Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

Тожикистонликлар “Бухорои шариф”ни тикламоқчи


“Бухорои шариф” рўзномасининг дунё юзини кўрганига шу йилнинг 11 мартида юз йил тўлади.

Тожикистонлик ёзувчилар, тарихчилар мазкур рўзнома тожик матбуотига асос солганини таъкидлайди. Шуни назарга олган ҳолда, бу сана ҳар йили тожик жамиятида кенг нишонланиб келинади.

Бу йилги байрам арафасида тожикистонлик бир гуруҳ журналистлар “Бухори шариф”ни қайта тиклашга қарор қилди.

“Бухорои шариф” рўзномасининг янги варианти Тожикистондаги “Бозтоб” социалогик-тадқиқот маркази ва республика Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан 10 март куни, яъни матбуоти кунидан бир кун аввал нашрдан чиқарилиши назарда тутилган.

Журналистлар уюшмаси раиси Акбарали Сатторовнинг Озодликка маълум қилишича, бу ташаббус тожик матбуоти ва унга асос солган “Бухорои шариф” рўзномасининг бир асрлик юбилейи муносабати билан амалга оширилмоқда.

- Ҳозирча рўзнома фақат бир марта, яъни байрам муносабати билан меҳмонлар ва журналистларга совға тариқасида нашр қилинади. Кейинчалик имкониятларимиз ва бу ташаббусга муносабатлар таҳлилидан сўнг уни келгусида нашр қилиш ёки қилмаслик борасида хулосамизни эълон қиламиз, - деди Сатторов.

“Бухорои шариф” рўзномаси илк бор 1912 йилнинг 11 мартида Бухоронинг Когон шаҳри босмахонасида чоп қилинганди. Мазкур рўзномага Тожикистон республикаси ташкил топишига ҳисса қўшганлардан бири Абдуқодир Муҳиддиновнинг отаси Мирзомуҳиддин исмли шахс асос солган.

Ўша йилларда тожик ёзувчилари мақолаларини жамлаган мазкур нашр тўла тожик тилида, араб имлосида чоп қилинган.

153 марта нашр юзини кўрган “Бухорои шариф” рўзномаси 1913 йилнинг 1 январида ўз фаолиятини тўхтатди.

Бироқ, тожикистонлик матбуотчиларга кўра, мазкур рўзнома “Шўълаи инқилоб” ва “Овози тожик” рўзномаларининг пайдо бўлишига имконият яратди.

Бугунги кунда – орадан юз йил ўтиб, “Бухорои шариф” рўзномаси Тожикистон босмахоналарининг бирида қайтадан нашрдан чиқадиган бўлиб турибди. Ғоя ташаббускорларининг айтишларича, янги шаклдаги рўзнома ҳам форс ва ҳам кирилл имлосида нашр қилинади. Унинг саҳифаларидан ўтмишдаги ва бугунги матбуот хабарлари, ҳикоялари ва бошқа шу каби қоришиқ мақолалар берилади.

Хўш, “Бухорои шариф”ни тиклашдан мақсад ҳақиқатан ҳам бир гуруҳ тожик журналистлари таъкидлаётганидек, тожик матбуоти тарихини хотирлашми?

Маълумки, мустақилликка эришган Тожикистон расмийлари “Бухоро тожиклар ери ва мулки” эканини иддао қилиб, ҳатто советларни минтақа республикаларини ҳудудий жиҳатдан тақсимлашда адолатсизлик қилганликда айблаб келади.

Тожикистон ўрта мактабларидаги тарих дарсликларида ҳам Бухоро тожиклар давлатининг ташкил топишига асос солганлиги ҳикоя қилинади.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг ўнгланмаётганидаги бир омил узоқ тарихга бориб тақалади.

Таҳлилчилар мулоҳазасича, бугунги кунда тожик матбуоти кунининг юз йиллик юбилей муносабати билан “Бухорои шариф” рўзномасини тожик жамиятида қайта тиклашдан мақсад ўтмишни ва бугунги сиёсатчилар ғоясини ёш авлод зеҳнига сингдиришдир.

- Улғаяётган ёш авлод ўтмишда бўлиб ўтган шу ишлардан ва бу номларнинг асл маъноси нимадан иборат эканини эслатиб туриш учун қилинган қарор бу, - дея мулоҳаза билдирди мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов.

1994 йили Тожикистон парламенти қабул қилган ҳужжат асосида ҳар йили 11 март куни бу мамлакатда тожик матбуоти куни тантанали равишда нишонланади.
XS
SM
MD
LG