Линклар

Ленинград вилоятидаги кафелардан бирида 26 ёшли йигит рашк қурбони бўлди. Кафеда ўрнатилган видеокамералардан бири жиноят саҳнанини ёзиб олди. Бу видео Интернетда пайдо бўлди.

Россияда яна бир ўзбекистонлик ўлдириб кетилди. Бу сафар у рашк қурбони бўлган кўринади.

“Ҳодиса Ленинград вилояти Всеволожск шаҳрида содир бўлди”, дейди Озодлик Радиосига Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот марказининг ўзини Ольга деб таништирган ходимаси.

- 29 феврал соат 23:40 ларда Всеволожскдаги Магистралная кўчаси 8-уйда жойлашган кафелардан бирида тўрт жойидан пичоқланган, 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси аниқланди. Ленинград вилояти ва Петербургда у қайдда турмаган. Жиноятни фош этишда кафеда ўрнатилган видеокамера ёрдам берди, дейди вилоят полицияси матбуот маркази ходимаси.

Ҳодиса юзасидан Озодлик тўплаган маълумотларга кўра, Всеволожскда нобуд бўлган йигитнинг исми Жавлонбек Н. ва у 26 ёшда эканлиги айтилмоқда.

YouTube порталида кафедан олинган видеотасвир эълон қилинди.



Шаҳарнинг “Форт” кафесида ўрнатилган видеокамерага тушиб қолган тасвирда Жавлонбек Н. исмли йигит номаълум бир қиз билан кўнгилҳушлик қилиб ўтиргани акс этган. Севишгалар қучоқлашиб ўтирганда кафега иккита йигит кириб келади ва кўринишидан ўзбекка ўхшаган қиз билан жанжаллаша бошлайди.

Бир вақт бу шахс қизни қўлидан тортиб ерга қулатади. Кейин жазаваси тутган жиноятчи қиз болани ҳимоя қилишга уринган йигитнинг қорнига бир неча маротаба пичоқ билан зарба беради ва жиноят жойидан қочиб кетади.

Бар ёнига қочиб ўтган Жавлонбек йиқилиб тушади ва жойида ўлади.

“26 ёшли бу йигит тез ёрдамни чақирган кафе ходимлари кўз олдида жон таслим қилган”, дея давом этади Ольга.

- Айбланувчи деярли эртаси куниёқ қўлга олинди. Демак, ҳибсга олинган шахс 1984 йилда туғилган, у ҳам Ўзбекистон фуқароси, ҳеч қаерда қайдга олинмаган. Дастлабки тахминларга кўра, у юрган қизини бошқа ўзбек йигити билан “Форт” кафесида учратиб қолган ва рашк устида уни пичоқлаб ўлдирган, дея маълум қилади полиция расмийси.

Аниқланишича, қотилликда айбланаётган йигитнинг исми Камолиддин А., у 27 ёшда.

Бошқа маълумотларга кўра, Камолиддин А. жиноятнинг эртаси куниёқ ўзи полицияга келган ва таслим бўлган. У шунингдек, полициячиларга Жавлонбек Н.ни чавақлаган пичоқни ҳам кўнгилли равишда топширган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қотиллик) асосида жиноий иш қўзғатилди. Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG