Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:04

Ҳушёр торттирувчи воқелик


Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистонда расмийлар раъйига юрмаган шахсларни таъқиб қилиш, ҳибсга олиш ва қийноққа солиш амалиётлари давом этмоқда.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистонда расмийлар раъйига юрмаган шахсларни таъқиб қилиш, ҳибсга олиш ва қийноққа солиш амалиётлари давом этмоқда.

“Расмийларнинг ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон ва Туркманистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият мутлақо яхшиланмади, Қозоғистонда эса янада ёмонлашди”.

Бу ҳақда куни кеча Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари коалицияси томонидан ёйинланган 41 саҳифали “Ҳушёр торттирувчи воқелик” ҳисоботида айтилади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан 20 йил ўтиб Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари бўлган Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда асосий фуқаровий эркинликлар жиддий хавф остида қолмоқда.

Хусусан, ҳуқуқ фаоллари президент Ислом Каримов режими ҳокимиятнинг барча бутоқларини назорат қилишда, норозилик кўринишларини бўғишда ва инсонларнинг тамал ҳуқуқларини чеклашда давом этаётганини билдирадилар. Уларга кўра, мамлакатда фақат президент сиёсатини ёқловчи партиялар очиқ ишлаши мумкин, мухолифат партиялари эса жамиятдан ажратилган бўлиб, уларнинг лидерлари чет давлатларда қувғинда юрибди.

Расмийлар ўзлари учун номақбул бўлган ахборот ёйинланишининг олдини олиш мақсадида барча оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назорат ўрнатганлар. “Араб мамлакатларидаги норозилик тўлқинлари Ўзбекистон расмийларини кейинги йилларда мухлислари шиддат билан ўсиб бораётган Интернетни назорат қилиш ва чеклаш бўйича янги чора-тадбирларни қўллашга ундади”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

Мамлакатда қолган оз сонли мустақил журналистлар муттасил таъқиб қилинмоқдалар, уйларидан чиқарилмаяптилар, турли қонунбузарликларда айбланмоқдалар. Айрим “хўжакўрсин” тадбирларни ҳисобга олмаганда, кўплаб журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳамон қамоқхоналарда қолмоқдалар.

- Каримов режими ислоҳотлар ҳақида гапираяпти, бироқ бу шунчаки халқаро қўлловга эга бўлиш учун амалга оширилаётган найранг, холос, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси Суръат Икромов, - аслида Ўзбекистон расмийлари ўз репрессив йўсинини ўзгартириш учун ҳеч қандай амалий иш қилгани йўқ, аксинча, расмий сиёсатни ёқламайдиган мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, диндорлар ва бошқа шахсларни таъқиб қилишда давом этмоқда.

Режимдан норози бўлган фаоллар томонидан уюштирилаётган кам сонли тинч йиғилишлар ҳали-ҳамон милиция томонидан тўзғитиб юборилаяпти.

“2005 йилда ҳукумат қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилмиш Андижон воқеаларда иштирок этганлиги учун судланган ва қамалган кўплаб одамларнинг тақдири ҳануз номаълумлигича қолмоқда”, деб ёзади ҳуқуқ фаоллари.

Ўзбекистон расмийлари Андижон воқеалари бўйича мустақил ва холис текширув ўтказиш сўровини рад этгандилар.

“Диний озчиликлар ҳамон босим остида. Ўз фаолиятини давлатнинг қатъий назорати хорижида амалга оширишга уринган мусулмонларга қарши кампания ҳам давом этмоқда”, деб ёзган ҳисобот муаллифлари 2010 ва 2011 йилларда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи томонидан “диний экстремизм”да айбланган кишиларга нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқ қўллаш, адолатсиз судлов каби ўнлаб ҳодисалар қайд этилганини қўшимча қилади.

- Араб дунёсида кузатилган яқиндаги ғалаёнлар тўлқини Остона, Ашхобод ва Тошкентдаги авторитар ҳукмдорларга уларнинг позицияси мўрт эканини кўрсатди, - дейди “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик” ташкилоти директори Брижитт Дюфор. – Ҳозирда улар (яъни Марказий Осиё мамлакатларининг амалдаги лидерлари – таҳр.) ўзгача фикрни бостириш, ҳокимият тизгинини қўлида сақлаб қолиш ва ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарликка тортилмаслик мақсадида репрессив чораларни қўллашга ҳар доимгидан ҳам кўра тайёрроқ, деган тасаввур уйғонмоқда.
XS
SM
MD
LG