Линклар

Россиянинг Кемерово вилоятида Ўзбекистон фуқароси 2 ёшга тўлмаган қизчани ўлдирганликда айбланмоқда.

Кемерово вилояти Тергов қўмитаси ахборот маркази раҳбари адлия катта лейтенанти Надежда Афанасьеванинг Озодликка айтишича, 42 ёшли гумонланувчи шахс Кузбассга Ўзбекистондан келган, ҳеч қаеда ишламаган, бирор жойда қайдда турмаган.

“У ишга кетган таниш бир аёлининг фарзандини уйда қараб ўтирган”, дейди Надежда Афанасьева.

- У бу аёлнинг уйидан бир хонани ижарага олиб турган. Тўлашга пули йўқлиги сабабли болага қараб турган. Ўзбекистонлик шу қизчани қараб ўтирганида унинг таниши келиб қолган. Улар ўтириб биргаликда ароқ ичган. Қизчанинг инжиқлигини кўтара олмасдан бу шахс маст ҳолатда қизчанинг бошига бир неча маротаба урган. Уйга келган боланинг бувиси набираси нафас олмаётганини кўрган ва “тез ёрдам” машинасини чақирган, дейди Кемерово вилояти Тергов қўмитаси расмийси Надежда Афанасьева.

Тергов бўлими ходимининг айтишича, “тез ёрдам” етиб келганида қизча аллақачон жон бериб бўлган. Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, бола бошига берилган зарба ва мия чайқалишидан нобуд бўлган.

Қизалоқ эндигина 1 ёшу 8 ойлик бўлган.

Тафтиш ишларини олиб бораётган Кемерово вилояти Тергов қўмитаси идораси 42 ёшли Ўзбекистон фуқаросига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича жиноий иш очганини эълон қилди.

Терговчиларнинг дастлабки тахминларига кўра, 42 ёшли ўзбекистонлик олдин ҳам қотиллик учун судланган ва узоқ муддат қамоқда ўтириб чиққан.

Лекин Надежда Афанасьеванинг билдиришича, қўшнилар нобуд бўлган қизалоқнинг онасида ҳам айб борлигини гапирган.

Тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига руҳий-психологик экспертиза тайинланди.

Бироқ полиция бу каби жиноят меҳнат муҳожирлари томонидан охирги пайтларда биринчи марта содир этилаётгани йўқ, демоқда.

Бу ҳақда Озодлик Радиосига гапириб берган Кемерово вилоят Ички ишлар Бош бошқармаси ходими Павел Подбороднийга кўра, 2011 йилнинг сентябрида мигрант томонидан яна бир бола ўлдирилган.

- Ўтган йил охирларида худди шундай ҳодиса Кемерово шаҳрида коттедж кўрғонларидан бирида рўй берган эди. Яна бола, яна гастарбайтер... Тожикистонлик 29 ёшли шахс 5 яшар ўғил болани айлантириб юрган. У болани ярим бузилган бинога олиб кириб, бир неча маротаба бўйнига пичоқ санчган ва қочиб кетган. Унга нисбатан ҳам айни модда бўйича айблов эълон қилинди, дея маълум қилди Павел Подбородний.

Тергов давомида аниқланишича, тожикистонлик бу йигит боланинг ота-онаси унга ёмон муносабатда бўлгани сабабли қотилликка қўл ўрган.

Полициядан олинган маълумотларга кўра, мазкур жиноий иш ҳозирда судга оширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG