Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:26

ЎзТВда Ўздонмаҳсулот концерни собиқ раҳбари қораланди


Собиқ вазир Олим Отаевнинг қизи, инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Отаева Тошкент айбловини ўз сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.
Собиқ вазир Олим Отаевнинг қизи, инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Отаева Тошкент айбловини ўз сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Тошкент телеканалидаги кўрсатувда собиқ вазир Олим Отаев ва унинг қизи Надежда Отаева 13 миллион АҚШ долларини ўзлаштирганликда айбланди.

Тошкентдаги мустақил манбалардан олинган маълумотга кўра, 3 март куни Тошкент телеканалининг кечқурунги эфири орқали намойиш этилган ҳужжатли филмда Ўздонмаҳсулот давлат концернининг собиқ раҳбари Олим Отаев ва унинг икки фарзанди қораланган.

Ушбу кўрсатувни томоша қилган манбанинг айтишича, ҳозир Францияда муҳожиратда яшаётган собиқ вазир Олим Отаев, унинг ўғли Қаҳрамон Отаев ва айни кезда хорижда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган қизи Надежда Отаева давлатнинг 13 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағини ноқонуний йўллар билан ўзлаштирганликда айбланган.

Манба ҳужжатли филмнинг 2000 йилда ҳозирлангани ва афтидан, такрор намойиш этилганини айтмоқда.

Ҳозир 64 ёшни қоралаган ва Франциядан сиёсий бошпана олиб, бу давлатда яшаётган собиқ вазир Олим Отаев 2000 йилларда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддасига биноан ўз касбий ваколатларини суистеъмол қилганликда айбланган эди.

Бундан ташқари, унга 10 та кичик нонвойхонани ўзлаштирганлик айби ҳам қўйилган.

Олим Отаевнинг қизи Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда бундай ҳужжатли филм намойиш этилганидан хабардор экани ва ундаги айбловлар 2000 йилдан буён ўзи ва отасига нисбатан илгари суриб келинаётганини айтди.

- Мен ҳужжатли филмни кўрганим йўқ. Аммо, Тошкентдаги манбалар менга хабар қилишди ва мени ҳамда оиламизни давлатнинг 13 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағини ўзлаштирганликда айблашганини айтишди. 2000 йилдан буён ҳукумат бизни асоссиз равишда айблаб келмоқда,- дейди Надежда Отаева.

Унга кўра, ҳужжатли филмда тилга олинган 10 та нонвойхона ҳеч қачон Олим Отаев ёки унинг яқинлари томонидан ноқонуний равишда ўзлаштирилмаган.

- Бу айблов илк бор илгари сурилган 2000 йилларда бу корхоналар Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси тасарруфида эди ва отам, ҳаттоки, бу корхоналар ишига аралаша олмасди ҳам. "Уч Қаҳрамон Нон" корхонаси эса амаким томонидан қонуний асосда хусусийлаштирилган эди. Бизга қўйилган айбловларга ҳеч қандай далилий асослар келтирилмаган,- дейди орадан 12 йилдан ортиқ вақт ўтгач ўз оиласига илгари сурилган айбловларга жавобан Надежда Отаева.

Унга кўра, ўша кезда унинг ўзи, отаси ва укаси Ўзбекистонни тарк этган. Аммо, амакиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. У бир йилу 8 ойдан сўнг амнистия акти асосида озод этилган.

Надежда Отаеванинг сўзларига кўра, аслида отаси Олим Отаев ва бу оиланинг айбланиши ортида бошқа сиёсий сабаблар бор эди.

- Отам Ўзбекистон ҳукуматининг буғдой мустақиллиги ҳақидаги иддаоларни асосли равишда шубҳа остига олган илк раҳбарлардан бири бўлган. Ўзбекистон буғдойининг сифати нақадар ёмон аҳволда эканини ҳозир ҳамма билади. Мен отамнинг бугунга келиб ўзбекистонликларни оммавий заҳарлаётган "буғдой мустақиллиги" компаниясига қўшилмаганидан фахрланаман,- дейди Отаева.

Тошкент телеканалида намойиш этилган ҳужжатли филмда ўз номига айтилган айбловлар сабабини ҳам ҳуқуқ фаоли ўз сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

- Бунга биринчи сабаб, ўтган йили Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида чиқарганимиз кенг қамровли ҳисобот, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, менинг Лола Каримова даъвоси кўрилган судда иштирок этганим ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Ундан кейин эса менинг таниқли уламо Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасдга муносабатим ҳам Тошкент қораловларига сабаб, деб биламан,- дейди инсон ҳуқуқлари фаоли, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

У Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасдни "сиёсий", деб баҳолаган ва бунинг ортидан Ўзбекистон махсус хизматлари тургани ҳақида баёнот тарқатган эди.

Баёнот тарқатилганидан икки кун ўтиб Тошкент телевидениесида намойиш қилинган ҳужжатли филмдаги айбловларни ҳуқуқ фаоли мутлақ инкор қилишда давом этмоқда.

Ҳуқуқ фаолига кўра, 2000 йилдан кейин Отаевлар оиласи Интерпол қидирувига берилган ва бир неча бор Франция ҳукуматидан уларнинг Ўзбекистонга топиширилиши сўралган.

Сўнгги бор 3 йил муқаддам Франция ҳукумати бу оилага нисбатан таъқибларни ноқонуний деб топиб, уларнинг Ўзбекистонга берилишидан қатъиян бош тортган.
XS
SM
MD
LG