Линклар

Россияда 4 март куни ўтадиган президентлик сайлови арафасида Москвага қўшимча тарзда 6 мингдан ортиқ полиция кучлари жалб қилинди.

Россия Ички ишлар вазирлиги 4 март куни ўтказиладиган президент сайлови ва сайловдан кейинги кунларда Москвада тартибни сақлаш учун Россиянинг марказий минтақаларидан пойтахтга 6 минг 300 нафар қўшимча полиция ходими жойлаштиришни режаламоқда.

Вазирлик буни 5 март куни Москвада қатор намойиш ва пикетлар ўтказилиши кутилаётгани билан изоҳлади.

Россияда 2011 йил декабр ойида ўтказилган парламент сайлови натижалари соҳталаштирилганини иддао қилган мухолиф партиялар бир неча марта оммавий норозилик акциялари уюштирди.

Бази намойишларда 100 мингдан кўп одам иштирок этгани айтилмоқда.

Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров 4 март куни ўтадиган президентлик сайловларини кузатиш учун 685 та халқаро кузатувчи рўйхатга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда МСК раиси Москвада ўтган хорижий элчихоналар дипломатлари билан бўлган учрашуви чоғида айтди.

Чуровга кўра, сайловолди тарғиботи жараёни тинч ўтди. Президентликка номзодлардан тушган аризалар эса асосан тарғибот жараёнида содир бўлган ноқулайликлар ҳақида бўлди. Оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот –ташвиқот олиб борилиши чеклангани тўғрисида бирорта номзод шикоят қилмаган.

Россия Коммуникация ва алоқа вазири Игор Шеголев президентлик сайлови жонли тарзда трансляция қилинадиган webvybory2012.ru сайтига 600 мингдан ортиқ интернет қўлланувчиси аъзо бўлганини ва улар кўриш учун уч ярим миллион нуқтани танлаб олганликларини билдирди. Бугун сайловларни видео орқали кузатиш тизимида сўнгги текширув ишлари олиб борилмоқда.

3 март Россияда сайловлар олдидан “жимклик куни” ҳисобланади ва тарғиботнинг ҳар қандай тури тақиқланган.

4 март кунги сайловда иқтидордаги Бош вазир Владимир Путин, "Справедливая Россия" етакчиси Сергей Миронов, Коммунистлар етакчиси Геннадий Зюганов, Либерал-демократлар раҳбари Владимир Жириновский ва миллиардер Михаил Прохоровлар президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Таҳлилчилар 4 март кунги президент сайловида Владимир Путин ишончли ғалаба қозонишини башорат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG