотувчи ҳам кам, олувчи ҳам кам. Қўрқишаëтган ери¸ партия билан партия ўртасида уруш чиқиб кетишидан ҳам одамлар чўчияпти¸ дейди ўшлик журналист.

Айни пайтда¸ ўшлик ўзбеклар орасида кескинлашиб бораëтган сайловолди жараëнидан туғилаëтган таҳликаларга қарамай¸ ўз уйида қолиб¸ сиëсий тадбирнинг тинч якун топишига умид қилаëтган оилалар ҳам талайгина.

Шундай оила бошлиқларидан бири Ойбек гапиради.

- Ўзбекистон томонга қандай ўтамиз? Ўзбекистон томонлари ҳамма ëқ берк бўлса. Мана шу ерда Худодан кўрганимиз, пешонамизга ëзгани¸ деб ўтирамиз бир бошга бир ўлим деб. Чегарага бориб шундай ўтиб кетавермайсизку. Унақа ўйимиз йўқ. Худо хоҳласа тинчлик бўлади, ҳаммаси тинчлик бўлади¸ деяпти энди. Худодан тилаб турибмиз¸ илойим тинчлик бўлсин деб. Энди Ўзбекистонга ҳам ўз тинчлиги керакда. Бизнинг Ўзбекистондан ҳафсаламиз пир бўлгани йўқ. Нимага десангиз, у ерда бизнинг қариндош-уруғларимиз бор, опаларимиз бор¸ лекин ўз уйингдан¸ ўз ватанингдан яхши жой йўқ. Шунинг учун ҳеч қаерга кетишни ўйлаëтганимиз йўқ¸ дейди 2 март куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган ўшлик ўзбек оиласи бошлиғи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG