Линклар

Дмитрий Медведев Ходорковский устидан маҳкаманинг қонунийлигига ишонч ҳосил қилиш ниятида шундай ҳужжатни имзолагани айтилди.


Россия президенти Дмитрий Медведев 32 фуқаро устидан кўрилган суд ишининг қонунийлигини кўриб чиқиш назарда тутилган ҳужжатни имзолади.

Ҳужжатда ЮКОСнинг собиқ раҳбари, 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган Михаил Ходорковскийнинг номи ҳам бор.

Президент топшириғига мувофиқ Россия Бош прокурори Юрий Чайка қарийб бир ой ичида — 1 апрелга қадар топшириқни адо этиши лозим.

Россия президентининг бу кўрсатмаси президентлик сайловида Бош вазир Владимир Путин расман ғолиб, деб эълон қилинганидан сўнг оммага ошкор қилинди.

Ҳозир 48 ёшга кирган Ходорковский инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар томонидан Кремлни танқид қилгани учун банди қилинган сиёсий маҳбус сифатида баҳоланган.

У 4 март кунги сайловда президентликни қўлга киритган Владимир Путиннинг биринчи муддат президентлиги даврида — 2003 йилда ҳибсга олинган эди.

Ходорковский фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятларда айбланган.

Медведев топшриғига биноан 1 апрелга қадар Ходорковский билан бирга судланган Платон Лебедевнинг иши ҳам қайта кўрилиши лозим.

Ходорковскийнинг адвокати муддати адоғига етаётган Россия президенти Дмитрий Медведевнинг бу топшириғига бироз эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.

"Бу шунчаки, ҳеч нимани англатмайдиган бир расмий кўрсатма бўлиши мумкин. Ёки бу Ходорковский ва Лебедев ишини мутлақо ёпиш қарорига бир ишорат бўлиши ҳам мумкин", деди рус хизмати билан суҳбатда адвокат Юрий Шмидт.

Ходорковскийнинг яна бир адвокати Вадим Клювгант Рейтер агентлиги билан суҳбатда Медведевнинг бу қарори ортида қандай иддао турганини қайта текширув натижаси ошкор қилинганидан сўнг билиш мумкин, деб ҳисобламоқда.

Медведевнинг топшириғи 20 феврал куни унинг Россия муҳолифати етакчилари билан ўтган учрашуви натижасида эълон қилинди.

Ўшанда муҳолифат вакиллари суд ишларининг қонунийлиги қайта текширилиши сўралган сиёсий маҳбусларнинг рўйхатини президент қўлига тутқазган эди.

Фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлашда айбланган Ходорковский ҳамда Лебедевлар 2010 йилда қўшимча равишда давлат мулкини ўзлаштирганликда ҳам айбдор, деб топилган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда бу икки олигархнинг тарафдорлари суд ишининг сиёсий мотивларга асосланганини айтиб келади.

2010 йилги маҳкамада сўзлаган Ходорковский: "Бундай уйдирмани ёзган Сталиндан мерос заҳарли ўргимчакни қайси чанг босган ертўладан топишди экан?! Бу таҳлит Адлия тизими турган давлатда қанақа узоқ муддатли сармоя ҳақида гап бўлиши мумкин?!" дея ўзига қўйилган айбловларга муносабат билдирган эди.

Айни кезда у Карелиядаги жазо колониясида қамоқ муддатини ўтамоқда ва 2017 йилга қадар панжара ортида қолиши лозим.

Ўтган йили Amnesty International Ходорковскийни "виждон тутуқуни", деб эълон қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG