Линклар

logo-print

Олдиндан кутилгани каби¸ Владимир Путин 2012 йилги президентлик сайловида ғалаба қозонди. Путиннинг бу қайтишидан нималарни кутиш мумкин? Шундай савол билан Озодлик мухбири британиялик россияшунос¸ Россия сиëсати ҳақидаги китоблар муаллифи Эдвард Лукасни суҳбатга тортди.


Озодлик: Владимир Путин¸ кутилгани каби¸ яна президентликка сайланди. Аммо Россия мухолифати 5 мартдан мамлакат бўйлаб муддатсиз норозилик намойишларини бошлади. Россиядаги сиëсай жараëнлар бундан кейин¸ сизнингча¸ қайси йўналишдан кетади?

Эдвард Лукас: Менимча¸ Путин жангда ютди¸ урушда ютқизди¸ яъни қисқа муддатга ғалаба қозонди¸ аммо узоқ муддатда ютқизди. Путин урушни икки жиҳатга кўра ютқизди. Биринчиси¸ у сайловолди кампаниясида берган ваъдаларининг устидан чиқа олмайди. Жаҳон бозорида бир баррел нефт нархи 110 доллар бўлиб турар экан¸ Путин бу ваъдаларининг уддасидан чиқа олмайди ва ўз тарафдорлари ҳафсаласини пир қилади. Иккинчиси¸ Путин Россиядаги намойишчиларни мамлакатнинг модернизация ва плюралистик сиëсий тузум томон бораëтганига ишонтира олмайди ва бу унинг урушдаги иккинчи ютқизиғидир.

Озодлик: Путин президентликка қайтгач¸ Россия ва Ғарб муносабатларида нималар ўзгаради?

Эдвард Лукас: Менимча¸ ҳозирда Ғарб олдида Путиннинг Лужникида ўз тарафдорлари олдида қилган чиқиши ва “Московские новости” газетасидаги мақоласида кўрилган аксил-ғарбчилиги сайловчиларни ўзига оғдириш мақсадида қилинган сайлоолди тактикасими ëхуд Путиннинг асл башараси ифодаси¸ деган савол очиқ турибди.

Озодлик: Сиз ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

Эдвард Лукас: Менимча¸ бу Путиннинг асл моҳияти ифодаси ва у Медведев президентлиги даврида анча пардаланган эди. Путин 2007 ва 2008 йилларда Ғарб билан муносабатларнинг бир оз назоратдан чиққанини англаб¸ сал юмшоқроқ ëндашув тутишга қарор қилди. Медведев бу ишни яхши уддалади ва Ғарб билан муносабатлар тугмаси қайтадан босилди. Аммо Путин зеҳнияти моҳиятига кўра¸ аксил-Ғарб ва у босим остида қолган кезларда¸ асл зеҳниятига қайтади. Яқин орада Путиннинг бунақа чиқишлари кўпайса кўпаядики¸ камаймайди.

Озодлик: Россия элитасининг айрим вакиллари¸ хусусан собиқ Молия вазири Алексей Кудрин Путинга мамлакат иқтисодини нефт ва газга қарамликдан қутқариш учун иқтисодни диверсификация қилиш ва сиëсий тузумни эркинлаштирувчи ислоҳотлар қилишни тавсия этган эди. Сизнингча¸ Путин бу тавсияларга қулоқ соладими?

Эдвард Лукас: Агар Путин ислоҳот истаганида эди¸ 2000-2008 йиллардаги чекланмаган қудрат ва пулдан фойдаланиб¸ бу ишни қилган бўларди. Аммо у бу ислоҳотларни қилмади. Ундан кейин Путин ўзини ислоҳотчи қилиб кўрсатишга уриндан Медеведев президентлиги даврида Бош вазир бўлди ва амалда мамлакатни яна ўзи бошқарди. Ислоҳот яна бўлмади. Шу боис¸ Путиннинг энди ислоҳот қилишига мен ишонмайман.

Озодлик: Путин Россияни қайси йўлдан олиб кетишини илғаш учун қандай ишоратларга қараб туриш лозим¸ деб ўйлайсиз?

Эдвард Лукас: Ташқаридан туриб биз Путин янги ҳукуматга кимларни олиб келишига қараб¸ нималар бўлишини сал бўлса-да¸ илғашимиз мумкин. Путин ҳукуматига бошию фикрлари цементлашган динозаврлар келадими¸ ëки Кудринга ўхшаб¸ сиртдан бўлса-да¸ либераллар келадими?

Аммо асосий кураш саҳна ортида бўлади¸ зотан Путин атрофи ва Путин орқасидагилар ўз манфаатини осонгина бой бериб қўядиган эмас. Бу одамлар табиий заҳиралар ва маъмурий тизимлар орқали ўнлаб миллиард долларни ўзлаштиришга имкон берувчи талончилик машинаси яратдилар ва улар бу машинанинг тўхтатилишига жим қараб турмайдилар.

Озодлик: Путинга қарши намойишлар секин-аста куч йиғиб бормоқда. Сиз айтган каби¸ Путин ва унинг атрофидагилар ҳам оғзидаги ошини олдириб қўядиган хаëлда эмас. Бу зиддият қандай ривожланишини кутиш мумкин?

Эдвард Лукас: Менимча¸ кўп нарса алғов-далғов бўлади. Мухолифат Путиндан устун келиш даражасида кучли эмас. Расмийларда эса¸ бу норозиликни бутунлай бостириш имкони йўқ. Расмийларнинг бу намойишлар чўғини бостиришига кўзим етмайди. Мен Россияда узоқ ва тугалланмайдиган кескин уруш даври бошланди¸ деб ўйлайман. Очиқ қолаëтган савол эса¸ ҳукуматдагилар бу урушдан чиқиш учун нима нағма кўрсатади¸ деган мазмундадир.

XS
SM
MD
LG