Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:54

Oxus Gold Тошкент билан судлашувда иттифоқчи топди


Ўзбекистон ҳукумати билан судлашаётган Oxus Gold ширкати акцияларининг нархи кўтарилди. Британия ширкати Ўзбекистон билан тузилган Amantaytau Goldfields (AGF) қўшма корхонасидаги улушидан маҳрум этилгач, акциялари Лондон биржасида савдодан олиб қўйилган эди.

Oxus Gold акциялари нархининг 32,2 фоизга кўтарилишига Calunius Litigation Risk Fund жамғармаси Ўзбекистон ҳукумати билан судлашётган ширкатга суд ҳаражатларини қоплаш учун маблағ ажратгани сабаб бўлди.

Судлашув боис қийин аҳволда қолган ширкатларга қарз бериш ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш билан шуғулланадиган жамғарма ўз хизмати учун Oxus Gold Ўзбекистон билан судлашув натижасида олинадиган товон пулининг бир қисмига эгалик қилишга келишиб олди.

Calunius Fund жамғармасининг бу ишга аралашуви, Ўзбекистон ҳукумати билан муаммоларни ҳал қилишга уриниб келаётган Oxus Gold қоғозларининг Лондон биржасида савдога қайтиб, ҳар бир акцияси 2 фунтдан сотилишига имкон очди.

Британиянинг Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукуматидан ўзига еткизилган 400 миллион долларлик зарарни қоплатишни сўраб Халқаро арбитраж судига расман мурожаат қилди. Бу сўровга, Ўзбекистон ва Британия ўртасида имзоланилган ўзаро сармояларни ҳимоялашга оид келишувнинг асос бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда 2001 йилдан бери фаолият юритиб келадиган Oxus Gold ширкати 2011 йилда муаммоларга дуч келди. Ўзбекистон ҳукумати инглиз ширкатини солиқдан бўйин товлаганликда айблаб, Amantaytau Goldfields қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини тортиб олган.

Oxus Gold бу айбловлар туҳмат эканини айтиб, Ўзбекистон ҳукумати устидан Халқаро арбитраж судига шикоят қилган.

Oxus Gold ширкати Ўзбекистонда солиқдан бўйин товлаганликда биринчи марта айбланаётгани йўқ.

2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатда олтин конларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келган яна бир хорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини айни айбловлар билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани ваъжидан “Зарафшон-Нюьмонт” қўшма кохонасидаги улушидан маҳрум бўлди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати Ўзбекистондаги судда ғолиб чиққан. Бунинг эвазига Британия ширкати ўша пайтда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб беришга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG