Линклар

Гулнора Каримова кам таъминланган оилалар учун 1000 та никоҳ тўйи ва 1000 та суннат тўйига ҳомийлик қилиши айтилмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси (Фонд Форум) томонидан мамлакат бўйлаб хайрия тўйлари ўтказилади.

Бу ҳақда 4 март куни Тошкентда бўлиб ўтган "Тўйлар мавсуми-2012" деб номланган кўргазмада маълум қилинди.

Фонд Форумнинг ушбу лойиҳасига кўра, тўйлар болалар уйи тарбияланувчилари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хайрия акцияси тарзида ўтказилади.

Ўтган йилнинг декабр ойида ҳам Фонд Форум Андижонда 5 нафар Болалар уйи тарбияланувчилари, Жиззаҳ вилоятида 5 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат туйини ўтказиб берган эди.

Фонд Форумнинг ўзини таништирмаган ходимасига кўра, бу йилги лойиҳада мамлакатнинг барча ҳудудлари қамраб олинган бўлиб, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун жами 1000 та никоҳ тўйи ва 1000 та суннат тўйи хайрия тарзида ўтказилади.

- Ўтган йили фақат 2 та вилоятда ўтказилган эди. Бу йил барча вилоятларда ўтказилади. Битта вилоятдаги 2-3 та туман қамраб олинган,- деди Фонд Форум ходимаси.

Никоҳ тўйларида 1000 келинга Гулнора Каримованинг Guli бренди асосида тикилган 1000 та никоҳ кўйлаги ҳадя қилиниб, тўй ҳаражатларини ҳам Фонд Форум ўз зиммасига олади.

- Ўтган йилги акциямизда ҳам жуда кўплаб совғалар берилган эди. Суннат тўйи ўтказилган болаларга велосипед совға қилинган эди. Келин-куёвларга эса микротўлқинли печ ва замонавий телевизорлар совға қилинган эди. Бу йилги совғалар ҳам шундай кўринишда бўлади,- деди Фонд Форум ходимаси.

Фонд Форум расмий сайтида ёзилишича, тўй соҳибларининг ҳар бирига Гулнора Каримованинг тилаклари ёзилган табрикномалар ҳам топиширилади.

Лойиҳага кўра, илк хайрия никоҳ ва суннат тўйлари 25 ва 26 март кунлари Навоий, 27-28 мартда эса Қашқадарё вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўтган йили жиззахлик 35 ёшли Абдумманон Усмонов ҳам Гулнора Каримованинг хайрияси ҳисобига уйланган эди.

Ресторанда 500 кишилик меҳмон иштирокида ўтган тўй маросимида таниқли эстрада хонандалари Ойбек ва Нигора қўшиқ куйладилар.

“Тенгдошларим аллақачон оила қуриб, фарзандли бўлишганини ўйлаб, уларга ҳавасим келарди. Худога шукур, мана, мен ҳам бугун оилали бўлдим... Ташкилотчиларга раҳмат”дея миннатдорчилик билдиргани ҳақида ёзди Фонд Форум.

Швецариядаги энг бадавлат кишилар рўйхатидан ўрин олган Гулнора Каримова ушбу лойиҳага қанча маблағ сарфлаётгани ҳақида ҳеч бир жойда ёзилмаган.

Айрим манбаларга кўра, бу хайрия тадбирлари учун маҳаллий тадбиркорларнинг "саҳоватпешалиги"дан ҳам фойдаланилади.

Фонд Форум сайтида айтилишича, ушбу лойиҳасига “Аёллар кенгаши” ташкилоти, “Меҳр нури” жамоат жамғармаси, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ҳамкорлигида ўтказилаяпти.

Гулнора Каримованинг расмий сайтида хабар қилинишича, Каримова хоним "Меҳрибонлик уйлари" учун тез-тез хайрия тадбирлари уюштиришни одатга айлантирган.

Болалар меҳнати муаммоси билан шуғулланадиган Ўзбекистон-Германия форуми ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова болалар учун хайрия тадбирлари ўтказишни хуш кўрадиган Гулнора Каримованинг эътиборидан мамлакатда ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши муаммоси четда қолаётганини қайд этади.

- Унақа популистик қадамлар одамнинг имижи яхшиланиши учун қилинади. Мен ўйлашимча, Гулнора Каримова шу ишларни ўзининг жуда ëмон бўлган имижини тўғрилаш учун қилади. Ўша 1000та оила миннатдор бўлади. Одамлар гапиради. Лекин биз унинг қилган ишларини ҳисобга олсак, бунақа подачкалар халқ учун ҳеч қанақа жиддий рол ўйнамайди. Гулнора Каримова ўзининг мавқеидан фойдаланиб, Ўзбекистондаги мавжуд оммавий болалар меҳнатини тўхтатишга қанақадир қадамлар қилса, жуда ҳам жиддий кўрсаткич бўларди. Албатта шуни қила олмайди, чунки ҳар йили миллион-миллион болаларни ишлатишдан жуда кўп пул тушади. Бу пулни 1000та оилага тўй қилиб берадиган пул билан солиштириб бўлмайди. Ўшанга энг осони бир томондан бир сўм бериб, иккинчи томондан миллионлар ишлаб олиш жуда осон,- дейди Умида Ниёзова.

Ўтган йилнинг 15 сентябр куни Гулнора Каримованинг Ню Йоркда Линколн марказидаги Guli бренди либослар намойиши АҚШ матбуотининг танқидий мақолалари ва ўзбек мухолифатининг норозилик намойишлари ортидан бекор қилинган эди.

Ўзбек мухолифати Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани учун Каримованинг либослар намойишига қарши чиққан эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG