Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:02

Сайлов натижалари Путинни йиғлатди


Россия Марказий сайлов комиссияси мамлакат сайлов участкаларидан келаётган сайлов баённомаларининг 99,67 фоизини қайта ишлаб бўлди.

МСКнинг дастлабки маълумотларига кўра, Россиянинг амалдаги Бош вазири Владимир Путин 4 март куни ўтказилган президентлик сайловларида қарийб 64 фоиз овоз олиб, катта фарқ билан биринчи ўринда бораяпти.

Россия коммунистлари раҳбари Геннадий Зюгановнинг 17 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи, миллиардер Михаил Прохоровнинг эса 8 фоизга етмаган овоз билан учинчи ўринда бораётгани эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотлари кўра, либерал-демократлар лидери Владимир Жириновский 6 фоиздан кўпроқ , “Справедливая Россия” вакили Сергей Миронов эса тақрибан 4 фоиз овоз йиққан.

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилина бошлаган якшанба оқшомидаёқ Владимир Путин Манежная майдонига йиғилган тарафдорлари олдига келган. Бу митингда сўзга чиққан ва “Биз очиқ ва ҳалол курашда ютиб чиқдик” деган Бош вазир Путиннинг кўзлари, гувоҳларга кўра, қувонч ёшларига тўлганди.


Айни пайтда Россия пойтахтида берилган овозларни санаш давом этмоқда. Маълумотларга кўра, Москва Владимир Путин 50 фоиздан кам овоз бўлган ягона ҳудуд бўлиб ҳисобланади. Ҳозиргача бу ерда у қарийб 48 фоиз овоз жамғаргани айтилмоқда.

Пойтахтда ўтган сайловларда тадбиркор Михаил Прохоров “абадий иккинчи” Геннадий Зюгановни ортда қолдириб, москваликларнинг тақрибан 20 фоиз овозини қозонолди.

Бу орада сайловда қонунбузарликларга энг кўп йўл қўйилган жой сифатида ҳам Москва ва Россиянинг шимолий пойтахти бўлган Петербург кўрсатилмоқда. Кузатувчилар бу шаҳарларда карусель, сайлов баённомаларини қайта ёзиш каби қўпол қонунбузарликлар қайд этилганини айтмоқдалар.

Президентлик сайловида пешқадамлик қилаётган Владимир Путин, дастлабки маълумотларга кўра, энг кўп овозни Чеченистонда қозонган. У ерда Россиянинг амалдаги Бош вазири учун сайловчиларнинг 99,8 фоизи овоз берган.
XS
SM
MD
LG