Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:56

Россия мухолифати намойишларни давом эттирмоқчи


“Адолатли сайловлар учун” кампанияси ташкилий қўмитаси 8 ва 9 март кунлари Москвада митинг ўтказиш фикридан воз кечиб, 10 март куни намойиш уюштиришга қарор қилди.

Озодлик радиоси рус хизматининг хабар қилишича, ҳозирча мухолифат митингининг қаерда ўтказилиши номаълум.

Даставвал норозилик намойишини Янги Арбатда ўтказиш тахмин қилинганди. Ҳозирда норозилик ҳаракати фаоллари митинг ўтказиладиган жой бўйича Москва мэрияси вакиллари билан музокара олиб бормоқдалар.

Гарчи бу норозилик тадбирларида 50 минггача киши қатнашиши билдирилган бўлса-да, эришилган конкрет келишувлар ҳақида ҳозирда бирор тайинли гап айтилгани йўқ.



Мухолифатнинг “Сўл жабҳа”си мувофиқлаштирувчиси Сергей Удальцовга кўра, 10 март куни мухолифатнинг умумий норозилик тадбири ўтказилишини тахмин қилинмоқда.

- Талабларимиз ўзгаргани йўқ, аммо уларга, табиийки, муддатдан олдин президентлик сайловлари ўтказиш талаби ҳам қўшилади. Биз 4 март куни ўтган сайловларни легитим сайловлар, деб ҳисобламаймиз. Унда янада айёрлик, усталик билан кўплаб ифлос технологиялар қўлланилди, бир талай қонунбузарликларга йўл қўйилди. Бу сайловларнинг ҳалол ва адолатли ўтганини ҳис қилганимиз йўқ. Биз доим қонун доирасида, тинч йўл билан, ҳеч қандай меъёрларни бузмаган ҳолда ҳаракат қилишимизни билдириб келганмиз ва бундан буён ҳам билдирамиз. Шунинг учун ҳам мен ҳаракатимизга қандайдир тўсқинликлар қилиниши учун асос кўрмаяпман. Агар расмийлар бундай сценарий бўйича иш тутсалар, бу ўта катта хато бўлади, - деди Сергей Удальцов.

5 март оқшомида Москва шаҳрининг Пушкин майдонида “Адолатли сайловлар учун” митингида иштирок этган мухолифатчиларнинг бир қисми муддатсиз норозилик намойиши бошлашлари билдирганидан сўнг Удальцов дохил кўплаб митингчилар полиция томонидан ушлаб кетилганди. Қўлга олинганларга нисбатан “митинг ўтказиш тартибини бузганлик”, “полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик” каби моддалари бўйича протоколлар тузилганидан сўнг уларнинг аксарияти қўйиб юборилган.

5 март: Пушкинскаядаги ҳибсга олишлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк


Россия мухолифати ўтган йилнинг декабрида ҳам Давлат Думасига муддатдан олдин сайлов ўтказиш талаби билан чиққандилар. Ўтган йил сўнгида парламент сайловларининг кўплаб қонунбузарликлар билан ўтказилганини қайд этган митингчилар ўшанда Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуровнинг истеъфога кетишини, мухолифат партияларининг рўйхатга олинишини ва сиёсий маҳбусларнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилгандилар.

Москванинг Сахаров ва Болотная майдонида эълон қилинган талабларнинг бир қисми расмийлар томонидан қабул қилингандек. Ҳар ҳолда, яқинда Россиянинг амалдаги президенти Дмитрий Медведев партия қурилишига оид қонунчиликка ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди. Кеча эса президент Медведев Россия Бош прокурори Юрий Чайкага “Болотная рўйхати”га киритилган 32 маҳбус бўйича чиқарилган айблов ҳукмининг нақадар қонунга мувофиқ бўлганини таҳлил қилиб чиқишни топширди. Текширилиши керак бўлган хулосалар орасида ЮКОС эгалари Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев, ЮКОС хавфсизлик хизмати раҳбари Алексей Пичугин ва бошқаларга оидлари бор. Бу масалада амалга оширилган ишлар бўйича Бош прокуратура 1 апрелгача давлат раҳбарига ҳисобот бериши лозим.
XS
SM
MD
LG