Линклар

АҚШ ҳарбий контингентини Афғонистондан олиб чиқиш бошланди

  • Гулнора Равшан

FMN Logistics ширкати маълумотларига кўра, НАТОнинг илк карвони Афғонистон ва Тожикистонни боғлаб турувчи "Дўсти" халқаро кўпригидан ўтиб кетган.

FMN Logistics ширкати маълумотларига кўра, НАТОнинг илк карвони Афғонистон ва Тожикистонни боғлаб турувчи "Дўсти" халқаро кўпригидан ўтиб кетган.

АҚШга қарашли ноҳарбий юкларнинг илк карвони “тожик йўлаги”дан ўтди. Шимолий таъминот тармоғи орқали НАТО қўшинларига юкларни етказиш хизматини кўрсатаётган FMN Logistics ширкатининг маълум қилишича, АҚШга қарашли ножанговар ҳарбий юклар ортилган дастлабки 20 та юк машинаси 29 феврал куни Афғонистондан Тожикистон ҳудудига ўтган.

Бу билан АҚШ ҳарбий контингентини Афғоснитондан олиб чиқиш жараёни расман бошланди, дейилади FMN Logistics эълон қилган хабарномада.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган FMN Logistics ширкатининг маълум қилишича, АҚШга қарашли ножанговар ҳарбий юклари ўтган ҳафта Афғонистондан чиқарилиб, Тожикистонни бу мамлакат билан боғлаб турувчи “Дўсти” халқаро кўпригидан ўтиб, Қирғизистон томон ҳаракат қилган. Манбага кўра, ноҳарбий юклар илк карвони 25 тонналик йигирмата юк машинасидан иборатдир.

Хабарномада айтилишича, Афғонистондан олиб чиқилаётган илк АҚШ ҳарбий машиналари карвони Қозоғистон-Қирғизистон-Тожикистон йўлагига солинган.

Бу юклар Тожикистондан ўтиб Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия ҳудуди орқали Латвиянинг Рига портигача етказилиши айтилмоқда. Ундан кейин ҳарбий юклар денгиз орқали Қўшма Штатларга олиб кетилади.

АҚШга қарашли юкларни Америка ҳукумати таклифи билан Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида қатнашишдан мамнунлигини изҳор қилган ширкатнинг бош ижрочи директори Ҳарри Юстайс “бу ҳақиқатдан ҳаяжонли дамлар” эканини таъкидлаган.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари юқоридаги маълумотларни изоҳлашдан тийилишини билдирди.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати расмийлари АҚШга тегишли юкларининг бу мамлакат ҳудуди орқали олиб чиқарилаётганига оид маълумотларни инкор қилди.

- НАТО юклари бизнинг ҳудудимиздан ўтгани ҳақида бирорта маълумотга эга эмасмиз, - деди Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси масъули Хушнуд Раҳматуллоев.

Коалиция кучларига тегишли юкларни шимолий таъминот тармоғи орқали Афғонистондан олиб чиқилиши масаласи сўнгги бир неча ой давомида АҚШ ҳамда Буюк Британиянинг юқори мартабали расмийлари билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари музокараларининг асосий мавзуига айланиб қолган.

АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи Уильям Фрейзер феврал ойи охирида ўз ҳукумати юклар транзити масаласида Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон расмийлари розилигини олганини, айни кезда танк ва бошқа шу каби ҳарбий машиналарни бу мамлакатлар ҳудудидан олиб ўтиш борасида музокаралар давом этаётганини маълум қилганди.

Аввалроқ НАТО Афғонистондан ўз ҳарбий техникасини минтақа мамлакатлари орқали олиб чиқиши ва бу ҳарбий техниканинг бир қисми Марказий Осиё қуролли кучларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолдирилиши ҳақида ҳам баёнот берган эди. Кейинчалик эса коалиция кучларига тегишли юкларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқилишига оид масала кун тартибидан олиб қўйилганди.

Душанбе расмийлари НАТО кучларига тегишли ноҳарбий ва ҳарбий юкларнинг Тожикистон ҳудудидан олиб чиқилиши бу мамлакатнинг минтақада ўз мавқеига эгалиги исботидир, демоқдалар.

- Фикримча, бу жараённинг Тожикистон учун фойдаси кўпроқ. Зеро, коалиция кучларининг Афғонистонни тарк этиши у ердаги кескинликнинг пасайишига хизмат қилади. Иккинчидан, коалиция кучларининг бизнинг мамлакат ҳудудидан ўтиши Тожикистоннинг минтақада калит ролини бажарувчи давлат экани исботидир. Учинчидан эса, НАТО кучларининг Тожикистон коридоридан ўтиши ортидан тожикистонликлар коалиция кучлари ҳарбийлари ҳақиқатан ҳам афғонлар тупроғидан чиқарилганига ишонч ҳосил қилади, - деди Стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров.

Тожик расмийси бу жараённинг зарарли жиҳатларини ҳам эътироф қилиб, “оғир юкларнинг янги қурилган йўлларимиздан олиб ўтилиши уни яроқсиз ҳолатга келтириб қўйиши табиий” , дея қўшимча қилди.

Мустақил таҳлилчилар эса аҳолисининг қарийб 70 фоизи қашшоқ яшаётган Тожикистонда ҳукумат юқорида санаб ўтилган фойдалардан кўра кўпроқ иқтисодий ва сиёсий манфаатларини кўзлаган ҳолда бу тарихий жараёнга улуш қўшишга розилик берган бўлиши мумкинлигини урғуламоқдалар.

Болтиқ бўйи давлатларидан бошланиб, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларида ўтиб Афғонистонгача борадиган Шимолий таъминот тармоғида Ўзбекистон ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Айтилишича, Афғонистондаги НАТО ҳарбийларига етказилаётган юкларнинг 80 фоизига яқини ШТТ орқали ўтмоқда ва бу юкларнинг катта қисми тармоқнинг айнан Ўзбекистонга қарашли қимсидан ўтади.

Бироқ кейинги пайтларда НАТО раҳбарияти Афғонистондаги ҳарбий контингентни олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланиш фавқулодда қимматга тушишини айтаётган эди.

Ўтган ойда НАТОга аъзо Британия ва Латвия мудофаа вазирлари Филипп Хаммонд ва Артис Пабрикс Тошкентга келган эди. Уларнинг ташрифи айнан НАТО ҳарбий контингентини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишга изн олиш экани айтилган эди.

FMN Logistics маълумотларига кўра, 20 та юк машинасига ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган AM-2 Matting русумидаги бўйралар ортилган. AM-2 Matting пластиналари жанговар самолётлар учун учиш-қўниш майдончалари учун ҳам ишлатилади.

Ҳар бири 25 тонна келадиган юк машиналари тоғли минтақалар, довонлар ва ўтиш қийин бўлган йўллар учун мўлжалланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG