Линклар

Ҳозирги пайтга келиб Россиядаги 95 минг сайлов участкасининг ҳаммаси очилиб, овоз беришга келган сайловчиларни қабул қилмоқда.

Сайловчилар президентликка даъво қилаётган номзодлар - Россиянинг амалдаги Бош вазири Владимир Путин, "Справедливая Россия" етакчиси Сергей Миронов, Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюганов, Либерал-демократлар лидери Владимир Жириновский ёки миллиардер Михаил Прохоровлардан бирини танлашлари керак бўлади.

Сайлов арафасида россияликларга мурожаат қилган иқтидордаги президент Дмитрий Медведев ўз мамлакати фуқароларининг сайловларда фаол иштирок этишига амин эканини билдирди.

- Бу галги сайлов кампанияси юқори даражадаги фуқаровий фаоллик муҳитида бўлиб ўтди. У Россия жамияти янада баркамоллашганини ва расмийларга нисбатан ўз талабларини аниқ-тиниқ ифода эта бошлаганини кўрсатди, - деди Дмитрий Медведев.



Дарҳақиқат, бугунги сайловлар ўтган йил декабридага парламент сайловларидан кейин юзага келган фуқаровий норозилик қабатида бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловлардан сўнг мухолифат бу сиёсий тадбир жиддий қонунбузарликлар билан ўтганини даъво қилган, пировардида Россиянинг катта шаҳарларида бир неча бор намойишлар бўлиб ўтган, унда минглаб фуқаролар қатнашганди.

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 4 мартга белгиланган президентлик сайловларида 110 миллион фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Россия ҳудуди 9 соат минтақаси бўйлаб узангани ҳисобга олинса, овоз бериш қарийб бир сутка давом этади. Охирги сайлов участкаси (Калининград вилоятида) Москва вақти билан соати 21.00 ёпилиши айтилмоқда.

Овоз беришнинг дастлабки натижаларини МСК 5 март куни эълон қилиши керак, сайловнинг расмий натижалари эса 16 март куни чиқарилиши кутилмоқда.

Агар номзодлардан биронтаси биринчи босқичда 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, 25 март куни сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Бу галги президентлик сайловларининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда давлат раҳбари биринчи марта олти йилга сайланади.

Бундан ташқари, россияликлар бу йил биринчи марта (http://webvybory2012.ru сайтида) сайловлар видеотрансляциясини кўриб, овоз бериш жараёнини кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар.

4 март куни ўтказилаётган президентлик сайловларини маҳаллий кузатувчилардан ташқари МДҲ, ШҲТ, Европа кенгаши парламент ассамблеяси ва ЕХҲТдан бўлган.600 чоғли халқаро кузатувчи ҳам кузатиб боради.

Президентлик сайловлари куни Россияда хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилди. Бу куни мамлакат бўйлаб тартибни сақлаш учун 450 мингга яқин милиционер ва Ички қўшин ҳарбийлари жалб қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG