Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Ўшда сайлов. Вазият барқарор


Ўшда шаҳар кенгаши депутатлигига сайлов бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловда ғолиб бўлган партия вакили Ўш шаҳри мэри лавозимига сайланади.

Ўш шаҳар сайлов комиссияси дастлабки маълумотларга таяниб, соат 19 гача, я]ни сайлов участкаларида овоз бериш жараёни тўхтатилгунига қадар Ўшдаги 123 минг сайловчидан 85 мингги, ёки 70 фоизга яқини овоз бериб бўлганини билдирди.

Ўш шаҳар сайлов комиссияси, шунигдек, сайловда 7 партиядан қайси бири кўпроқ овоз олгани ва қайси партиялар вакиллари шаҳар кенгаши депутати мандатига эга бўлгани ҳақидаги дастлаки маълумот 4 март куни ярим кечаси маълум бўлишини, аниқ маълумотлар эса душанба куни эълон қилинишини билдирди.

“Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳокимияти марказий ҳукумат билан Конституция талаблари асосида муносабат ўрнатади”, деб баёнот берди Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов 4 март куни Ўшдаги 5277-сонли сайлов участкасида овоз бериб бўлгач, журналистлар билан қилган суҳбати чоғида.

Ўш мэрининг айтишича, шаҳар кенгаши депутатлигига сайловда иштирок этаётган 8 партиядан фақат Мелис Мирзақматов томонидан ташкил этилгани айтиладиган “Улуттар биримдиги” партиясигина ўшликлар манфаатини ҳимоя қила олади.

- Агар бизнинг “Улуттар биримдиги” партияси сайловда ғолиб бўлса, у ҳолда биз миллатлараро муносабатларни яхшилаш ва жамиятдаги барқарорликни сақлашни асосий мақсад қилиб оламиз. Конституцияга биноан ҳар бир миллат тенг ҳуқуқлидир. Бирон бир миллат учун имтиёзлар берилмаслиги керак. Мен барча миллат вакилларини битта мафкуравий-сиёсий ташкилотга бириктирмоқчиман. Шу кунгача бу энг долзарб муаммо эди, - деди Ўш мэри.

Журналистларнинг “Навбатдаги инқилоб содир этилиши эҳтимоли мавжудми ёки йўқми?” деган саволига Мелис Мирзақматов: “Мамлакатда партиявий диктатура ўрнатилди. Халқ бундан норози. Қирғизлар эркинликни жуда яхши кўради ва ҳар доим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр”, дея жавоб берди.

Бундан бир неча кун олдин Ўшда ваҳимали кайфият ҳукм сураётган эди. Ўшликлар орасида шаҳар кенгашига сайлов куни вазият издан чиқиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқаганди.

Бироқ мэрнинг айтишича, айни пайтда шаҳарда вазият барқарор ва турли ваҳималарга ўрин йўқ.

Ўшдаги сайловларни кузатаётган нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам айни соатларда шаҳарда вазият барқарор экани, милиция кучайтирилган тартибда ишлаётганини айтишмоқда. Сайлов куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида спиртли ичимликлар сотиш ва истеъмол қилиш тақиқланган.

Сайлов жараёнида бир қатор қонунбузарликлар ҳам кузатилаяпти. Ўш шаҳар мэрияси Марказий сайлов комиссиясига 288-сайлов участкасида паспорти бўлмаган сайловчиларга ҳам бюллетен берилгани ҳақида билдирди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдираимов эса Ўш шаҳар кенгаши сайловида иштирок этаётган 7 партиядан 3 таси сайловолди тарғиботи қоидаларини бузганлиги ҳақида эълон қилди.

Туйғунали Абдураимовнинг айтишича, Мелис Мирзақматовнинг “Улуттар биримдиги”, президент Алмазбек Атамбаев мансуб бўлган Социал демократлар ва Бош вазир Ўмурбек Бабанов асос солган “Республика” партиялари тарғибот жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйган.

- Бундай ҳолат барқарорликни издан чиқариш учун омил бўлиши мумкин, - деди Марказий сайлов комиссияси раиси Абдираимов.

Ўшдаги 73 та сайлов участкаси маҳаллий вақт билан соат 19.00 да ёпилади. Ҳозир сайловчилар фаоллиги кузатилаётгани ҳақида маълумотлар келмоқда. Ўшда 123 минг сайловчи рўйхатга олинган.
XS
SM
MD
LG