Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:53

Тожикистонда Facebook тўсилиши норозилик уйғотди


Facebook ижтимоий тармоғининг қарийб 30 минг тожикистонлик фойдаланувчиси учун тўсиб қўйилиши Тожикистон ва хориждаги фейсбукчиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

3 март куни Zvezdа.ru, Tjknews.com ва Maxala.оrg сайтлари билан бир қаторда Facebook ижтимоий тармоғига ҳам тўсиқ қўйилганини тожик расмийлари “айрим техник сабаблар” билан изоҳлаган эди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизматининг мамлакатдаги Интернет провайдерларига йўллаган хати.
Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизматининг мамлакатдаги Интернет провайдерларига йўллаган хати.
Аммо 5 март куни Озодликка интервью берган ҳукуматнинг Алоқа хизмати бошлиғи Бек Зуҳуров Интернет қора бозорга айланиб қолганини ва шанба кунги қарор “Интернетни тартибга солиш учун қабул қилинган”ини таъкидлади.

- Сўнгги пайтларда Интернет қора бозорга айланиб қолди. Одамлар орасида ғавғо кўтариш мақсадида, пул учун анализ қилинмаган, асоссиз, текширилмаган гапларни ёзишаяпти. Одамларнинг шахсиятига тегадиган гапларни ёзишаяпти. Ахир буларни тартибга солиш керак. Ростини айтсам, шу кунларда Алоқа хизматимиз Интернетдаги бу хил ишлардан жуда ташвишда, - дея билдирди Бек Зуҳуров.

Facebook ижтимоий тармоғининг расмий маълумотларига кўра, ҳозиргача жаҳон бўйлаб рўйхатдан ўтган 800 миллион фойдаланувчидан қарийб 30 минги ўз яшаш жойини Тожикистон дея кўрсатган.

Сўнгги ярим йил давомида мамлакат ичкарисидаги ва хорижидаги тожикистонликлар республикадаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, ҳукуматнинг ички ва ташқи сиёсати ҳамда шу каби бошқа жамият ҳаёти учун муҳим саналган масалалар атрофида айнан Facebook тармоғидаги турли гуруҳлар, жумладан, “Платформа” гуруҳида фикр алмашар эди.

Facebook Тожикистонда ёпиб қўйилишидан икки кун аввал “Платформа”да Звезда.ру сайти чоп қилган “Тожикистон инқилоб арафасида” номли мақола катта баҳсларга сабаб бўлганди.

Звезда.ру ўз саҳифасида Тожикистон президенти девонининг республика Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва шу каби тегишли идораларга махфий топшириғи нусхасини ҳам ёйинлаганди.

Ҳозирча ҳақиқий ёки қалбакилиги юзасидан бирор расмий идора изоҳ бермаган бу “махфий буйруқ”да мамлакат ичкарисидаги сиёсий фаоллар, жумладан, Ислом уйғониш партиясининг фаоллари ва 1992 йилги ички низоларда актив қатнашган шахсларни таъқиб қилишга даъват қилинган.

Звезда.ру сайтининг сўнгги хабари фейсбукчилар орасида яшин тезлигида тарқалиб, жуда катта баҳсларга сабаб бўлганди.

Мустақил таҳлилчилар ҳукуматнинг Facebook тармоғини ёпиб қўйишдан мақсади мазкур ҳужжатнинг каттароқ аудиторияларга тарқалиши олдини олишга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

- Звезда.ру сайтида нашр қилинган ўша хабар ортидан иқтидордаги ҳукумат ана шундай қарорга келган бўлиши мумкин. Аммо ўша ҳужжат реалми ёки қалбакими – бу борада бир нарса дейиш қийин. Ҳукумат ўзи қандай муносабат билдиришини кутишимиз керак. Лекин, менимча, маҳкамага мурожаат қилиши лозим. Зеро, ўша чоп қилинган ҳужжатда Конституцияга зид ҳолатлар ва сиёсий таъқибга даъват бор. Бу ҳужжат Тожикистон ҳукуматининг обрўсини кескин тушириб юборади, - дея мулоҳаза билдирди “Азия плюс” нашрининг бош муҳаррири Марат Мамадшоев.

Тожикистон Интернет тармоқлар бирлашмаси раисаси Парвина Ибодова фикрича, расмийларнинг сўнгги қарори Тожикистонда Фейсбук тармоғига бўлган қизиқишини янада ошириб юборади.

- Алоқа хизмати масъулларининг бу уринишларидан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Зеро, Интернетдан фойдаланишни яхши билган киши прокси хизматлардан фойдаланиб, бу тўсиқларни бемалол айланиб ўтиши мумкин. Бошқа томондан, ҳукуматнинг бу қарори аксинча фейсбукчилар сонининг тобора ошишига бир туртки бўлди. Яъни Алоқа вазирлиги масъулларининг нотўғри қарори бу сайтларни жамиятга янада кўпроқ реклама қилди, - деди Интернет тармоқлар бирлашмаси раҳбари Ибодова хоним.

Тожикистонда фаол ва жамият орасида танилган сайтларни блокировка қилиш илк бор қайдга олинаётгани йўқ.

Бундан аввал ҳам, аниқроғи, 2006 йилги президентлик сайловлари арафасида, кейин эса 2009 ва 2010 йилларда мамлакат шарқида ҳукумат кучлари билан мухолифат собиқ лидери мулла Абдулло ва унинг каттагина гуруҳи билан бўлиб ўтган тўқнашувлар чоғида ҳам Фарғона.ру, Центразия.ру каби сайтларга тўсиқ қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG