Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Россияликлар Ўзбекистонда ҳам овоз бердилар


Ўзбекистондаги россияликлар Россия Федерацияси президенти лавозими учун 4 март куни ўтказилган сайловда овоз бердилар.

Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонаси пресс атташеси Сергей Ткаченко Озодлик билан суҳбатда Россия фуқаролари президент сайловида фаол иштирок этганларини айтди.

Россия элчихонаси пресс атташеси 4 март куни Тошкент вақти билан соат 14 га қадар Ўзбекистонда яшаётган мингдан зиёд россиялик овоз бергани ва Россия паспорти билан келган ҳар бир фуқаро президент сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга эканини ҳам қайд этди.

- Сайловда кўп одам қатнашаяпти. Ҳозиргача бир мингдан ортиқ Россия фуқароси овоз берди. Консуллик рўйхатида 40 мингдан зиёд одам бор. Ҳозир Ўзбекистонда қанча россиялик яшаётганини аниқ айтиш қийин. Элчихонага Россия паспорти билан келган ҳар бир фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга, - деди Россия элчихонаси расмийси.

Россия мухолифати Тошкентдаги элчихонада ўтказилган сайловларни кузатиш учун аввал ўз вакилларини жўнатган.

Сергей Ткаченко 4 март кунги президент сайлови қандай ўтаётганини кузатиш учун Россиядаги мухолифат партияларининг икки вакили Тошкентга келганини айтди.

- Президент сайловини икки нафар кузатувчи кузатмоқда. Улардан бири Россия коммунистик партияси, иккинчиси эса Яблоко партияси вакилидир, - деди Тошкентдаги Россия элчихонаси пресс атташеси Сергей Ткаченко.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида яшаётган Россия фуқаролари 4 март кунги президент сайловга қадар муддатидан олдин Россия элчихонаси ташкиллаштирган сайлов участкаларида овоз берганлар.

Россия президенти лавозими учун Ўзбекистондаги сайлов дастлаб 19 феврал куни Зарафшон, Навоий ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилди.

25 феврал куни Фарғона ва 26 феврал куни эса Андижон, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида Россия элчихонаси ташкил қилган сайлов участкаларида россияликлар овоз берганлар.

4 март кунги сайловда иқтидордаги Бош вазир Владимир Путин, "Справедливая Россия" етакчиси Сергей Миронов, Коммунистлар етакчиси Геннадий Зюганов, Либерал-демократлар раҳбари Владимир Жириновский ва миллиардер Михаил Прохоровлар президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Таҳлилчилар 4 март кунги президент сайловида Владимир Путин ишончли ғалаба қозонишини башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG