Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:50

Тожикистонда одамфурушликка қарши халқаро ҳужжат ратификация қилинди


Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимовга кўра, 2011 йилда одам савдоси билан боғлиқ 100 та ҳолат қайд этилган.
Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимовга кўра, 2011 йилда одам савдоси билан боғлиқ 100 та ҳолат қайд этилган.

7 март куни Тожикистон парламенти депутатлари одам савдосига қарши кураш бўйича МДҲ шартномасини ратификация қилди.

2010 йили Санкт-Петербургда МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари одам савдосига қарши курашга оид ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Ана ўша ҳужжат чоршанба куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Парламент йиғилиши кун тартибига қўйилган масала юзасидан чиқиш қилган Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов мазкур ҳужжат давлатлар ўртасида ахборот алмашиш ва бу йўналишда ўзаро зич ҳамкорликни йўлга қўйишга имконият беришини таъкидлади.

Бугунги кунда одам савдоси муаммоси Тожикистон учун ўта ташвишланарли бўлиб қолаётганини очиқ эътироф қилган вазир Раҳимов ҳукумат бу муаммога қарши турли чора тадбирларни йўлга қўяётганини билдирди.

- Шунга қарамай, ҳар йили ўнлаб фуқароларимиз жиноий тўдаларнинг савдо объектига айланиб қолмоқда. Улар кўпроқ Россия, Араб Амирликлари, Қозоғистон ва Афғонистонда жинсий қулликка сотилаётир. 2011 йилда ана шу жиноят билан боғлиқ 100 та ҳолат қайдга олинганди. Одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланган бир неча гуруҳ ҳибсга олинди ва яна бир нечта гуруҳ қидирилмоқда, - дея билдирди Ички ишлар вазири Раҳимов.

Вазир жанобларига кўра, одамфурушлар транзит коридорларини тез-тез ўзгартираётгани бу иллатга қарши курашда бир қатор қийинчиликлар туғдираётган экан.

Ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов Тожикистонда одам савдосига қарши курашга оид кўплаб қонунлар қабул қилинаётганига қарамай, бу муаммо бир нуқтада силжимаётганини айтади.

- Ҳар йили республикада ўнлаб халқаро анжуманлар ўтказилади. Қонунлар қабул қилинади. Лекин таҳлилчилар одам савдоси, хусусан, 20 ёшдан юқори бўлган қизларнинг жинсий қулликка сотилаётганини қайд этиб келадилар. Менимча, қонунларимизнинг кутилган натижалар бермаётганидаги асосий омиллардан бири ана ўша одамфурушларнинг айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари ва чегара хизматларида “ўз одами” борлигидадир, - дея мулоҳаза билдиради ҳуқуқшунос Қаюмов.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос МДҲ давлатлари ўртасида бу йўналишда йўлга қўйилажак ҳамкорлик ижобий натижалар беришига умид билдирди.

Жамиятшунослар тожикистонлик қиз-жувонларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишига кўпроқ иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни сабаб қилиб кўрсатади.

- Тожикистонда одам савдоси, хусусан, қизларимизнинг чет мамлакатларда жинсий қулликка тушиб қолаётгани билан боғлиқ муаммо жамиятга маълум бўлган кундан бошлаб мамлакатда турли давлат ва нодавлат ташкилотлари бу иллат билан курашишга киришган. Боз устига, хорижий ташкилотлар ҳам республикамизда ўз ваколатхонасини очиб, фуқаролар орасида тушунтириш ишлари ва шу каби турли чора-тадбирларни йўлга қўйди. Лекин кейинги вақтларда бу муаммо бартараф бўлиш ўрнига, аксинча, кучаймоқда. Менимча, бунинг асосий сабаби биринчи ўринда мамлакатдаги ишсизликдир. Фуқароларимизнинг доимий иш билан таъминланмагани, республикадаги ижтимоий ва иқтисодий аҳволнинг яхши томонга ўзгармаётгани ортидан қизлар, болалар ва ҳатто эркаклар қулликка сотилмоқда. Айрим ҳолларда қизларимиз ўз хоҳишлари билан жинсий қулликка сотилаяпти. Зеро, улар иқтисодий қийинчиликдан чиқишнинг ягона йўли шунда, деб билади, - дейди жамиятшунос Ҳуриниссо Ғаффорзода.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар фикрича, тожикистонликларнинг одам савдоси қурбони бўлиб қолишининг олдини олиш учун энг биринчи галда фуқароларнинг ҳуқуқий саводини ошириш борасида бош қотириш лозимдир.

Халқаро Миграция ташкилотининг Душанбе шаҳридаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Араб Амирликларида одам савдоси қурбони бўлган 300 дан ортиқ тожикистонлик ватанига қайтарилган. Бу нуфузли идора масъулларининг таъкидича, уларга молиявий ва психологик ёрдамлар кўрсатилган. Улардан айримлари эса нодавлат ташкилотларга ишга жойланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG