Линклар

logo-print

Авфни пулга сотиб олгани тахмин қилинаётган тожикистонлик маҳбуслар қамоқхонага қайтарилмоқда.

Тожикистон президенти хузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш идорасининг фуқаролар шикоятлари асосида шу йил март ойи бошидан олиб бораётган махсус текшируви натижасида айрим маҳбуслар қалбаки маълумотномалар асосида амнистия қилингани аниқланган.

- Махсус комиссия тузиб, уларнинг (“Авф тўғрисидаги қонун” бўйича комиссиянинг демоқчи,таҳр.,) қарорларини бекор қилдик ва сўнгги икки кун давомида 10 кишини қамоққа қайтардик. “Бемор”, деб соппа-соғ одамга жавоб беришган. Лекин бундан ортиқ тафсилот бера олмайман, чунки ҳозирда биз томондан тузилган махсус комиссия иш олиб бораяпти. Натижалари кейинроқ эълон қилинади, - деди Коррупцияга қарши кураш агентлиги раиси Фаттоҳ Саидов Озодликка берган интервюсида.

Норасмий манбаларнинг таъкидича, тахминан 200 дан ортиқ маҳбус пора эвазига амнистияга қилинган.

Аммо коррупцияга қарши курашиш идораси расмийси Саидов жаноблари маҳбусларнинг пора эвазига озодликка чиқарилганига оид маълумотларни тасдиқлай олмаслигини, чунки бунинг учун далиллари йўқлигини айтди. Расмийнинг таъкидича, собиқ маҳбусларнинг қайта қамоққа ташланишига уларнинг саломатлиги юзасидан берилган справкаларнинг қалбакилиги асос қилиб олинган.

Ўтган йили август ойида Тожикистонда қабул қилинган “Авф тўғрисидаги қонун” га биноан бу мамлакатда 15 минг киши амнистияга тушган эди.

Республика мустақиллигининг йигирма йиллиги юбилейи муносабати билан эълон қилинган “олтин авф” га мувофиқ тахминан беш минг маҳбус озодликка чиқарилган. Қонунда руҳий хасталикка чалинган, сил ва шу каби бошқа юқумли касалликларни юқтирган ва умуман саломатлиги жазо муҳлатини ўташ учун яроқсиз деб топилган маҳбуслар биринчи галда озодликка чиқарилиши белгиланганди.


Республика қамоқхоналарининг бирида жазо муҳлатини ўтаётган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмаган маҳбуснинг айтишича, 6-7 март кунлари 18 нафар собиқ маҳбус у жазо муҳлатини ўтаб турган қамоқхонага қайтарилган.

- Қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси таркибидаги касалхона масъуллари уларга буйраги ёки юраги касаллангани ё бўлмаса силга чалингани ҳақида қалбаки справка бериб, озодликка чиқарган эди. Лекин мана қайтиб келишди. Аввалги йиллар ҳам қамоқхона тили билан айтганда “бизнес авф” билан озодликка чиқарилган маҳбуслар кўпчилик бўлган. Лекин бу йил қандайдир тасодиф билан пора эвазига озод бўлганлар қайтадан қамоқхонага қайтарилди, - деди Душанбе шаҳар қамоқхоналарининг бирида жазо муҳлатин ўтаб турган маҳбус.

Мавзуга юзасидан Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шариповга ҳам қўнғироқ қилдик ва маҳбусларнинг қалбаки справкалар ёки пора эвазига амнистия қилинганига оид маълумотларга муносабатини сўрадик.

Саволимизни эшитган замон генерал Шариповнинг табиати анча хира бўлгани сезилди.

- Ҳозир (бу маълумотлар, таҳр.,) текширилаяпти. Текширув ниҳоясига етса сизларга маълумот берилади, - дея қисқагина жавоб берди республика Адлия вазирлиги расмийси Шарипов.

Ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева ўз иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тожик жамиятида маҳбусларнинг пора эвазига озодликка чиқиши ҳолатлари мавжудлигини таъкидлади.

-Ҳатто бир жиноятчи жуда озиб кетгани, яъни дистрофик экани ҳақидаги маълумотнома билан жиноий жавобгарликдан озод қилинганди. Кейинчалик ўша маълумот билан қизиқиб кўрилганда озодликка чиқарилган кишининг 80 кило вазни борлиги аниқланганди, - дейди ҳуқуқшунос Розиева хоним.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчиларнинг айтишича, ҳар йили Тожкистонда эълон қилинадиган “Авф тўғрисидаги қонун” талаблари бузилиши ортидан амнистияга ҳақли, деб кўрилган маҳбуслар қолиб, уларнинг ўрнига қонун ижроси учун масъул бўлган комиссия аъзоларига яхшигина пул узатган ўнлаб маҳбус озодликка чиқарилгани қайдга олинган.
XS
SM
MD
LG