Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Каримов Путинга табрик йўллади


Ўзбекистон президент Ислом Каримов Россия Бош вазири Владимир Путинни президентликка сайлангани билан қутлаб, унга табрик телеграммаси йўллади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Аминманки, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган анъанавий дўстона муносабатлар ва яқин серқирра ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида, стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида изчил ривожланиб бораверади”, дея умид билдиради Ислом Каримов 5 март куни юборилган табрик телеграммасида.

Россия Марказий сайлов комиссиясига кўра, якшанба кунги президентлик сайловларида Владимир Путин қарийб 64 фоиз овоз тўплаган ва биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонган.

4 март куни ўтган сайловларда нафақат Россия ҳудудида бўлган фуқаролар, балки мамлакат хорижида бўлган россияликлар ҳам овоз бериш жараёнида қатнашди.

Хусусан, шу кунда Ўзбекистонда юрган россияликлардан 2849 нафари президентлик сайловларида овоз бериш учун турли шаҳарларда ташкил қилинган сайлов участкаларига келганлар.

Аввал хабар қилганимиздек, Россия фуқаролари учун Ўзбекистоннинг Тошкент, Олмалиқ, Андижон, Зарафшон, Навоий, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарларида сайлов участкалари ташкил қилинганди.

Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистондаги россияликларнинг 2386 нафари (қарийб 84 фоизи) Владимир Путин учун овоз берган.

Россия ичкариси ва ташқарисида расмийлар Путин ғалабаси ҳақида рапорт бераётган бир пайтда мамлакат пойтахти Москвада, Петербургда, Қозонда, Ульяновскда аксилпутинчилик намойишлари бошланиб кетди. Жумладан, кеча Россия мухолифати етакчилари Москва шаҳрининг Пушкин майдонида “Адолатли сайловлар учун!” шиори остида намойиш ўтказди. 5 март оқшомида тақрибан 3 соат давом этган норозилар митинги куч билан тарқатилди ва у ерда намойиш ташкилотчилар дея гумонланган бир неча киши ҳибсга олинди. Мазкур норозилик тадбири иштирокчилари Владимир Путин ғалабасини тан олмасликларини билдиришиб¸ президентлик сайлови оммавий сохтагарчиликлар билан ўтганини таъкидлагандилар.

4 март куни Россияда ўтган сайловлар ҳақида халқаро кузатувчилар ҳам турлича қарашдалар. Бу сайловларни МДҲ ва ШҲТ каби Кремл сиёсатини қўлловчи ташкилотлар халқаро демократик меъёрларга мувофиқ равишда ўтганини қайд этган бўлсалар, ЕХҲТ ва Европа кенгаши парламент ассамблеяси кузатувчилари уларни адолатсиз ўтганини урғуламоқдалар.
XS
SM
MD
LG