Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:10

Ўзбекистонда бу йилги амнистия ижроси якунига етди


Ҳозирча жами неча маҳбус озод этилгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Аммо, озод этилганлар рўйхатига яна сиёсий маҳбуслар киритилмади.

2011 йилнинг 5 декабрида Ўзбекистон Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актини ижро этиш муддати якунига етди.

Расмий хабарларга кўра, 5 март куни бу йилги амнистияга тушган маҳбусларнинг умумий сони эълон қилиниши лозим эди. Айрим ярим расмий электрон нашрлари, жумаладан, 12.uz нашри озод этиладиган жами маҳбуслар сони 10 мингдан ошиши ҳақида хабар берган эди.

Ҳозирча 5 мартда ижро муддати якунига етган амнистия акти ижроси натижасида жами қанча маҳбус озод этилгани ҳақида бирор расмий маълумот кўзга ташланмади.

Аммо, Ўзбекистон ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган юқори мартабали амалдорнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳар йилгидай рўйхат бор ва минглаб маҳбусга бу йил ҳам амнистия акти қўлланган.

Шу кунга қадар республика расмий матбуотида амнистия акти ижроси хусусида берилган алоҳида хабарларга кўра, 6 январга қадар республика бўйича 9 минг 643 нафар маҳбус авф қилинган, феврал ойида Тошкент шаҳри бўйича 187 маҳбус озод қилинган.

6 март куни берилган расмий маълумотларда эса, Наманган вилояти бўйлаб 117 маҳбус амнистия акти билан озод қилингани айтилди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу хабарни расман тасдиқлаган Наманган вилояти прокуратураси ходимига кўра, рўйхатлар бор ва бу асосда жиноятни илк бор содир қилганлар, енгил жиноят содир қилганлар, кексалар ва аёллар озод қилинган.

Аммо, прокуратура ходими бундан ортиқ маълумот берилмаслигини, хусусан, республика телевидениесида қилмишидан пушаймон ҳолдаги қиёфаси кўрсатилган собиқ маҳбуслардан бирортасини топишда кўмаклашиш ёки уларнинг кейинги тақдири хусусида ҳам маълумот беролмаслигини айтди.

Хоразмлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов ўзи яшаб турган Хоразм вилояти бўйича ҳам амнистияга тушган юзлаб маҳбуслар борлиги ҳақидаги айрим маълумотларга кўзи тушганини айтди.

- Бу йил ҳам амнистияга тушганлар ҳақида гап бор. Аммо, амнистияга тушиб уйида, оиласида кўрингани жуда-жуда озда ҳали. Бизам фақат эшитаяпмиз, ҳозирча,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил тўлган 2011 йилги амнистия халқ тилида "Олтин амнистия", деб номланган ва у катта умидлар билан мустақиллик байрамига кутилган эди.

Хусусан, жазо муддатини ўтаб чиққан айрим собиқ маҳбуслар, жумладан, 12 йиллик жазо муддатини тўлиқ ўтаб чиққан сиёсий маҳбус Рашид Бекжон, бундан ташқари бошқа сиёсий маҳбусларнинг яқинлари байрам муносабати билан катта авфи умумий бўлиши кутилаётгани ҳақида сўзлаган эдилар.

Айрим сиёсий маҳбусларнинг яқинлари эса озод бўлиши ҳақида ёзма билдиришномани қўлга олгани ҳақида ҳам сўзлаган эдилар.

Улар бундай умидлантирувчи маълумотни норасмий тарзда қамоқхона ва Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасининг ходимларидан олганини айтган эдилар.

Аммо, аввалига Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан 1 сентябрга кутилган амнистия эълон қилинмади.

Одатдагидек, 8-декабр — Конституция куни муносабати билан эълон қилинган амнистияга эса, шу кунга қадар олинган маълумотларга кўра, яна сиёсий маҳбуслар киритилмади.

6 март куни Озодлик мухбири хабар олган бир неча сиёсий маҳбусларнинг оилалари яна умиди пучга чиққанини афсус билан сўзладилар.

Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбуслар рўйхати эса анчагина узун.

Улар орасида сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган собиқ давлат амалдорлари, сиёсий арбоблар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахруддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Аъзам Турғунов, Эркин Мусаев, Норбой Холжигитов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидовлар каби маҳбуслар бор.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний-сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбус сақланмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, прокуратура ва суд органлари бундай маҳбусларга амнистия акти қўлланмаслиги сабаби ҳақида очиқ-ойдин расмий баёнот бермай келмоқдалар.

Ўзбекистонда ҳар йили эълон қилинадиган амнистия, асосан аёллар, вояга етмаганлар, 60 ёшдан ошган кексалар ва хориж фуқароларига нисбатан қўлланилади.

Аммо, ўзбекистонлик айрим ҳуқуқ фаолларига кўра, амнистия акти сиёсий мотивлар эмас, бошқа турдаги жиноятлар билан илк бор судланган ёки ёши 60 дан ошган маҳбусларга ҳам қўлланмаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Ҳайитбой Ёқубов бу йилги амнистияга илиниши мумкинлигига умид қилинганлар сафида ёши аллақачон 60дан ошган хоразмлик тадбиркор Исҳоқ Абдуллаевни эслади.

- Бу йилги матбуотдаги хабарларни кўриб, шу киши озод бўлади, деб кутган эдим. Аммо, кекса ёшда бўлишига қарамай, яна озод қилинмади, - дейди Ёқубов.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Исроил Ризаев эса 2011 йилди "қўпорувчилар гуруҳи" сифатида айбланиб, қамалган бир гуруҳ ўсмирга нисбатан амнистия акти қўлланишига умид қилганини айтди.

- Ўтган йили Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 161-моддаси билан бир гуруҳ ёш йигит қўпорувчиликда айбланган эди. Афсуски, шунақа чақув билан, туҳмат билан, судда айблов далилий-асосини топмаган ҳолда қамалган бу ёшларга нисбатан ҳам амнистия қўлланмади, - дейди Исроил Ризаев.

Ўзбекистонда ҳар йили президент авфига илинадиган маҳбуслар сони қанча экани мавҳум қолаётган бир пайтда айни кезда мамлакат қамоқхоналарида қанча маҳбус борлиги ҳам фақат тахминий ҳисоб-китоблар даражасида айтилади.

Ўзбекистондаги Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мутассадиларидан олинган расмий маълумот асосида Ўзбекистонда жами 52 та қамоқхона борлиги, уларда тахминан 100 мингга яқин маҳбус сақланаётганини айтиб келади.

2010 йил адоғига яқин республика парламентида гапирган президент Ислом Каримов эса Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 166 маҳбус тўғри келишини маълум қилган эди.

Агар Ўзбекистон аҳолиси сони 28 миллиондан ошгани ҳақидаги расмий маълумотга асосланиб ҳисоб-китоб қилинса, мамлакатдаги жами маҳбуслар сони 46 ярим мингдан ошиқроқ экани маълум бўлади.

Аммо, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари бу рақамнинг асл вазиятдагидан анча камлигини айтадилар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:24 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG