Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:32

Ўзбекистон мусулмонлари идораси камераларни ёқламоқда


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Намангандаги масжидларга камералар ўрнатилишига расмий изоҳ берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 5 март куни ўзининг расмий сайти Muslim.uz да “Яхшиликдан ёмонлик изланмайди” мақоласида Озодлик сайтида эълон қилинган “Намангандаги масжидларга видеокамералар ўрнатилди” сарлавҳали мақолага расмий муносабат билдирди.

Ҳукуматга қарашли ушбу идора “Наманган вилоятида масжидларга камералар ўрнатилиши аввало диндорларнинг хавфсизлигини таъминлашни кучайтириш ҳамда масжид мулкнини қўриқлаш мақсадида қилингани”ни таъкидлайди.

29 феврал куни Озодлик орқали ёритилган ушбу мақолада Наманган шаҳридаги 30га яқин масжиднинг барчасида ëппасига видеокамералар ўрнатилгани ҳақида ёзилган эди.

2 март куни Фарғона.ру ва СА-NEWS сайтлари бу хабарни кўчириб босишди.

Muslim.uz сайтида ёзилишича, “Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Озодлик”, “СА-NEWS” ва “Фарғона” сайтидаги мақолаларни навбатдаги провокация ва мамлакатдаги диний ҳаётни қоралаш уриниши сифатида баҳолайди”.

Масжидларга камералар ўрнатиш ташаббуси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан илгари сурилгани айтилиб, ҳозирда вилоятдаги 181 та масжидда кузатув камералари ўрнатилгани таъкидланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, Наманган шаҳридаги “Мулла Исмоил” масжидида келиб чиққан ёнғин ва вилоятдаги айрим масжидларда жума намозларидан сўнг ўғирлик ҳолатлари содир этилгани боис масжидларга камера ўрнатиш қарорига келинган.

Масжидларда кузатув камералари ўрнатилиши диндорларнинг ҳуқуқларини мутлақо камситмаслигини таъкидлайди Ўзбекистон мусулмонлари идораси.

Muslim.uz сайтидаги мақолада дунёнинг кўплаб мамлакатларида масжидларга кузатув камералари ўрнатилиш ҳолатлари мавжудлиги айтилиб, “ Саудия Арабистонидаги «Ал-Ҳарам» масжидларида 3000 дан зиёд видео камералар ўрнатилган”и мисол тарзида келтирилади.

29 феврал куни Озодлик мухбири Намангандаги масжидларнинг бир нечтасига сим қоқиб, масжид ходимлари билан суҳбатлашганида улар камералар жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ўрнатилаётганини қайд қилган эдилар.

Айни пайтда Озодлик ўз материалида, фикрлар хилма-хиллигини акс эттириш принципидан келиб чиқиб, камералар ўрнатилиши юзасидан Намангандаги масжидлар ходимлариникидан ўзгача бўлган фикрларга ҳам жой берган эди.

Озодлик мавзу юзасидан ўша пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилган, бироқ Наманган шаҳридаги масжидларга видеокамералар ўрнатилгани сабаблари юзасидан тушунтириш берадиган расмий топилмаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, бугунги кунда мамлакатда 2038 та масжид фаолият кўрсатмоқда ва ҳозирда Намангандан бошқа вилоятлардаги масжидларда камералар ўрнатилмаган.
XS
SM
MD
LG