Линклар

logo-print

Россия: назорат остидаги сайловлар


Россиянинг шарқий минтақаларида овоз бериш жараёни аллақачон ниҳоясига етди.

Россиянинг шарқий минтақаларида овоз бериш жараёни аллақачон ниҳоясига етди.

Бугун Россияда биринчи маротаба 6 йиллик муддатга президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бу куни, Россия Марказий сайлом комиссияси маълумотига кўра, 100 миллионга яқин россиялик овоз бериши кутилаяпти.

2012 йилги президент сайловлари олдингиларга қараганда бир қатор жиддий фарқларга эга. Жумладан, Россиянинг турли минтақаларида мавжуд 95 мингдан зиёд сайлов участкаларининг барчасида иккитадан веб-камера ўрнатилган. Битта камера сайлов комиссияси иш жараёнини кўрсатиб турса, иккинчиси сайлов қутилари тепасига ўрнатилган бўлиб, бу тасвирлар бевосита интернетга узатилмоқда.

"Вебвыборы-2012" сайтида Россиянинг барча минтақаларида бўлаётган сайловни Москва вақти билан соат 14:00 га қадар 2 миллиондан ортиқ одам кузатгани айтилмоқда.

Шунингдек, овоз бериш чоғида содир этилган ҳар қандай қонунбузарлик ва шикоятларни қабул қилувчи интерактив “Қонунбузарликлар харитаси” лойиҳаси фаол ишламоқда. Истаган шахс бепул телефон рақамлари ёки интернет алоқа воситалари ёрдамида ўзи гувоҳ бўлган қонунбузарликлар ҳақида хабар қилиши мумкин. “Фуқаролик лойиҳаси” номини олган бу интерактив қабул маркази Газета.ру ва “Голос” ноҳукумат ташкилоти ёрдамида иш олиб бормоқда.

Ўтган йилнинг 4 декабридаги парламент сайловларида ўзининг танқидий чиқишлари билан расмийлар ғазабини қўзғатган “Голос” ташкилоти қаттиқ босим остида қолган: “Голос” сайлов қонунчилигини бузаётганлик айби билан 1000 долларлик жаримага тортилган, унинг раҳбари Лилия Шабанова Шереметьево аэропортида ушлаб қолинган ва ноутбуки мусодара қилинган.

Аснода Россияда барча сайлов участкаларидаги вазиятни сайловда иштирок этаётган президентликка номзодларнинг расмий вакиллари кузатиб бораяпти. Мухолифатчилар асосий қонунбузарликлар кузатувчилар билан таъминланмаган минтақаларда бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмаяпти.

Кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари декабр ойида ўтган парламент сайловларида бўлгани каби айрим жойларда қонунбузарликларга йўл қўйилаётгани, шу жумладан, одамлар оммавий равишда сайлов участкаларига автобусларда ташилаётгани, бир гуруҳ кишиларнинг бир неча бор овоз бераётгани (“карусель”) ҳақида хабар қилмоқдалар.

Шунингдек, олдингига нисбатан бириктирув гувоҳномалари билан бошқа участкаларга бириктирилган шахсларнинг бир неча маротаба овоз бераётгани каби ҳолатлар кўплиги кўзга ташланмоқда.

Озодлик мухбирига Москвадаги бир нечта сайлов участкасида фото ва видеотасвирга олишга, Фуқаролик Кодекси қонунларига хилоф равишда, рухсат берилмади.

Шунга қарамасдан, айрим мустақил кузатувчилар бу галги сайловларда камералар назорати ва кузатувчиларнинг кўплиги боис қонунбузарликлар сони нисбатан камлигини кўриш мумкинлигини таъкидламоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сайлов жараёнини 400 мингга яқин полициячи ва кўнгилли назорат қилиб турибди.

Россия президенти лавозимига амалдаги Бош вазир Владимир Путин, "Справедливая Россия" етакчиси Сергей Миронов, Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюганов, Либерал-демократлар лидери Владимир Жириновский ёки миллиардер Михаил Прохоровлар даъвогарлик қилмоқда.

Биринчи турда ғолибликни қўлга киритиш учун номзодлардан бири сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиқ овозини қозониши керак бўлади.
XS
SM
MD
LG