Линклар

logo-print

АҚШ Республикачилар партиясидан ноябрда бўладиган президент сайловларида ягона номзод танлаш пойгаси - америкаликлар сиëсий лаҳжасида “Суперсешанба” деб юритиладиган кун бирваракайига 10 штатда бошланди.

Оҳаë¸ Жоржия¸ Массачусетс, Теннесс, Вермонт, Виржиния, Оклахома, Айдаҳо, Шимолий Дакота ва Аляскада ўтаëтган сайловолди пойгасининг олд маррасида Митт Ромни бормоқда.

Ромни бундан олдин тўртта штатда ғолиб бўлган эди. Айни пайтда бу номзоднинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.

Пенсилваниянинг собиқ ҳокими¸ собиқ сенатор¸ ултраконсерватив ғоялар тарафдори Рик Санторум ўз рақиби Митт Ромнидан ўзишга чандон ҳаракат қилмоқда.

Ўзининг кескин муҳофазакор қарашлари билан америкалик ишчилар орасида катта эътибор қозонган Рик Санторумнинг ҳам катта имкониятларга эга эканлиги айтилмоқда.

Бугунги “суперсешанба” республикачиларнинг яна бошқа икки номзоди — Нют Гингрич ва Рон Пол учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Агар улар бу 10 штатнинг биронтасида ғалаба қозонмаса, номзодлик учун курашдан чиқиб кетиши мумкин.

Намояндалар платасининг собиқ спикери Нют Гингрич ўзи туғилиб ўсган Жоржияда ғалаба қилишга умид қилган эди ва бу орзусига нойил бўлди.

Техаслик Рон Пол Аляска ва Шимолий Дакотада ғалаба қозонишдан умидвор.

Айни пайтда Оҳаë штати Оқ уйга элтадиган асосий йўл, дея кўрилади. Айнан Оҳаë штатидаги праймеризда ғолиб бўлган республикачиларнинг пировардида президентликка сайланганига тарих гувоҳ.

Республикачилар партияси делегатларининг 1114 овозига ким соҳиб бўлиши “суперсешанба” якунларига боғлиқ.

Бу овозни қозониш учун 419 номзод қўйилган. Бу номзодлар қанча овоз қозонгани чоршанба эрталаб маълум бўлади.

Асосий номзод эса августда бўладиган қурултойда аниқланади.

АҚШда президент сайлови кампанияси номзодларни саралаш босқичидан бошланади. Бу босқичда ўзларини ўзлари номзод қилиб кўрсатган 2 асосий партия - Республикачи ва Демократлар вакиллари ўз партияларининг расмий номзоди рейтингини аниқлашади.

Саралаш босқичи кокус ёки праймериз шаклида ўтказилади.

Кокус – партия фаолларининг мажлиси бўлиб, унинг қатнашчилари очиқча қўл кўтариш йўли билан у ёки бу номзодга овоз берадилар.

Праймеризда партия вакиллари бюллетенлар воситасида ўзлари истаган номзодга овоз берадилар.
XS
SM
MD
LG