Линклар

Ўзбек ўқувчилари яна “металлолом" йиғишга киришди


Самарқанд туман 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси мактабга металлолом олиб кетмоқда

Самарқанд туман 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси мактабга металлолом олиб кетмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон мактаб болалари мажбурий тарзда темир-терсак йиғиш тадбирига сафарбар қилинди.

Хоразмнинг чекка қишлоқларидан биридаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси Санамжон икки кун аввал темир-терсак топшириш "мажбурият”ини бажарди.

Санамжонга кўра, ўзи ўқийдиган синфига бир тонна темир-терсак топшириш мажбурияти юкланган бўлиб, бу синфдаги 33 ўқувчига 30 килограммдан бўлинди.

Санамжоннинг айтишича, айрим синфдошлари темир топа олмасдан, унинг ўрнига пул бериб қутулишган.

- Мактабда ҳар кимга 30 кило темир олиб келишни айтишди. Мен уйга келиб айтгандим. Дадам қаердандир топиб, ўзи мактабга олиб бориб топширди. Ҳозир барча синфдошларим “металлолом” топшириб бўлди. Темир топа олмаганлар килосига 150 сўмдан пул беришди. Энди мажбурий деганидан кейин ҳаммамиз топширдик,- дейди Санамжон.

Озодлик суҳбатда бўлган мактаб ўқитувчиларига кўра, темир-терсак йиғиш тадбирлари мамлакат бўйлаб ҳар йили икки марта ўтказилади.

Ёзги таътилдан келгандан сўнг сентябр ойида ва баҳор бошлангач март ойларида ўқувчилар темир-терсак йиғишга жалб қилинади.

Исми сир қолишини истаган наманганлик ўқитувчига кўра, "металлалом" топшириш тадбири, ўқувчиларни мажбурий тарзда сафарбар қилиш орқали амалга оширилади.

- Синфларга 5-6 килодан қилиб бўлиб чиқади. Энди болалар топиб олиб келади. Уйидаги консерва банкаси борми, “краска”дан бўшаган қути борми, пақир-мақирми, ишқилиб бир бало қилиб топиб келади. Мактаб белгиланган 5-6 тонна мажбуриятини бажаради шунақа қилиб. Энди бажармаса бўлмайди. Бу мажбурий,- дейди наманганлик ўқитувчи.

Сурхондарёлик яна бир ўқитувчининг ўзини ошкор қилмаган ҳолда айтишича, ўқувчиларни темир-терсак йиғишга жалб қилиш унинг мактабида дарс машғулотлари ҳисобига амалга оширилади.

- Болалар шанба куни темир йиғишга кетишади. Энди шу куни дарс бўлиши керак. Лекин дарс ҳисобига чиқишади болалар. Темир йиғиш учун жами 6-7 кун кетади,- дейди сурхондарёлик ўқитувчи.

Тошкент шаҳридаги айрим мактабларнинг раҳбарлари билан суҳбатлашганимизда, улар йиғилган темир-терсаклар учун мактаб ҳисобига маълум миқдорда пул келиб тушишини ва бу маблағ мактабни таъмирлаш, ўқув қуроллари сотиб олиш каби заруратлар учун сарфланишини билдирдилар.

Маълум бўлишича, йиғилган темир-терсакнинг ҳаммаси Тошкент вилоятида жойлашган Бекабод тоғ-металлургия комбинатига топширилади.

Қабул қилинган темир учун яхшигина ҳақ тўланишини айтган комбинат ходимаси, аниқ нархни очиқламади.

Айни кунларда Тошкент шаҳрида нафақат мактабларга, балки шифохоналар, поликлиникалар каби турли бюджет ташкилотлари билан биргаликда ҳарбий қисмларга ҳам темир-тесак йиғиш мажбурияти топширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG