Линклар

logo-print

Аҳмад Бакиев қамоқдан қочди


51 ёшли Аҳмад Бакиевнинг айни пайтда қаерда экани номаълум.

51 ёшли Аҳмад Бакиевнинг айни пайтда қаерда экани номаълум.

Ўтган йил апрелида ҳокимиятда четлатилган президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиев қамоқдан қочди.

Бу ҳақда Қирғизистонда фаолият юритувчи бир қатор ахборот агентликлари мамлакат Жазони ўташ давлат хизматига (ЖЎДХ) таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, 35-манзил колонияда жазо ўтаётган Аҳмад Бакиев соғлиғи ёмонлашгани туфайли бироз аввал касалхонага ётқизилган бўлиб, муолажадан сўнг қамоқхонага қайтиши керак эди. Бироқ, ЖЎДХ вакилларининг айтишича, 3 март куни у қочиб кетган. Ҳозирда уни қидириш ва тутиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аҳмад Бакиевнинг қамоқдан қочганига оид тахмин даставвал 6 март куни эрталаб Қирғизистон парламентида ўтказилган бир мажлисда айтилганди: Жўғўрқу Кенешнинг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва жиноятчиликка қарши кураш қўмитаси мажлисида депутат Дастан Бекешев бу ҳақда Бош прокурор Аида Саляновага савол бериб, бу маълумотни тасдиқлаш ёки инкор қилишни сўраганди. Бироқ Бош прокурор депутатнинг саволига жўяли жавоб бера олмаганди.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиев Жалолобод шаҳар суди ҳукми билан ўтган йил августида етти йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У “Товламачилик”, “Ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик ва унда иштирок этганлик”, “Безорилик”, “Ноқонуний қурол сақлаганлик” каби моддаларда айбдор, деб топилганди.

2011 йил октябрида Чуй вилоят суди бу қарорни ўз кучида қолдирган, бироқ амнистия қўллаш билан жазони учдан бирга қисқартирганди.

2011 йил декабрида эса Бишкек шаҳар Ленин туман суди уни пойтахтдаги 35-манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳукм чиқарган ва 2012 йилнинг 4 январида Аҳмад Бакиев манзил колонияга ўтказилганди.

Бунгача собиқ президентнинг укаси ўз ҳамюрти, жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров билан бир жойда - Бишкекдаги 47-қамоқхонада сақланаётганди.

Аҳмад Бакиевнинг жазо муддати, расмий маълумотларга кўра, 2014 йилнинг 3 сентябр куни тугаши керак эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG