Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

БМТ Бош котиби Суриядаги вазиятдан ташвишда


Сурия ҳукумати кучлари Ҳомс шаҳрини нишонга олишни давом эттираётган бир пайтда БМТ Бош Котиби Бан Ки Мун Суриядаги вазият борасида ташвиш билдирди.


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Суриядаги вазият, жумладан, Ҳомс шаҳрида одамлар ҳукумат кучлари томонидан ўзбошимчалик билан қатл қилинаётгани, қамоққа ташлаётгани ва қийноққа солаётгани ҳақида олинаётган хабарлардан хавотир билдирди.

193 мамлакат аъзо бўлган Бош Ассамблея йиғилишида сўзлаган Бан Ки Мун Сурия ҳукумати ўз халқини ҳимоя қила олмаганини таъкидлади.

- Биз шу ҳафтада Сурияда кечаётган воқеаларни хавотир билан кузатдик. Биз мамлакат бўйлаб аҳоли зич жойлашган шаҳарлар тўплар ва танклардан ўққа тутилганини кўрдик.

Кеча Ҳомс шаҳрига кенг кўламли ҳужум уюштирилди. Тинч аҳоли катта талафот кўргани муқаррар. Бизга одамлар ўзбошимчалик билан қатл этилаётгани, қамоққа ташлаётгани ва қийноққа солинаётгани ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда, - деди БМТ Бош котиби.

3 март куни Суриялик фаоллар ҳукумат кучлари Ҳомс шаҳри туманларини тўплардан ўққа тутишни давом эттираётганини хабар қилди.

Айни пайтда, Сурия ҳукумати Халқаро Қизил Хоч ташкилотига ҳарбий ҳаракатлар бораётган минтақага ёрдам юклари олиб киришга рухсат бермади.

Хабарларга кўра, Халқаро ташкилотнинг озиқ-овқат ва бошқа зарурий юклар ортилган машиналар карвони Ҳомсга етиб келганида тўхтатиб қолинган.

Пайшанба куни ҳукумат кучлари ишғол қилган Ҳомс шаҳрининг Баба Амр тумани аҳолиси аянчли вазият юзага келганини айтмоқда.

Аҳоли вакилларига кўра, уч ҳафтадан ортиқ вақт давомида ҳукумат кучлари қуршовида қолган Баба Амрда ҳозир ичимлик суви, электр ёки озиқ-овқат йўқ.

Сурия Президенти Бараш Ал-Ассад режимига қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчилар ўқ-дори тугаётгани сабабли пайшанба куни Ҳомснинг Баба Амр туманидан чекинишга мажбур бўлган.

Бан Ки Мун Бош Ассамблеяда қилган чиқишича халқаро ҳамжамият Сурия борасида бир овоздан гапирадиган вақт келганини таъкидлади.

- Халқаро ҳамжамият бир овоздан, баралла ва аниқ гапирадиган вақт келди. Бу масалада ҳар хил фикрда бўлиш Сурия ҳукуматининг зўравонлик ҳаракати боши берк кўча томон кетишда давом этишини англатади.

Инсонпарварлик ёрдамининг кечикаётгани янада кўп одам азият чекишини англатади. Зўравонликлар давом этиши фуқаролар уруши ва узоқ муддатли мазҳаблараро низо келтириб чиқариши мумкин, - деди Бан Ки Мун.

Дамашқ расмийлари Бан Ки Мун Суриядаги вазият ҳақида “етарлича маълумотга эга эмаслигини” таъкидлади.

Айни пайтда, Суриялик фаоллар 3 март куни Туркияга чегарадош бўлган Идлиб вилоятида Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлганини билдирди.

Тўқнашувлар пайтида қанча талафот кўрилгани ҳақида хабарлар олинмади.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда ўтган йил март ойида президент Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери етти ярим минг одам нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG