Линклар

Твер вилоятининг Николское қишлоғида полиция формасидаги шахслар ўзбек ва тожик миллатига мансуб ҳайдовчиларни калтаклади. Видеокамерага олинган бу ҳодиса борасида маҳаллий полиция изоҳ беришдан бош тормоқда.

5 март куни эрталабки соат 5 ларда Твердаги Калинин тумани Николское қишлоғида жойлашган автобазада полиция формасида бўлган шахслар икки нафар марказий-осиёлик маршрут ҳайдовчисини калтаклагани шу ерда жойлашган озиқ-овқат дўкони видеокамерасида тасвирга олинди.



Бу видеони Озодликка тақдим этган Твер Ахборот Агентлиги ижрочи директори Лидия Кузминованинг билдиришича, мазкур ҳодиса юзасидан улар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига текширув ўтказиш талаби билан мурожаат қилган.

- Бу ҳодиса ҳақида ёзган мақоламизда биз олдиндан бирор хулоса чиқаришга шошилмадик. Мақола кеча ёзилган бўлса, бугун эрталабдан аллақачон жавоб олдик. Твер вилояти Тергов қўмитаси ва Ички ишлар бошқармаси ҳайдовчиларнинг калтакланиши юзасидан тафтиш ишларини бошлади, дейди журналист Лидия Кузминова.

Журналистнинг сўзларига кўра, тафтишнинг бошланишига дўконда ўрнатилган видеокамералардан олинган ёзувлари сабаб бўлган.

Ҳодиса жойидаги гувоҳлар билан учрашган Кузминованинг сўзларига кўра, 5 март куни эрталабки соат 5 ларда дўкон ёнига қора ва оқ рангдаги иккита ВАЗ-2115 автомашиналари келиб тўхтайди. Машинадан чиққан уч нафар эркак ва бир аёл дўконга киради, у ердан харид қилади ва машинага қайтади.

Уларнинг икки нафари полиция формасида бўлган. Формадагилар дўконга яна қайтиб келиб пиво сотиб олади. Видеода бир неча дақиқадан кейин улар маршрут такси ҳайдовчисини, қўлини қайириб машинасининг юкхонасига солгани тасвирланган.

Сотувчилар багажникка солинган йигит асли ўзбек "Миша" лақаби билан танилган 22 рақамли маршрут таксиси ҳайдовчиси эканини айтишган.

Багажнигига “Миша” солинган оқ автомобил автобаза томон юради ва ўша ерда полициячилар яна бир маршруткачини калтаклайди. Бу ҳақда журналист Лидия Кузминовага автобазанинг бошқа ҳайдовчилари гапириб берган.

Муштлашув жойига борган журналистнинг Озодликка айтишича, маст ҳолатда бўлган полициячилар йўл четида турган маршруткадаги ўзбекдан қўшни қишлоққа улар билан кетаётган қизни ташлаб келишни буюрган.

Рад жавобини олган “полициячилар” ҳайдовчиларни автобаза ёнида калтаклаган. Жанжал жойига етиб келган полиция наряди формадаги жанжалкашларни бўлимга олиб кетган.

Маълум бўлишича, калтакланганлар ўзбек ва тожик миллатига мансуб ҳайдовчилардир. Гувоҳларнинг айтишича, ўзларини полиция ходими дея таништирган шахслар ўзбек ва тожик ҳайдовчиларини белкурак ва таёқлар билан калтаклаётган пайтда, уларнинг тарафини олгани чиққан автобазанинг икки кўриқчиси ҳам дўппослаган. Натижада ҳайдовчилардан бирининг қовурғалари синган, ҳужжатлари ёқиб юборилган.

Автобаза ходимлари полициячилар уларнинг айнан рус бўлмагани боис калтаклагани ҳақида журналистларга гапириб беришган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан терговчилар бу шахсларнинг исмларини ошкор этмаётир.

Озодлик мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот олиш мақсадида Твер вилояти Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

- Гўёки, у ерда полициячилар мартшрут такси ҳайдовчиларини калтаклабди. Бу масала бўйича текширув кетяпти. Жўяли бирор нарса дейиш учун тафтиш натижаларини кутамиз. Ким калтакланган, нечта полиция ходими бўлган, умуман бирор киши жароҳат олганми? Бу саволларга жавоб бир ойлардан кейин маълум бўлади, дея ишонтирди Твер вилояти Ички ишлар бошқармаси майори Наталья Баранова.

Николское автобазасидаги ҳодиса ортидан Твер вилоят Тергов қўмитаси ҳам тергов олиб бораётгани маълум бўлди. Твер вилоят Тергов қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими Ички ишлар бошқармасидан фарқли ўлароқ, ҳайдовчиларнинг калтакланиши юзасидан тафтишни тез кунларда якунлашини айтади.

- Текширув берилган ариза асосида олиб борилмоқда. Қонунчиликка биноан узоғи билан 10 кун ичида текширув якунланиши керак. Лекин менинг билишимча, у ерда жиддий жароҳат олганлар йўқ, чунки ҳозирда касалхонага жанжал иштирокчилридан бирортаси ётқизилмаган, деди Твер вилоят Тергов қўмитасининг ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG