Линклар

Тошкентда мардикор бозорлари легаллаштирилди


Эндиликда кўча-куйда мардикорларнинг тўдалашиб туриш ҳолатлари бўлмаслигини айтилмоқда.

Эндиликда кўча-куйда мардикорларнинг тўдалашиб туриш ҳолатлари бўлмаслигини айтилмоқда.

Тошкентнинг Олмазор, Сирғали, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза, Учтепа ва Қўйлиқ туманларида мардикорларни иш билан таъминлаш расмий идоралари ташкил қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йил 31 январдаги 51-сонли қарорига кўра, пойтахтнинг 8 та туманида Вақтинчалик иш билан таъминлаш бюролари ташкил қилинган.

Шаҳарнинг Олмазор туманида ушбу бюро ўз фаолиятини ҳокимнинг қароридан бир ҳафта ҳам ўтмасдан 6 феврал куни бошлади.

Бюро раҳбари Озода Сулаймоновага кўра, ташкилот аввалги мардикор бозорлари ўрнида ташкил қилинган бўлиб, вилоятлардан пойтахтга иш излаб келган кишиларни вақтинчалик иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Сулаймонованинг айтишича, мардикорларга аввало расман ишлашлари учун махсус рухсатнома берилади.

- Уларни рўйхатга олиб, сўровнома тўлдириш натижасида, уларнинг аризаларини Ички ишлар бўлимларига юборамиз. Кейин Ички ишлар текширувидан ўтганидан сўнг биз уларга рухсатнома берамиз. Улар ушбу гувоҳнома билан Тошкент шаҳрида бемалол яшаб, ишлашлари мумкин,- дейди суҳбатдош.

Сулаймоновага кўра, мардикорлар учун 6 ойга бериладиган ушбу рухсатнома учун Тошкентда расман қайддан ўтиш шарт эмас.

- Прописка сўралмайди. Улар сўровномани тўлдиргач Ички шлар кўриб чиққач, узоғи билан 5 кунда рухсатномани қўлларига олишлари мумкин,- дейди Сулаймонова.

Олмазор туман Вақтинчалик иш билан таъминлаш бюросига 4 мартгача жами 989 нафар одам ариза билан мурожаат қилган. Шулардан 250 нафарига махсус рухсатнома берилган бўлиб, яна 300дан зиёд рухсатнома тайёр бўлган.

Сулаймоновага кўра, мурожаат қилганларнинг 70 нафари аёллар бўлиб, иш сўраётганлар асосан, Сурхондарё, Қашқадарё ва водийдаги вилоятлардан келганлардир.

Тошкент шаҳрида узоқ йиллардан буён мардикорлик қилиб келаётган Шавкат ака агар мардикорлардан тўловлар ундирилса, янги тартибнинг иш изловчилар учун фойдаси йўқлигини айтади.

- Агар мардикорлардан бирор бир тўлов ундирилса буни фойдаси йўқ. Взнос ёки бошқа бирор тўлов талаб қилса бу узоққа бормайди,- дейди мардикорлик билан шуғулланадиган Шавкат ака.

Озода Сулаймоновага кўра, бюронинг барча хизматлари бепул бўлиб, ҳозирча янги тартибда мардикорларни солиққа тортиш ёки улардан бирор бир тўлов унидириш кўзда тутилмаяпти.

- Ҳозирча солиқ ундириш ёки бошқа бирор тўлов тўлаш деган нарсалар йўқ. Кейин бизнинг барча хизматларимиз текин. Ҳатто паспортларининг нусха олишни ҳам бепул қилиб берамиз,- дейди Сулаймонова.

Тошкент шаҳар хокимлиги қарорига кўра, мардикорлар бозорларини легаллаштириш орқали уларни иш билан таъминлаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоялаш кўзда тутилади.

- Агар иш берувчи уларга ойлигини бермаса, уларга нисбатан хурматсизлик қилса, биз уларга ёрдам берамиз,- дейди Сулаймонова.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда шаҳарда барча эски мардикор бозорлари ёпилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG