Линклар

Россия Бош вазири Владимир Путин 4 март куни ўтказилган президентлик сайловининг ғолиби деб эълон қилинди. Расмийлар Путин якшанба кунги сайловда 63,75 фоиз овоз олганини айтмоқда. "Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга "Владимир Путин яна Россия президенти бўлганига нима дейсиз?" деган саволни бердик.

Дилшод, фарғоналик тадбиркор:

- Путин президент бўлганидан хурсандмиз. Хурсандлигим шундаки, Медведев билан иккови ишни яхши юритишаётган эди. Энди иккаласи жой алмашади. Медведев Бош вазир бўлади.

Абдулла, Қаршидаги завод ишчиси:

- Мен хурсанд эмасман, хафаман. Путин ҳам диктатордек гап. Мен “Яблоко” партияси етакчиси Григорий Явлинскин Россияга президент бўлишини хоҳлаган эдим. У демократ одам-да. Явлинский четдан келганларга ҳам яхши кўз билан қарайди. Яхши муносабатда бўлади. Мен Путинга қаршиман. Биринчидан, ҳар доим битта президент бўлгани ҳам бўлмайди. Иккинчидан, мухолифатга эркинлик бермайди. Мен демократ одам президент бўлишини хоҳлайман.

Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон ЭРК демократик партияси раиси:

- Путиннинг ғалаба қилиши олдиндан ҳамма томондан билинар эди. Бу Россия учун ҳайрли бўлса, атрофи учун ҳам ҳайрли бўлади. Менинг бир шахсий қарашим йўқ. Мен бунга бир сиёсатчи сифатида қарайман. Россия халқи шу одамни сайлаган экан биз унга ҳурмат кўрсатишимиз керак албатта. Бу халқнинг танлови. Унга албатта биз ҳам ҳурмат кўрсатамиз.

Мўътабар Тожибоева, инсон ҳуқуқлари фаоли:

- Владимир Путин яна президент этиб сайланганидан бир томондан хафаман, бошқа томондан хурсандман. Хафалигим томони, Владимир Путин Россияни саккиз йил бошқарган бўлса, мамлакатни бошқариш ҳозир яна унинг қўлига ўтди. Хурсандлигим томони, президентликка номзод бўлган Зюгановни, миллатчи Жириновскийларни Россия телевидениеси орқали ўз сайловолди программаларини эълон қилиб, дебатларда қатнашганларини кўрдим. Уларни Россия сингари буюк мамлакатни бошқара олиш қобилиятига эга инсонлар эмасликларини билдим. Бугунги кунда Россияни айнан кучли инсон бошқариши кераклиги учун ҳам ман номзодлар орасидан Путин сайланганлигидан хурсандман.

Баҳром, Россиянинг Йошкарола шаҳри:

- Путин яна президент этиб сайланди. Мен хурсандман. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, мисол учун Путин чет элдан келганларга тушунтиради. Жириносквийга қараганда Путин яхшироқ демоқчиманда. Путин олиб бораётган сиёсат қолган кандидатларга қараганда яхшироқ. Мисол учун чет элдан келганларга патент қилди. Россияда ишламоқчи бўлсангиз банкка бориб минг рубл тўлайсиз патент қилиб юраверасиз. Прописка керак эмас. Бемалол Россияга кирасизда бемалол ишлаб кетаверасиз. Путинни олиб бораётган сиёсат бошқаларникига қараганда яхшироқ. Мен шундай деб биламанда.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ходими:

- Россия халқи бахтли ҳаёт кечирса, биз ҳам хурсанд бўламиз. Путин президент бўлганларидан кейин ҳаракат қиладилар. Давлат ривожланади. Халқ яхши яшайди. Улар яхши инсонлар. Биринчи марта президент бўлиб яна иккинчи марта сайландилар.

Фатҳулла ака, қорақалпоғистонлик ҳайдовчи:

- Мен нима дея оламан барака топкур. Бизага унча алоқаси йўқку уни. Менга зарари ҳам йўқ, фойдаси ҳам йўқ. Бетарафман.


Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси:

- Мен бу нарса бўйича ҳеч нима айта олмайман. Узр. Сўровларда уч хил жавоб бўладику. “Биламан”, “билмайман” ва “аниқ жавоб бера олмайман”, деган. “Аниқ жавоб бера олмайман” деган пунктга киритиб қўя қолинг.

Исмини айтишни хоҳламаган Тошкентдаги Реко Травел ширкати ходими:

- Мени бундай нарсалар қизиқтирмайди. Мен сиёсатга қизиқмайман. Нима учун менга бундай савол беряпсиз. Мен бундай савол билан қизиқмайман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG